Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Маълумки, мазкур Қонун Сенатнинг йигирма еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан рад этилиб, Қонун бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Олий Мажлис палаталари томонидан келишув комиссияси тузилган эди.
Келишув комиссиясининг аъзолари билдирган фикр-мулоҳаза, таклиф ва эътирозлар эътиборга олиниб, Қонунчилик палатаси томонидан Қонун тасдиқланган.
Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича бир қанча янгиликлар киритилиши кутилмоқда.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсирини профилактика қилишнинг давлат томонидан кафолатланиши алоҳида аҳамият касб этади.
Шу боисдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш ва ушбу шахслар томонидан реализация қилиниши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига ушбу шахсларни жалб этиш тақиқланмоқда. Ушбу ёш чегараси амалдаги Қонунга нисбатан узайтирилмоқда.
Шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органлар сафи кенгайтирилмоқда ва уларнинг соҳадаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда.
Бундан ташқари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек тамаки ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг реализация қилинишига доир чекловлар ҳам киритилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.