Дунё бўйлаб бир қанча Англикан черковларининг архиепископлари Англия черковининг бир жинсли жуфтларга муносабати туфайли чиқарган қарорига норозилик билдиришди ва энди Кентербери архиепископини дунё Англикан ҳамдўстлигининг раҳбари деб ҳисобламасликларини маълум қилишди.
Февраль ойи бошида Англия черковининг умумий синоди икки кунлик баҳс-мунозаралардан сўнг бир жинсли жуфтликлар томон қадам ташлади: уларга черковга келиш ва дуо олиш имконини берди.
«Англия черковининг умумий синоди фуқаролик никоҳига кирган ёки фуқаролик шерик бўлган бир жинсли жуфтликлар миннатдорчилик, Худога бўлган муносабатларини бағишлаш ва дуо олиш учун черковга келишлари мумкин бўлган таклифларни маъқуллайди», дейилади Синод расмий баёнотида.
Бу ҳали черков томонидан бир жинсли никоҳларнинг тан олиниши эмас, балки фақат бир жинсдаги жуфтликлар учун черковга келишлари ва айнан эр-хотин сифатида дуо олишлари учун рухсат, лекин ҳатто бундай қадам ҳам Бутунжаҳон Англикан черковлари Жанубий ҳамдўстлиги консерватив архиепископларини ғазаблантирди.
Кентербери архиепископи Жастин Уэлбининг маънавий етакчи мақомини йўқотганлиги ҳақидаги баёнотни Жанубий Судан, Судан, Чили, Ҳинд океани минтақаси, Конго, Мянма, Бангладеш, Уганда, Искандария ва Меланезия англикан черковлари раҳбарлари имзолаган.
Жанубий Ҳамдўстлик черковларининг таъкидлашича, уларга эргашганлар дунёдаги англиканларнинг 75 фоизини ташкил қилади.
«Англия черкови тарихий Инжил эътиқодига содиқ қолган вилоятлар билан узилишни танлади [...] биз энди Кентербери архиепископини жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли етакчилари орасида биринчи бўлиб тан олмаймиз», дейилади баёнотда.
Дунёнинг Англикан черковлари Англикан Ҳамдўстлигида бирлашган, аммо уларнинг барчаси мустақил ва тенгдир, Кентербери архиепископи Ҳамдўстликнинг рамзий раҳбари ҳисобланади.
2013 йилдан бери Англия ва Уэлсда бир жинсли никоҳ қонунийлаштирилган, бироқ Англикан черкови уларни тан олмаган. Лекин 2017 йилда черков ушбу мавзу бўйича узоқ ички мунозара бошлади ва фақат бу йил мазкур натижага эришди.
Кентербери архиепископи вакили консерватив англикан черковларининг баёнотини шарҳлар экан, англиканлар ўртасида жинсий ҳаёт ва никоҳга оид қарашларда жиддий тафовутлар узоқ вақтдан бери мавжуд бўлиб келгани, бир черковдаги ислоҳотлар бошқалар томонидан амал қиладиган қоидаларга таъсир қилмаслигини айтган.
Шуни ҳам эслаб ўтиш жоизки, Рим папаси Франциск ҳам бир жинсли жуфтликлар фуқаролик никоҳида бирга яшашлари мумкинлигини айтган эди.
Френсиснинг бу сўзлари, шарҳловчиларнинг фикрига кўра, христианликнинг черков тарихидаги бир жинсли алоқалар мавзусига энг аниқ муносабатидир.