Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Ахлоқус солиҳийн: Ёмонликнинг кўпайиши – қиёмат аломати

1482

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)

Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат яқинлашувининг аломатларидан бири – одамлараро зулм, зўравонлик ва ёмонликнинг кўпайиб, тарқалиши эканини билдирганлар. Саҳобалар бу пайтда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида насиҳат сўрашганида ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабр кўрсатиш лозимлигини таъкидлаганлар. Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

“Қиёматнинг аломатлари бор”.

Саҳобийлардан бири сўрадилар:

“Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, унинг қандай аломатлари бор?”

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

“Масжидларда фисқу фужур гапларнинг баралла янграши ва адашганларнинг солиҳ кишилар устидан ғолиб келишидир”. 

Шунда бир саҳройи араб сўради:

“Ўша замонда қандай йўл тутишни буюрасиз, ё Расулуллоҳ?”

Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

“Ёмон деб билган нарсаларингдан йироқ бўл, яхши амалларни маҳкам тут ва уйингдан чиқма!” (Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).

Бошқа ривоятда кимдир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:

“Ё Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам, агар биздан ўз қонун-қоидаларига риоя этиб, ҳақ-ҳуқуқларимиздан жудо этувчилар бизни бошқарадиган бўлса, ўзимизни қандай тутишни маслаҳат берасиз?”

Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

“Модомики гуноҳга буюрмас эканлар, уларга қулоқ солинг, айтганларига итоат қилинг, ҳақиқатда улар ўз қилмишлари учун ўзлари жавоб берадилар ва сизлар ўз қилмишларингиз учун ўзларингиз жавоб берасизлар. Сўраганларини беринглар, ҳатто сўровларида, талабларида адолатсиз бўлсалар-да, сизларга нисбатан вазифаларини бажаришларини талаб қилманг. Агар ҳақ-ҳуқуқларингизга риоя этмасалар, улар билан урушманг, балки сизлардан талаб қилаётган нарсалари учун Аллоҳдан ажрини сўранг. Улар ҳам, сизлар ҳам амалларингизга мувофиқ жавоб берасизлар” (Алқама отасидан ривоят қилган, Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳ этдилар:

“Сизни шундай ҳукмдорлар бошқарадиларки, улар ҳам яхши, ҳам шариатга тўғри келмайдиган ишларни қиладилар. Ким уларнинг нотўғри ишларидан норози бўлиб, қабул этмаса, гуноҳкорлардан бўлмайди, ким уларнинг ёмонликларидан қалбан рози бўлмаса ҳам нажот топади. Лекин кимда-ким уларнинг ўзларини бундай тутишларидан рози бўлса, уларга эргашса, унда уларнинг гуноҳларига шерик бўлган бўлади”.

Саҳобалар сўрадилар:

“Улар билан урушмайликми?”

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

“Йўқ, улар билан урушиб бўлмайди, модомики намоз ўқир эканлар, модомики намоз ўқир эканлар” (Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Муслим ривояти).

Бу ҳадисда ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қиёматга яқин келувчи ҳукмдорлар ҳақида бизга хабар бердилар. Уларнинг фаолияти баъзида яхши, баъзида ёмон ҳам бўлишини билдирдилар. Ким уларнинг шариатга тўғри келмайдиган, ёмон ишларини тил билан рад этса, мунофиқликдан қутулади. Ким уларнинг нотўғри фаолиятини қалбан инкор этса, уларнинг гуноҳларига шерик бўлишликдан сақланади. Ким уларнинг ёвузликларига рози бўлса ва уларга эргашса, гуноҳ ва жазода уларга шерик бўлади.

Шунингдек, Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:“Охирги вақтларда (қиёмат олдидан) шундай одамлар пайдо бўладики, юзлари одамники, қалблари шайтонникидир. Улар йиртқич бўрилар каби инсон қонини тўкадилар, меҳр туйғусидан жудо, пасткашлик, ёмонлик, қабоҳатдан ҳазар қилмайдилар. Агар сен уларга эргашсанг, бошингга чиқиб оладилар, яширинсанг, сен ҳақингда ёмон сўз тарқатадилар. Агар гаплашсалар сени алдайдилар, агар уларга ишонсанг, сени сотадилар. Болалари дилозор, ёшлари – шайтон, кексалари яхшиликка чақирмайди ва ёмонликдан қайтармайди. Улар орасида топ­ган иззатинг хўрликдир, улар билан топган давлатинг фақирликдир. Улар учун беозор одам – адашган, тўғрисўз киши – муттаҳам, чин мўмин – ҳақир инсон, фосиқ эса ҳурматлидир. Суннатни бидъат деб биладилар, бидъатни эса суннат сифатида қабул қиладилар. У вақтда уларнинг ёмонлари ҳокимият бошига келадилар. Шунда улардан яхшилари Аллоҳга дуо этадилар, лекин Яратган ижобат қилмайди” (Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилин­ган, Табароний ривояти).

Қачондир қайсидир халқ Аллоҳ ва Расули сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам билан аҳдини бузса, Яратган уларга бор нарсаларини талон-торож қиладиган, тортиб оладиган душманларни юборади. Қачондир қайсидир халқнинг пешвоси юртини Илоҳий Китобга мувофиқ бошқаришни тарк этса, Аллоҳ у элни ўзаро ички урушларга гирифтор қилиб қўяди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидладиларки:

“Ким дўзах оловидан узоқ ва жаннатий бўлишни истаса, ажалини Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонган – имон келтирган ҳолда қаршиласин. Ўзига раво кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўрсин, яъни одамларнинг ўзига нисбатан қандай муомала қилишларини хоҳласа, у ҳам одамларга нисбатан шундай муомала қилсин” (Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган, Муслим ва Байҳақий ривояти).

Умрининг охири қандай кечишини, бу дунёни имон билан тарк этадими ё йўқми, ҳеч ким билмайди! Саодат билан кетадими ё бахтсизлик биланми – бу фақат Аллоҳгагина маълум. Шу билан бирга, юқорида кўрсатилганлардан мақсад – инсон умрининг оқибати хайрли бўлишига, ўлимини Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонган ҳолда кутиб олишга сабаб бўладиган нарсаларни тушунтиришдир.

Ҳадиси шарифда айтилганидек:

“Инсон ниманинг устида вафот этса, ўша нарсанинг устида тирилади” (Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Муслим ривояти).

Шунинг учун банда Аллоҳга нисбатан яхши гумонда бўлмоғи, умримга хайрли якун беради, дея ўйламоғи, умид қилмоғи лозим. Шу билан бирга, охирги дам учун фойдали ва зарур  насиҳат ва кўрсатмаларга эътибор бериб, чиройли амал қилиш пайида бўлмоғи лозим. Шунингдек, одамлардан етган озорга сабр-тоқат қилмоғи, унга ўзи истагандек муомала қилишлари учун у ҳам одамларга улар истагандек муомалада бўлмоғи керак. Ҳазрат Пайғамбаримиз айтганларидек, одамларга яхшилик қилиши лозим:

“Инсонлардан Аллоҳга энг севимли бўлгани уларга энг кўп фойдали бўлганларидирлар” (Ибн Абид-Дунё, “Қазоул ҳавоиж” асарида келтирган).

Бу ҳадисдан фойда шуки, Пайғамбар сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам бундай одамни Аллоҳ дўзах ўтидан узоқ тутиб, жаннатга киритажагига кафолат беряптилар.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Икки улкан гуруҳ бир-бири билан уришмагунича қиёмат бўлмайди; улар орасида катта жанг бўлиб, ҳар бир томон муқобилини ҳақ бир нарсага (Исломга) чорлайди. Ва ҳар бир тараф фақат ўзини тўғри ҳисоблайди. Шунингдек, ўттизга яқин ёлғончи дажжол ўзини Аллоҳнинг элчиси деб даъво қилмагунича, дин илми йўқолмагунича, зилзилалар кўпайиб, вақт тезлашмагунича, фитналар пайдо бўлиб, ғалаён ва қотилликлар кўпаймагунича, бойлиги кўп киши закот, садақани кимга беришни ўйлаб тополмай ташвишда қолмагунича ва, ниҳоят, шундай кишини топганда ҳам у “Мен бунга муҳтож эмасман” демагунича; токи одамлар баланд уйлар қуришда мусобақалашмагунларича; тоинки бировнинг қабри ёнидан ўтаётган “Оҳ, сенинг ўрнингда мен бўлсайдим!” демагунича қиёмат бўлмайди” (Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган, Бухорий ривояти).

 (давоми бор)

"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.

Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7425 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага