БМТнинг Хитой делегацияси биринчи марта Бош Ассамблеянинг Россия Украинага қарши урушда тажовузкор деб номланган резолюцияси учун овоз берди. Хитой олдинлари бундай резолюцияларга овоз беришдан бетараф қолар эди.
Овоз бериш маълумотлари Исландиянинг БМТдаги миссияси томонидан эълон қилинди.
Резолюция учун 122 мамлакат делегацияси, жумладан Қозоғистон, Арманистон, Грузия ва Россия расмийлари «дўстона» деб атайдиган бошқа давлатлар – Ҳиндистон, Бразилия ва Туркия овоз берди. Овоз беришда 18 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Эрон ва Жанубий Африка Республикаси бетараф қолган. Россия, Беларус, Конго Демократик Республикаси, Никарагуа ва Сурия қарши овоз берди.
Хитой делегацияси ҳам маъқуллаган БМТ ва Европа Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги резолюцияда Европа «Россия Федерациясининг Украинага ва ундан олдин Грузияга қарши тажовузидан кейин» дуч келган «мисли кўрилмаган муаммолар» ҳақида сўз боради.
Резолюция муаллифлари Россия ҳарбий агрессияси қурбонларига етказилган зарарни қоплаш, халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузишда айбдор бўлган барча шахсларни жавобгарликка тортишни талаб қилган.
Украинадаги уруш резолюциянинг асосий мавзуси эмас эди, шунинг учун Хитой ва бошқа мамлакатларнинг уни қўллаб-қувватлаган овози Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига нисбатан позицияси ўзгарганидан далолат берадими ёки йўқми, аниқ эмас. Аввалроқ Хитой барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда тинчликка эришиш зарурлигини эълон қилиб, Москванинг ҳаракатларини танқид қилишдан тийилиб келган. Хитой вакиллари овоз бериш ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Ҳужжат муҳокамаси чоғида Россия вакили Ғарб давлатларини резолюцияни «сиёсийлаштиришда» айблаб, ҳужжатдан Россияни қораловчи бандни олиб ташлашга чақирган.