Барака деганда кўпчилик ҳажмни тушунади. Барака ҳажмда, саноқнинг кўплигида эмас. Бойликнинг, фарзанднинг ё бошқа неъматларнинг адади кўп экани уларнинг баракали эканини билдирмайди.
Барака яхшиликнинг тўхтовсиз ёғиб туришидир. Яхшилик эса биз кутмаган жойдан ўзини зоҳир қилиши мумкин.
Барака ҳаётимизнинг турли жабҳаларида намоён бўлади. Хусусан, вақтнинг баракаси – жуда кўп хайрли ишларга эришмоқдир. Бу хайрли ишлар кўзга кам кўринса-да, сира тўхтамайди.
Бойликнинг баракаси – қўлимизда Аллоҳ берган озгина сарват билан зинҳор йўқчилик сезмаймиз. Қалбда қаноат ва хотиржамлик, эртанги кундан хавотир бўлмайди, Аллоҳ ризқимизни, албатта, беришига ишонамиз ва бу айни баракадир.
Фарзанднинг баракаси – Аллоҳ биргина фарзанд билан ҳам инсонни иззатга кўтариши мумкин. Фарзанднинг салоҳияти, ибодати ва дини билан ундан келадиган яхшиликлар узилмайди.
Касбнинг баракаси – ўзимиз тутган касбни бажариб, вақтимизнинг мазмунли ўтиши, ундан инсонларга манфаатлар етказишда кўринади.
Сўзнинг баракаси – қисқа жумла ва оз калима билан катта маъно изҳор қилиш ва шу сўз сабабли инсонлар қалбига йўл топиб, уларнинг ҳидоятига сабабчи бўлиш сўзнинг баракасидир.
Бараканинг манбаси нима?
Уламоларимиз бу ҳақда дақиқ изланишлар олиб боришган. Барака – ҳалолликдадир. Ҳалоллик – тўғрилик, дил ва тилнинг, амал ва сўзнинг мувофиқ бўлиши, ёлғон ва фирибдан холи бўлмоқ ҳалолликдир.
Бараканинг офати – ҳаромдир. Аллоҳ таъқиқлаган ишлар билан машғул бўлиш баракани учиради. Юз йил умр, катта маблағ, ўнлаб фарзандлар, соатлаб сўзланган нутқлардан гўзал натижа кўринмаса, билмоқ керакки, Аллоҳ амрига исён этган жойимиз бор. Биз югурамиз, еламиз, лекин барака ва ҳаловатни топмаймиз. Чунки ишимизда ҳаромдан бир улуш бор.
Аллоҳ бизга ҳалолликни, баракани насиб этсин! Ўзи рози бўлмаган ишлардан узоқ айласин! Амийн!
Абдул Ҳамид Маликов,
“Пискент” жоме масжиди имоми