Принстон университети талабаларга университетнинг таълим грантини эълон қилган. Университетга қабул қилинган талаба оиласининг бир йиллик даромади 100,000 АҚШ долларидан кам бўлса 100% грант беради.
Талаба қуйидаги харажатлардан озод этилади (2022-23 ўқув йили учун университет вебсайтида кўрсатилган бир йиллик тўловлар):
- Ўқиш контракт тўлови: $57,410
- Ётоқхона: $10,960
- Ошхонада овқатланиш: $7,670
- Бошқа турли харажатлар: $3,500
______________________________
Жами: $79,540
Юқоридаги грант ким томонидан тақдим қилинади, қайси маблағ ҳисобига қопланади деб ўйлайсиз? Бу грантни давлат, яъни бюджет тақдим қилмайди. Грантлар Принстон университетининг вақф фонди томонидан тақдим қилинади!
Принстон университетининг вақф фонди 37,800,000,000 АҚШ долларини ташкил қилади. Солиштириш учун Ўзбекистоннинг бир йиллик ялпи ички маҳсулоти 69 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади, яъни мамлакатдаги барча корхоналар, одамлар, заводлар, конлар бир йил меҳнат қилиб ишлаб чиқарган, сотган, экспорт қилган маҳсулотларининг қиймати АҚШдаги биргина Принстон университети вақф фондидан тахминан атиги икки баробар катта. Тасаввур қилдингизми университет ва унинг вақф фондининг қудратини?
Қуйида АҚШдаги бошқа университетларнинг вақф фондларининг ҳажми:
- Harvard University (MA) $53,200,000,000
- Yale University (CT) $42,300,000,000
- Stanford University (CA) $37,800,000,000
- Princeton University (NJ) $37,000,000,000
- Massachusetts Institute of Technology $27,400,000,000
- University of Pennsylvania $20,500,000,000
Вақф фондлари бу университетларга дунёнинг энг салоҳиятли, энг ақлли талабаларини ўзига жалб қилиши учун керак. Шунингдек, энг машҳур, жаҳон даражасидаги устозлар, профессорларни ҳам ўзига жалб қилиш, ушлаб туриш учун керак.
Вақф фондлари асосан шу университетни ўз вақтида битирган, ҳозирда бой кишилар тарафидан молиявий жиҳатдан хайриялар ҳисобига таъминланади. Масалан, Принстон университети битирувчилари орасида Google раҳбарлари Жеф Безос, Эрик Шмидт; АҚШ президентлари Жэймс Медисон ва Вудро Уилсон; Мишел Обама ва бошқа машҳур ва жуда бой инсонлар бор.
Энг қизиғини айтайми? Инглиз тилида endowment деб аталадиган фондлар тизимини ғарб цивилизацияси шарқдаги вақф тизимидан ўзлаштирган. Бунга Буюк Британиядаги XV-XV асрдаги инглиз тилидаги илк вақф ҳужжатларини ўша даврдан олдинги араб тилида ёзилган вақф ҳужжатлари билан солиштириб амин бўлиш мумкин. Ислом вақф ҳужжатлари басмала, ҳамд ва наът билан бошланиши, ғарбдаги вақфлар Исо алайҳиссаломга айтилган сўзлар билан бошланишини ҳисобга олмаса, ҳужжат шакли, ибораларнинг ишлатиши, ҳақларнинг белгиланиши айни бир хилда бўлган.
XIX-XX асрда мусулмон диёрлари мустамлакага айланиши билан вақфлар йўқ қилинди, уларнинг иқтисодий, ижтимоий аҳамияти синдирилди.
Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб мустамлакачиликдан қутулган диёрларда ўзликни англаш, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни ўз қадриятларига асосан қайта англаш, янгидан қуришга ҳаракатлар бошланиб ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда.
Бундай ҳаракатларнинг иқтисодий йўналишда энг салмоқли ва муҳим ўзакларидан бири — вақф тизимини қайта тиклаш.
Юқорида Принстон университети мисолида таълим тизимида вақфнинг нега зарурлигига бир тегинган бўлдик, холос. Ўзингизга савол беринг, масалан, битирган мактаб ёки университетингизни қўллаб-қувватламоқчи бўлсангиз, хайрия қилмоқчи бўлсангиз, бунга имкон борми? Орамизда мактаби ёки университетига ўзининг бирор ёрдамини қонуний, қийинчиликсиз, бюрократиясиз қила олганлар топиладими? Ўша маблағ самарали, ўз жойига сарфланганига ишончингиз комилми?
Назаримда, вақф мавзусини кўтаришга, тарғибот қилишга, қонунчиликка таклифлар билдиришга шароит етилганга ўхшаяпти.
Музаффар Ҳусниддинов