AzonTV да намойиш этилган «Таҳлил» кўрсатувининг навбатдаги сони “Илм фан ривожига ҳисса қўшганлар атеист бўлганми?“ деган мавзуга бағишланди. Унда биология фанлари доктори Бахтиёр Aбдулғофур ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Дарҳақиқат, 70 йил худосизлик асосий мафкура бўлган давлатда яшаган жамият онггида илм-фан ва динни айро ҳолда кўрилади. Бу нафақат диёримизда, балки либерал тузумдаги Ғарб зиёлилари орасида ҳам шубҳа қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдек қабул қилинади.
Кўрсатувда бошловчи “Замонавий дунёда, айниқса собиқ Совет иттифоқи ҳудудида илм-фан ва дин бир-биридан айро кўрилган ва кўрсатилган бунинг оқибатларини бугунги кунгача ҳам кўриб келяпмиз. Мозийда ҳам шундай бўлганми, яъни илм ва дин бошқа бошқа маконлардаги тушунчаларми” деган саволга жавоб олишга интилди.
Бахтиёр Абдулғофурнинг айтишича, жамиятда дин ва фанни бир-бирига қарши қўйиш тенденцияси жуда кучайиб боряпти ва айниқса ижтимоий тармоқларда шуни тарғиб қилиш ва сохта малумотларни одам онгига сингдиришга ҳаракат қилишяпти. Умуман олганда, инсоннинг эътиқодини дунёвийлаштиришга уринишга жамиятимиздаги аксарият зиёли инсонлар ҳам қарши чиқишади.
Тарихимиздан маълум, кўплаб буюк алломаларда эътиқод масаласи ва уларнинг муайян соҳадаги фаолиятлари бир-бирига зид бўлмаган. Аксарият улуғ аждодларимиз бир вақтнинг ўзида ҳам энциклопедик олим, ҳам аниқ ёки ижтимоий гуманитар соҳасида ҳам, дин соҳасида ҳам катта илм соҳиби бўлишган. Тариқат ва шариатга доир асарлар битишган, бу борада изланишлар олиб боришган. Кўплаб буюк олимлар 5-6 ёшидаёқ Қуръонни ёд олган, ўз назмий ёки насрий асарларида Қуръон ва ҳадисга таянишгани, иқтибослар келтиришган.
Лекин негадир технологик тараққиёт жадаллашиб, маълум босқичга етганида инсоннинг эътиқод масаласи турли сохта назариялар тарозисида ўлчанадиган бўлди. Уларга мана шу назариялар орқали баҳо бериладиган бўлди. Эҳтимол бу айрим ижтимоий-сиёсий гуруҳларнинг манфаатига хизмат қилгандир, ёки эҳтимолий шахсий адоват таъсир қилгандир. Лекин нима бўлганда ҳам илм-фан ва динни бир бирига зид қўйиш, дин устун жойда илм-фан ривожланмайди, деган фикрни кенг омма тафаккурига сингдириш бўйича тизимли кураш олиб борилган.
Шу ўринда бир нарсани айтиш керакки, ислом фатҳ этган диёрларда яшаб ижод қилган олимларни Ғарбда араб олимлари дейишади. Чунки уларнинг аксарияти ўз асарларини араб тилида ёзишган. Таъкидлаш жоиз, уларда эътиқод ва илм масаласи бир-бирига айро тушадиган қутблар ҳисобланмаган. Улар бу тушунчаларга яхлит ва бир-бирисиз мавжуд бўла олмайдиган парадигмалар сифатида қарашган.
Масалан, кимё фанининг отаси ҳисобланадиган Aбу Мусо Жобир ибн Ҳайён минералогия, кимё ва бошқа аниқ фанларга бағишланган асарларидан ташқари, ислом аҳкомлари бўйича битилган асарлари, ўз мулоҳазалари ва бошқа диний асарларга шарҳлари билан ҳам машҳур. Буни барча холис тадқиқотчилар алоҳида эътироф этишади. Демак, илм-фан ва динни бир бирига қарши қўйиш яқин тарихда юзага чиққан тенденция, дея жавоб берди Бахтиёр Абдулғофур.