Ҳозирги кунда айрим кишилар Ислом дини ҳукмларини тушунишда мутаассибона қарашларни ёқлаб, диний қарашларни тушуниш ва уларга амал қилишда ихтилоф чиқариб, ўз фикрини диндаги энг тўғри ҳамда асл исломий кўриниш санаб, ўзгаларга нисбатан кескин муносабатда бўлишмоқда. Аслида ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилганини эслашимиз ўринлидир. Шу маънода, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”.
Шунингдек, Ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Динда чуқур кетадиган (мутанаттиъийн)лар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганларлар ҳалок бўлди”, – дейилади (Имом Муслим ривояти).
Мутаассибликнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва ҳоказо хатарлари мавжуд.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом Муоз разияллоҳу анҳу ва унинг шеригини Яманга жўната туриб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”, – деган эканлар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ўринда Муоз разияллоҳу анҳу бир жамоатга имом бўлиб, намозни чўзиб ўқиганларида саҳобалар Пайғамбаримизга шикоят қилган эканлар. У зот: “Эй Муоз, фитначимисан!”, – деб айтган эканлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло “Жосия” сураси 23-оятида шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад), ҳавойи-нафсни ўзига “илоҳ” қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!”.
Демак, динни оғир қилиб кўрсатишдан қайтиб, уни енгил қилиб кўрсатишга ҳаракат қилайлик!
Муҳаммад Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакил ўринбосари, Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби