Қулнинг қўл-ёғига кишан урилган бўлса, уни ечиб ташласа бўлади, аммо онгги кишанланган бўлса, уларни ечишнинг иложи йўқ. Чунки қулнинг ўзи бунга йўл қўймайди. Худди манқурт бошидаги тақир терисини ечгани қўймаганидек. Зеро, қулнинг қул экани фожеа эмас, кишанларига меҳр қўйиб қолиши фожеадир!
Ҳамон юритмизда баралала ишлаётган ва тақиқланмаган Россия оммавий ахборот воситаларининг кучли ва тўхтовсиз пропагандаси ҳамда ахборот хуружлари натижасида оқни қора, қорани оқ эканига ишониб қолганлар кам эмас. Шундай бир шароитда AzonTV ўз онлайн дастурлари орқали қайсидир хорижий кучлар томонидан ўз манфаати йўлида бузиб тақдим этилаётган асил ҳақиқатни кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Табиийки бу маълум бир қатламга ёқмаяпти. AzonTV ни нохолисликда айблаш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бир мисол: “Нега фақат Украинани оқлайсизлар, холис бўлинглар, Россияга ҳам ён босинглар-да” дейдиганлар ҳам кўп. Ахир Россия бошқа бир мустақил давлат – Украинанинг ерларини босиб олган бўлса, нега Украинани ёмонлаб, Россиянинг тарафини олишимиз керак? Оқни қора, қора оқ дейиш холислик бўладими?
AzonTVда эфирга берилган «Фикрат» таҳлилий дастурида кўрсатув бошловчиси Ғайратхўжа Сайдалиев шу каби эътирозларга ҳам тўхталиб ўтди:
“Айниқса бир мухлисимиз бизга кўп эътироз билдирибди. Ғарбга ён босишда айблабди. Охирги саволида Америка ва НАТО қанча давлатларни расво қилди, шуни нега айтмайсизлар, дебди. Жавоб берамиз: жудаям кўп! Жудаям кўп давлатларни расво қилишган. Бу ҳақда дастурларимизда гапириб ўтилган. Экспертларимиз Ироқ, Сурия, Ливияда бўлиб ўтган ҳодисалар объектив баҳо беришган. У ерда бўлган ишлар, ҳалигача давом этаётган фожеаларга тўхталиб ўтганмиз. Биз ҳам “НАТО нега керак”, деб айтамиз, доим. Совуқ уруш тугаган бўлса, собиқ Иттифоқ тарқалган бўлса, НАТОни нега ушлаб туришибди? Бу жуда залворли савол. Бу ҳақда ўйлаш керак, таҳлил қилиш керак. АҚШнинг 2001 йилда Афғонистонга кириши, 2003 йилда Ироққа кириши, 2011 йилларда Ливия ва Сурияга киришини қоралаганмиз.
Бир аср аввал Ғарб давлатлари бошқа халқларнинг ерларини босиб олиб, уларнинг бойликларини ташиб кетган. Ҳиндистонни босиб олишган. У ерда ҳукмронлик қилган аждодларимиз бўлмиш Бобурийларни тахтдан ағдаришган. Ҳиндистон ва Африканинг бойликларини ташиб чиқиб кетишган. Африканинг қанчалаб аҳолисини қул қилиб сотишган. Қулларни кемада олиб кетаётганда аксарияти йўлда ўлиб ҳам кетган. Қул сотиладиган бозор-ороллар бўлган. Яна қанча таъкидлашимиз мумкин?
Ҳурматли мухлисларимизга айтмоқчиманки, қайси даврда қайси масала долзарб бўлса, ўша масалага эътибор қаратилади. Айни бугунги кунда эса ким кимга ҳужум қиляпти, ким ўз юртини ҳимоя қиляпти, биз шу ҳақда кўрсатувлар тайёрлаяпмиз. Ишонинг, Ғарб агрессияси унутилгани йўқ. Ҳали-бери унутилмайди ҳам!
Шу боис бизни кузатаётган томошабинларимизга айтардимки, хотиржам бўлинг! Биз воқеликни имкон қадар холис ёритишга ҳаракат қиламиз. Ким ҳозир агрессор бўлса, биз учун ҳам ўша давлат агрессор! Ҳурматли мухлисларимиз буни эътиборга олишларини умид қиламиз”, дейди “Фикрат” таҳлилий кўрсатувининг бошловчиси Ғайратхўжа Сайдалиев.