Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Аҳмад ибн Мажид – Васко да Гамага йўл топиб берган мусулмон денгизчиси

1038

Уммон ва бошқа қирғоқ бўйидаги араб-мусулмон давлатларининг денгиз ва денгиз маданиятининг ютуқлари кўплаб европалик денгизчилар томонидан қабул қилинган, улар Шарқнинг илғор денгизчилигидан навигация асосларини ўзлаштириш билан бирга Суҳайл, Альтаир каби бир қатор муҳим юлдузларнинг номларини ҳам олишган.

Араб денгизчиларидан бири, энциклопедик маълумотли денгизчи Аҳмад ибн Мажид номи жаҳон навигациясининг кўп асрлик тарихига муҳрланган. Араб ва турк қўлёзмаларида у «денгиз шери»дан кам эмас, денгиз илмининг етакчиси деб аталган. Ибн Мажид меросига Европа, Россия ва бутун ислом оламидаги шарқшунос олимлар қизиқиш билдирмоқда.

Ибн Мажиднинг таржимаи ҳолидан

Аҳмад ибн Мажид, тўлиқ исми — Шиҳобуддин Аҳмад ибн Мажид ибн Муҳаммад ас-Саъдий (тахминан 1421—1500) — араб денгизчилиги назариётчиси, денгизчи, географ, астроном, ёзувчи, ва шоир бўлган шахсдир. Ўша пайтда Форс кўрфазидаги мустақил Уммон давлатининг бир қисми бўлган Жулфа (замонавий Раъс ал-Хайма) шаҳрида туғилган. У болалигида отаси билан Қизил денгиз ва Адан кўрфази бўйлаб сузган ва 17 ёшида мустақил равишда сузишни бошлаган. Унинг бобоси ва отаси муаллим - астрономияни яхши биладиган, очиқ денгиз ва қирғоқларда сузиш шартларини яхши биладиган капитан даражасига эга эди. Кейинчалик бу даражага Ибн Мажиднинг ўзи ҳам сазовор бўлган.

Аҳмад ибн Мажид 1462 йилда 1082 байтдан иборат «Денгизлар ҳақидаги билимларнинг асосий тамойиллари бўйича натижалар тўплами» навигация назарияси ва шахсий амалиётига оид биринчи асарини ёзиб тугатди. «Денгиз фани асослари ва қоидалари» 1489-1490 йилларда ёзилган ва араб денгизчиларининг учта сузиб юриш маршрутларини ўтиш ва маршрут ҳақида умумий маълумотларини беради: 1) Қизил денгиз бўйлаб; 2) Ҳинд океани бўйлаб; 3) у ердан Шарқий Африкага борадиган йўлни тасвирлайди. 

Замонавий олимлар унинг китобини араб навигацияси бўйича ёзилган энг буюк асар деб билишади. Ибн Мажид астрономия, навигация ва денгиз географиясига оид, шунингдек, уржуза - жангларга бағишланган 35 дан ортиқ асар ёзган.

Араблар ва денгиз

Айтиш жоизки, учинчи авлод муаллими Аҳмад ибн Мажид Ислом динига қаттиқ амал қиладиган мусулмон эди. У икки Ҳаж сафарини адо этишга ҳам мушарраф бўлган.

Бу мусулмон денгизчининг илмий мероси ўрганиш ва ҳайратда қолишга арзийди. Ибн Мажиднинг ютуқларига контекст омиллари, хусусан, туғилган жойи ҳам таъсир кўрсатган. Уммонликлар Ҳинд океанига милоддан аввалги 4-минг йилликда, финикияликлар, мисрликлар, форслар, ҳиндлар, хитойлар, юнонлар ва римликлардан анча олдин киришган деб ҳисобланади. Шунингдек, 15-асрда Уммонда денгиз савдо марказлари ривожланган, уммонликларнинг ўзлари эса сузишга яроқлилиги ва тезлиги билан ажралиб турадиган доу деб номланган кемалар - елканли қайиқларни қуришда уста сифатида танилган. Доунинг машҳур тури самбукни ҳозиргача Ҳинд океанининг барча қирғоқларида учратиш мумкин.

Уммонликларнинг ихтироси - учбурчак елкан, кемаларга шамолга қарши сузиб юриш имконини берди. Ўрта ер денгизида араб кемаларининг пайдо бўлиши билан европаликлар Уммон елканининг дизайнини ўзлаштиришди ва уни «лотин» деб аташди. Дарҳақиқат, араб учбурчакли дуду географик кашфиётлар даврининг бошланишини, узоқ масофаларга океан ва денгизларни кесиб ўтишга имкон берди.

Бир оз сиёсат Мисрда мамлуклар, форсда темурийлар ва Ҳиндустонда Деҳли султонларининг таъсири заифлашганидан кейин Ҳинд океанида Уммон флотининг ҳукмронлиги пайдо бўлди. 1420 йилда, португал денгизчии Бартоломеу Диасдан 68 йил олдин, Уммон денгизчиларидан бири Яхши Умид бурнини айланиб чиқди ва бир ой давомида Зулмат денгизи (Атлантика) бўйлаб шимолга сузиб кетди. Уммон денгизчилари билан учрашгандан сўнг, Васко да Гама Африка қирғоқлари бўйлаб шимолга бормаслик, балки Ҳинд океанини тўғридан-тўғри кесиб ўтиб, Ҳиндистон қирғоқларига боришга ҳаракат қилиш керак деган фикрга келди. Аммо португалияликлар буни мусулмон арабларнинг ёрдамисиз амалга ошира олмадилар, чунки улар Ҳиндистон қаерда бўлиши мумкинлиги ҳақида жуда ноаниқ тасаввурга эга эдилар.

1497 йилда Португалиянинг учта каравелладан иборат эскадрони ва транспорт кемаси (168 кишидан иборат экипаж) Лиссабондан чиқиб, Африканинг ғарбий қирғоқлари бўйлаб ўтиб, қитъани айланиб чиқди ва Ҳинд океанининг номаълум нуқтасига етиб келди. Васко да Гама ўзи номаълум томонга сузиб кетишга журъат эта олмади ва маҳаллий денгизчини қидира бошлади.

Ҳозирги Кенияда жойлашган Малиндининг ўша пайтдаги ҳукмдори португал эскадронига қўмондонлик қилган Васко да Гама билан учрашди, у жуда дўстона ва ҳатто у билан умумий душманга - Момбасага қарши иттифоқ тузган. Португалияликларга ишончли ва тажрибали денгизчи берилди, у уларни Жанубий-Ғарбий Ҳиндистонга олиб бориши керак эди. Бу Муаллим Аҳмад ибн Мажид бўлиб чиқди.

Кетишдан олдин муаллим муносиб ҳамроҳларини олиб, кеманинг хизматга яроқлилигини текшириб, ортиқча юк бўлишининг олдини олиши керак эди. У ўзи билан компас, юлдузларнинг баландлигини аниқлаш учун асбоб, лот, сигнал чироқларини олиб кетган. Кетиш соати ҳудуднинг навигация режимига ва об-ҳавога қараб белгиланди. Юк ортилган ва йўловчилар бортга чиққанидан сўнг йўлбошловчи кемага охирги бўлиб чиқиб, елканларни кўтаришни буюрган.

Васко да Гама Ибн Мажидга астролябияси (географик кенгликни аниқлаш учун энг қадимги астрономик асбоблардан бири) ва секстантни (Қуёш ва бошқа космик объектларнинг географик жойлашувини аниқлаш учун уфқдан баландлигини аниқлаш учун навигация ўлчаш мосламаси) кўрсатганида Ибн Мажид бу асбобларнинг ўта қолоқ эканлигини пайқаган. Сўнг ўз бобосидан қолган португалларнинг ускуналаридан мураккаброқ ва такомиллаштирилган астролябиясидан фойдаланган.

Навигация қонунларига кўра, ҳеч бир муаллим ўзини навигацияга кўр-кўрона ишонишга ҳақли деб ҳисобламаган. Кундузи - қуёш томонидан, кечаси - юлдузларнинг жойлашишига қараб, у кеманинг жойлашишини аниқлаган ва керакли йўналишни айтиб турган. Бунга параллель равишда чуқурлик ўлчовлари ва ёғингарчилик даражасини кузатиш ҳам амалга оширилган. Ернинг яқинлашиши бир қатор белгилар: ёмғир, қушларнинг кўриниши, чучук сув балиқлари, сузувчи шохлар, шунингдек, сувнинг чуқурлиги ва рангининг ўзгариши билан аниқланган.

1499 йил сентябр ойида Португалия экспедицияси Лиссабонга қайтиб келди. Васко да Гама қаҳрамонликка лойиқ шарафлар билан кутиб олинди: у Европадан Ҳиндистонга денгиз йўлини топишга муваффақ бўлган биринчи Ғарбий европалик эди ва айнан у бу йўналишнинг кашшофи ҳисобланади. Шу билан бирга, португал экспедициясининг муваффақияти асосан араб денгизчиси Аҳмад ибн Мажид томонидан таъминланган. 

Қизиқарли ҳикоялар Аҳмад ибн Мажид қўлёзмаларининг илмий аҳамияти билан боғлиқ. Афсонавий мусулмон денгизчи асарлари 1912 йилгача Париждаги Франция Миллий кутубхонасида, француз шарқшуноси, дипломати, географи ва сайёҳи Габриел Ферраннинг қизиқиб қолмагунча, фойдасиз бўлиб ётарди. Ферран катта аҳамиятга эга бўлган кашфиёт билан банд эди: ўз хабарлари учун материаллар қидириб, Париж Миллий кутубхонасида иккита араб қўлёзмасини топган. Биринчиси (181 варақ) Ибн Мажиднинг 19 та денгиз рисоласини ўз ичига олган бўлиб, улар асосан ражазнинг оддий ўлчамида (улар «уржуз» номидан келиб чиққан) баён этилган. 

400 йилдан ортиқ вақт давомида олимлар Муаллим Аҳмад ибн Мажид ном билан тарихга кирган денгизчи ҳақида маълумот топишга ҳаракат қилишган. Ва фақат Ферран бу исм эмас, балки «мунажжимлар фани ўқитувчиси» деган шарафли унвон эканлигини тахмин қилди. Ферран унинг ҳақиқий исмини аниқлай олди: Аҳмад ибн Мажид! Ферран араб, турк ва португал навигация дарсликларини таққослаб, машҳур араб олими, аждодлари денгизчи бўлган Аҳмад ибн Мажид энг йирик энциклопедия муаллифи ва да Гаманинг сирли йўлбошчиси эканлигини аниқлади. Ва тез орада Аҳмад ибн Мажиднинг қўлёзмалари Дамашқ, Мосул ва Санкт-Петербургда топилди. 

1920 йилларнинг ўрталарига келиб Россия Фанлар академиясининг таниқли академиги, Қуръони карим таржимони, арабшунос Игнатий Юлианович Крачковский Петрограддаги Осиё музейида ишлаётган вақтида араб-турк аралаш коллекциясига дуч келди. Унинг туркий қисмида Усмонлилар ҳукмдори Меҳмед Фотиҳнинг ўғли Жом Султоннинг таржимаи ҳоли бўлса, арабча қисми маълум Аҳмад ибн Мажиднинг учта уржузасидан иборат эди.

Крачковский Ферранга хат ёзди ва у келган жавобдан академик француз олими Франция Миллий кутубхонасида денгизчи Васко да Гама асарларини кашф этганини билди.

“Ушбу уржузларнинг мазмуни ва шакли Париждаги Миллий Библиотекада Ферран томонидан топилганларга ўхшаш эди. Уларни айланиб ўтиб, мен француз шарқшуносининг ХV аср денгиз географиясига оид аввал номаълум, энг қизиқарли бобни қандай маҳорат билан қурганига қойил қолдим ...”, деб ёзади Крачковский.

Барча уржузалар “лотлар” - денгиз йўлларини топиш ва йўналишлар ҳақида умумий маълумотни кўрсатган. Бир асар  Қизил денгизда навигация билан боғлиқ, иккинчиси - Ҳинд океанида, учинчиси у ердан Шарқий Африкага борадиган йўлни тасвирлаб берган.

Кейинчалик қўлёзма Крачковскийнинг шогирди Т. Шумовский қўлига тушди. «Менинг тақдирим, - деб ёзади у кейинчалик, - бу оддий, кўзга ташланмайдиган жилдда». Шумовский қўлёзмани таржима қилишни бошлади, аммо тез орада Иккинчи Жаҳон уруши бошланди. Ленинградни қамал қилиш пайтида сузиб юриш йўналишлари бошқа қўлёзмалар қатори подваллардан бирида немис бомбалари ва снарядларидан яширилган.

Шумовский қўлёзмани ўрганишни фақат 1950 йилларда давом эттира олди. 1957 йилда у СССР Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтининг ноёб қўлёзмасида «Араб денгизчиси Аҳмад ибн Мажид, Васко да Гаманинг уч номаълум сузиш йўналиши» монографиясини ёзган. Нашр катта қизиқиш уйғотди, унга кўплаб мамлакатлар, жумладан Португалия томонидан жавоблар келди. 1960 йилда Шумовскийнинг асари португал тилига таржима қилинди. Унинг изидан чет элда бир қатор нашрлар пайдо бўлди, улар орасида португал тарихчиси C. Брочадонинг «Васко да Гаманинг араб денгизчиси» китоби ҳам бор эди. 1966 йилда Шумовский Ибн Мажиднинг «Денгизшунослик асослари ва қоидаларидан фойдаланиш китоби» қўлёзмасини рус тилига таржима қилишни тугатди. Бу китоб, аслида, арабларнинг асосан қуруқликдаги халқ эканлиги ҳақидаги афсонани барбод қилиб, Европанинг узоқ масофаларга юк ташишининг асоси айнан араб навигацияси эканлигини исботлади.

Сўнгсўз

ХV асрнинг атоқли денгизчиси, юлдузлар сир-асрорларини, денгиз кемаларини ясашнинг нозик жиҳатларини билган олим-географ ислом оламига шуҳрат келтирди. Тарих Ибн Мажид номини 500 йилдан ортиқ сақлаб келмоқда. Унинг 40 йилдан ортиқ амалий тадқиқотлар билан шуғулланган қўлёзмалари таҳлили ўша даврдаги мусулмонлар таълим даражасига хос бўлган дунёқараш ва қомусий билимдонликни акс эттиради.

Ислом цивилизациясининг атоқли намояндаси Аҳмад ибн Мажид номи Қизил денгиздаги орол ва Кениянинг Малинди портидаги кўчаларга берилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага