Озарбайжон спортчиларининг 14 йил ичида биринчи марта Арманистон ҳудудида чиқиш қилишга уриниши сиёсий можарога айланди. Бунга Ереванда бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича Европа чемпионатининг очилиш маросимидаги воқеа сабаб бўлди. Иштирокчилар чиқиши вақтида кутилмаганда саҳнага отилиб чиққан номаълум шахс Озарбайжон давлат байроғини байроқ кўтарувчидан тортиб олиб ёқиб юборган. Кейин у ёнаётган байроқ билан югуриб кетган. Озарбайжон делегацияси бу воқеани ҳақорат ва мусобақа ташкилотчилари томонидан берилган хавфсизлик кафолатларига риоя қилмаслик сифатида қабул қилди ва зудлик билан Ереванни тарк этди. Энди ҳар икки томон бир-бирини спортни сиёсийлаштиришда айбламоқда.
15-23 апрель кунлари Ереванда оғир атлетика бўйича Европа чемпионати бўлиб ўтади. Унда озарбайжонлик тўрт нафар оғир атлетикачи - Назил Исмоилов, Исо Рустамов, Умар Жавадов ва Али Шукурлу чиқиш қилиши режалаштирган эди. Ҳаммаси бўлиб делегация таркибига 12 киши кирган ва уларнинг сафари катта ютуқ деб баҳоланган эди. Чунки 35 йилдан ортиқ давом этаётган можаролар давомида арман ва озарбайжон спортчилари мунтазам равишда қўшни давлатларда бўладиган мусобақаларда қатнашишдан бош тортиб келишган. Масалан, бадиий гимнастика бўйича Арманистон терма жамоаси май ойида Бокуда бўлиб ўтадиган Европа чемпионатига бормаган. Озарбайжон спортчилари охирги марта 2009 йили Арманистонда дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида қатнашган.
Бу сафар ҳаммаси мусобақа бошланишидаёқ тугади. Арманистон жамоат телевидениеси ходими дизайнер Арам Николян ўз ташаббуси билан тинч спорт ташаббусларини йўққа чиқариб, ўзга давлат байроғини таҳқирлади. Безори ўз хатти-ҳаракатларини қуйидагича изоҳлаган: «Арманистон пойтахтида Озарбайжон байроғи ҳилпирамаслиги керак. Агар мен бундай қилмаслигим керак эди, деб ҳисоблайдиганлар бўлса, уйига Озарбайжон байроғини осиб қўйсин». Николян полиция томонидан ҳибсга олинган, аммо унга ҳеч қандай айблов қўймасдан, уйига кетишга рухсат берилган.
Арман сиёсатчилари бўлиб ўтган воқеани турлича баҳоламоқда. Бош вазир Никол Пашинян идораси Жамоатчилик телевидениесидан Николянни ишдан бўшатишни талаб қилган. Арманистон парламенти депутати Овик Агазарян «ўз халқидаги ёввойи ва одамхўр қабилаларга хос бўлган қилиқларни йўқ қила олмагани» учун «барча халқаро маданий ҳамжамият»дан узр сўраган. Айни пайтда миллатчилик руҳидаги ташкилотлар Арамни қизғин қўллаб-қувватлаб, мусобақа ташкилотчиларини ниҳоятда ноқулай аҳволга солиб қўйишди.
Ереванда бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича Европа чемпионатида Озарбайжонга қарши яна бир провокация содир этилди.
Бу сафар вандаллар Озарбайжон ва Туркия байроқларини йиртиб ташлашган. Бу ҳақда Арманистон оммавий ахборот воситалари ва телеграм каналлари «ғурур» билан ёзмоқда.
Яна санкцияларми?
Арманистон расмийлари энди «Ереван барча хавфсизлик стандартлари бажарилишини таъминлаган. Спортчилар учун ҳеч қандай муаммо йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас» деб таъкидламоқда. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, ҳодиса жуда тез бартараф этилган ва «Озарбайжон спортчиларининг мусобақада иштирок этиши учун барча зарур шароитлар тўлиқ таъминланган». «Арманистон Халқаро оғир атлетика федерацияси олдидаги мажбуриятларини бажаришга содиқ қолади ва чемпионатни юқори савияда ўтказишга тайёрлигини тасдиқлайди», — дейилади ҳукумат баёнотида.
Айни пайтда Озарбайжон воқеага бутунлай бошқача нуқтаи назар билан қарамоқда. «Гап нафақат ҳар бир халқ учун энг муқаддас бўлган давлат байроғи ҳақида, балки умуман спортнинг асосий қадриятларига ҳурматсизлик ҳақида ҳам кетмоқда», - дейди улар. - Озарбайжон Арманистондаги чемпионатда иштирок этишга қарор қилди, чунки у ҳақиқий спорт руҳи мамлакатларимиз ўртасидаги кескин муносабатларнинг гаровига айланмаслиги керак, деб ҳисоблаган эди. Озарбайжон тинчлик ўрнатишга уринаётган бир пайтда Арманистондаги маълум доиралар унга имконият бермасликка бел боғлаган. Биз спортни ўз нафратини тарқатиш воситаси сифатида ишлатмоқчи бўлганларга қарши бирдамликка чақирамиз”.
Арманистон Озарбайжон делегациясининг фавқулодда жўнаб кетиши ҳақидаги қарор «спорт этикаси нуқтаи назаридан хавотир уйғотади» деб ҳисобламоқда. Шу билан бирга, озарбайжонликлар «бўлиб ўтган воқеа Арманистон халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш ва спортчилар хавфсизлигини таъминлашга қодир эмаслигини кўрсатмоқда», деб айтган. Николяннинг очилиш маросимида аккредитациядан ўтган шахс бўлгани ва воқеа «Арманистон бош вазири иштирокида» содир бўлгани алоҳида таъкидланган. Шу муносабат билан Озарбайжон спорт бошқармаси халқаро спорт ташкилотларини Арманистонга қарши санкциялар жорий этишга чақиради. Умуман олганда, сиёсат яна спорт байрамига соя солди.