Америка Қўшма Штатлари суди 2001 йил 11 сентябрь портлашларида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари Афғонистон марказий банкидан маблағ олишга ҳақли эмас, деган қарорга келди.
Сешанба кунги қарорда АҚШ округ судьяси Жорж Дэниелс Афғонистон банкидан (DAB) мусодара қилинган пулларни 11 сентябрь қурбонларининг оилаларига бериш “Толибон” Афғонистоннинг қонуний ҳукумати эканлигини тан олиш билан баробарлигини айтди ва у бу қарорни «конституциявий равишда рад этди».
«Кредиторлар суднинг қарори билан мамлакатимиз тарихидаги энг даҳшатли террорчилик ҳужуми учун товон олиш ҳуқуқига эга, аммо улар буни Афғонистон марказий банки маблағлари ҳисобига амалга ошира олмайди», деб ёзади Дэниелс.
«11 сентябрь ҳужумлари учун собиқ Афғонистон Ислом Республикаси ёки афғон халқи эмас, “Толибон” товон тўлаши керак», - дея қўшимча қилган у.
2022 йил февралида АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти баҳсли буйруқ чиқарди. Унга асосан, музлатилган Афғонистон марказий банкининг 7 миллиард долларлик активлари афғон халқи ва “Толибон”ни судга берган 11 сентябрь қурбонлари оилалари ўртасида тақсимланиши кўзда тутилган.
“Толибон” ҳужумларда бевосита иштирок этмаган бўлсада, оилаларнинг адвокатлари бу ҳужумни уюштирган Ал-Қоидага гуруҳнинг Афғонистонда фаолият юритишига имкон берганини даъво қилишган.
АҚШда яшовчи асли афғонистонлик фаол Билол Асқарёр ҳукм чиқарилаётган пайтда Al-Jazeera телеканалига афғон халқининг «11 сентябр воқеаларига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» айтган ва ҳукмни «қашшоқ халқнинг давлат маблағларини ўғирлаш» деб атаган.
Сешанба кунги қарор 2022 йил август ойида қабул қилинган қарорни яна бир бор тасдиқлайди, ўшанда АҚШ судьяси судьяси Сара Нетберн ҳам 11 сентябрь қурбонларига “Толибон”га қарши ҳукмларни қондириш учун Афғонистон марказий банкидан нақд пул ололмаслигини билдирган эди.
Бу “Толибон”ни Афғонистоннинг қонуний ҳокимияти сифатида тан олишни англатади, буни фақат АҚШ президенти қила олади, дейди Нетберн.
“Толибон” АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган ҳукуматни ағдариб, 2021 йил августида ҳокимиятни қўлга олганидан бери Байден маъмурияти гуруҳни мамлакатнинг расмий ҳокимияти тан олмаган.
Қарорга жавобан, "Хавлиш даъвогарлари" деб номланувчи кредиторлар гуруҳининг адвокати Ли Волоски бу фикрни «хато» деб атади ва гуруҳ апелляцияга беришини айтди.
«Ушбу қарор 11 сентябрь жамиятининг 10 мингдан ортиқ аъзосини “Толибон”дан товон олиш ҳуқуқидан маҳрум қилади», деган у.
Сешанба куни Al-Jazeera телекомпаниясига юборган баёнотида, АҚШда жойлашган «Афғонлар яхши келажак учун» ташкилоти ҳаммуассиси Араш Азиззода бу қарорни олқишлади.
«Сайёрамиздаги энг даҳшатли гуманитар инқирозлардан бирида азоб чекаётган одамларнинг пулини тортиб олиш орқали адолат ўрнатилмайди», деган у.