Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий тажовузининг 229-кунида рус қўшинлари босиб олинган аҳоли пунктларини назорат остида сақлашга ҳаракат қилишда давом этмоқда. Украинанинг қуролли кучлари ва ҳудудий мудофаа бўлинмалари агрессияга қаршилик кўрсатмоқда. Ҳар икки томон вакилларининг баёнотларини мустақил манбалардан текширишнинг иложи йўқ. БМТ маълумотларига кўра, 14 миллионга яқин украиналиклар аллақачон уйларини тарк этган.
Миллий полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, Украинага бугунги ракета ҳужумлари натижасида 10 киши ҳалок бўлган, 60 га яқин киши жароҳатланган. Давлат фавқулодда хизмати маълумотларига кўра, Киев ва яна 8 та вилоятнинг электр таъминоти объектларига шикаст етган. Львов, Полтава, Суми, Харков ва Тернопол вилоятлари электр таъминотисиз қолди.
АҚШнинг Киевдаги элчихонаси бугунги йирик ракета ҳужумидан сўнг Америка фуқароларини Украина ҳудудини «хавфсиз бўлганда» тарк этишга чақирди. «Россиянинг Украинага қарши зарбаларини давом эттириши тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига тўғридан-тўғри таҳдид солади», — дейилади АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.