Биз бу ўринда бобда баъзи ғайридинларнинг дунёси, ватани ёки маълум бир халқ учун қилган хизматларини келтирамиз. Шояд дин ва уммат ҳолига бепарво бўлганлар уялиб, ўзларининг энг олий ишларга муносиб эканлигини ҳис қилса.
Япония иқтисодий ўнгланишидан олдин бир гуруҳ талабаларни Олмонияга ўқишга юборди. Араб давлатлари ҳам ўз талабаларини жўнатди. Япон ёшлари миллатининг келажагини буткул ўзгартирадиган натижалар билан; араблар эса қуруқ халта билан қайтди.
Япон талабаларидан бири бундай ҳикоя қилади: «Гамбург университетида ўқитган немис устозимнинг насиҳатларига қулоқ тутиб ўтираверганимда ҳеч нарсага эришолмас эканман. Мени япон ҳукумати илмий механикани ўрганишим учун юборганди. Доим кичик “Двигател–6” ясашни ўрганишни орзу қилиб юрардим.
Ҳар бир нарсанинг асосий таркиби, яъни модели бўлади. Бу ҳақда кўп китоблар ўқидим, аммо двигателнинг ўзини тажрибада – воқеликда кўриш бошқа нарса. Бир куни Италия двигателлари кўргазмаси бўлаётганини эшитдим, бориб, ҳамма пулимни сарфлаб, битта сотиб олдим. Хонамга олиб келиб, қисмларини ечиб, ёйдим ва яна қайтадан тердим, у яна ишлади.
Шундай қилиб, буни амалий ўрганишга қаттиқ киришдим. Гуруҳ раҳбаримиз билан маслаҳатлашган ҳолда металл заводига ишга кирдим. У ердаги устанинг хизматини қилиб, олдида туриб бу ишнинг сирларини ўргана бошладим. Гоҳида бир кунда ўн беш соат ишлардим, аммо Япониянинг келажаги учун хизмат қилаётганим менга шижоат бағишлаб турарди.
Ишни пухта ўрганишга киришдим. Бундан хабар топган Япония ҳокими Микадо ўша вақтнинг пулида беш минг инглиз тилла тангаси бериб юборибди. Бу пулларга турли жиҳоз ва асбоб-ускуналар сотиб олдим ва Японияга келтириб, “Двигател–6” ишлаб чиқарадиган цех қурдик. Нагасакига келганимда ҳоким мен билан кўришмоқчи эканини айтишди. “Двигател–6” ишлаб чиқармагунимча кўришмайман дедим. Орадан тўққиз йил ўтгачгина орзумизга етдик. Бу Японияда ишлаб чиқарилган биринчи двигателлардан эди. Ҳоким унинг ишлагандаги овозини эшитиб: “Бу – мен билган мусиқа ва овозларнинг энг ёқимлиси. Бу – ҳақиқий япон двигателининг овози”, деди. Шундай қилиб биз Европа қувватини Японияга олиб келдик».
(давоми бор)
Асадулло Холмуродовнинг "Мўминнинг қуввати" китобидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитаниниг 4418-сонли хулосаси асосида тайёрланди.
ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.