(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)
Аллоҳ бандаларига уларнинг ота-оналаридан ҳам кўпроқ меҳрибондир. Аллоҳнинг лутфкарамига сазовор бўлишга интилган ҳар бир банда ўз биродарига меҳрибонлик кўрсатиши лозим. Кааб Ахбор розияллоҳу анҳу дейдиларки, Инжилда шундай ёзилган:
“Эй Одам боласи! Бошқаларга қанча раҳму шафқатли бўлсанг, улар ҳам сенга шунчалар меҳрибон бўладилар. Сен ўзинг Аллоҳнинг бандаларига меҳру муҳаббат, раҳму шафқат кўрсатмай туриб, қандай қилиб Унинг марҳаматига умидвор бўласан?!”
Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Ким бошқаларга раҳму шафқатли бўлса, Аллоҳ ҳам унга меҳрибонлик кўрсатади, ер аҳлига раҳмли бўлинг, то осмондаги Зот ҳам сизга раҳм айласин!” (Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган, Термизий ривояти).
Эй мусулмонлар! Сиздан чораю шифо излаган гуноҳкорлардан юз ўгирманг! Унинг шифоси Аллоҳнинг зикри, Аллоҳни эслашидир.
Имом Шаъроний қуддиса сирруҳу айтган эканлар:
“Гуноҳкорларга раҳмат назари билан қарамаган киши йўлдан – тариқатдан чиқади. Ҳеч қачон бир гуноҳкорга дилдан ачинмасдан туриб унга ёмон қилмишидан қайтармоқ учун маслаҳат ҳам берма, насиҳат ҳам қилма!”
Исломни қабул қилишга мойил одамга ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам юмшоқ муомалада бўлардилар. Чунки мулойим сўз насиҳат қабул қилиниши учун энг муҳим омиллардан биридир.
Тариқат аҳли орасида маълумки, Аллоҳ йўлига чақиргувчи инсонлар олдида ислом кўрсатмаларини бажармайдиган ҳар қандай мусулмон (фосиқ) гўё улар (даъватчилар) йўқотган нарсага ўхшайди. Даъватчи уни ҳар қайда топса, олиши керак.
Шунингдек, ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Бир мўминнинг мусулмон биродари юзига хайр, меҳр, муҳаббат билан қараши менинг шу масжидимда тўрт йил эътикоф ўтиришидан кўра савоблироқдир” (Ҳасан Ҳилми Афанди
Кахий, “Ад-Дурату байза фи радди ал бидъа ва хава”, Ибн Лаал ривоятида “бир йил” дейилган).
Дарҳақиқат, Аллоҳ раҳматининг чеки йўқ зотдир. Довуд алайҳиссалом Раббиларидан қуйидаги сўзни келтирган эканлар:
“Бир одамни дўзах оловида жазолаганимдан кўра минг одамни кечиришим мен учун ёқим-ли ва яхшироқ амалдир, чунки Мен – гуноҳларни кечирувчи, марҳаматли ва меҳрибон Ғафурур Роҳиймман”.
Нақл қиладиларки, кимдир ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузури муборакларига келиб, томда турган бир аёлнинг қўлидан боласи тушиб кетгани ва шунда у боласига ачинганидан ўзини ҳам унинг кетидан томдан ташлаб юборгани ҳақида сўзлаб берибди. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу воқеани эшитганларидан сўнг шундай дебдилар:
“Ҳақиқатда, Аллоҳ менинг умматимга бу аёлнинг боласига бўлган шафқатидан кўра меҳрибонроқдир” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Ибн Можадан ривоят қилинган ҳадисда “Аллоҳ бандаларига бу аёлнинг боласига бўлган шафқатидан кўра меҳрибонроқдир” дейилган).
Раҳму шафқат тасаввуф аҳлининг хос феълларидандир
Шайх Сухравардий қуддиса сирруҳу “Авариф ал-маориф” китобида ёзадилар: “Бир-бирларига меҳрибон, раҳму шафқатли, оқибатли бўлиш, адоватли бўлмаслик, имоний биродарлар билан баҳамжиҳатлик – тасаввуф аҳлининг одобу ахлоқларидандир”. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини Аллоҳ ўзининг каломида васф этиб бундай марҳамат қилади: “...ўзаро раҳмдилдирлар” (Фатҳ сураси, 29-оят).
Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай дейди: “Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди” (Анфол сураси, 63-оят).
Дарҳақиқат, ўзаро меҳр-муҳаббат, мувофиқлик – бу руҳлар келишувидандир. Бу маънода бир ҳадиси шарифда шундай дейилади:
“Бир-бирини (арвоҳ оламида) таниган-билган руҳлар бирлашадилар, билмаган-танимаганлари эса ажраладилар” (Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган, Бухорий ривояти).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Мўмин – бу бошқаларга самимий, бошқалар ҳам у билан самимий дўстона муносабатда бўлган кишидир. Бошқаларга самимий бўлмаса-ю, бошқалар ҳам унга самимий бўлмасалар, бундай одамда яхшилик йўқ” (Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Шиҳоб Қузоъий ривояти).
Яна ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:“Бир-бири билан учрашган мўмин бамисоли бири иккинчисини ювадиган икки қўлга ўхшайди. Улар учрашганларида, албатта, бир-бирларидан фойдаланадилар” (Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Абу Довуд ривояти).
Ҳазрати Абу Идрис Хавлоний ҳазрат Муозга (Аллоҳ улардан рози бўлсин) айтдилар:
“Мен сени Аллоҳ учун яхши кўраман”.
Шунда Муоз розияллоҳу анҳу илова этдилар:
“Хурсандчилигингга хурсандчилик зиёда бўлсинким, мен чиндан ҳам Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: “Қиёмат куни Арш атрофида бир тоифа одамлар учун махсус курсилар қўйилади. Уларнинг юзлари ойдай порлаб туради. Одамлар ёрдам излайдилар, улар эса беҳожат, хотиржам бўладилар. Ҳамма қўрқувда, улар эса омонликда бўладилар. Улар Аллоҳнинг севимли, авлиё қуллари бўлиб, улар учун ҳеч қандай хавф ва хафачилик бўлмас”. Шунда кимдир ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
– Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, улар кимлар?
Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердиларки:
“Улар бир-бирларини Аллоҳ учун яхши кўрганлардир” (Аҳмад ривояти).
Шу сабаб ҳам аҳли тариқатлар ўзаро муҳаббат кўрсатишиб, бир-бирларидан баҳра оладилар. Улар бир-бирларини Аллоҳ учун яхши кўрганларидан бир-бирларига ўз табиатларининг, яъни феъл-атворларининг яхши сифатларини намоён этадилар. Бир-бирларини яхши кўрганлари учун ҳам улар ўзаро дўстлик-биродарликни қабул қиладилар. Бу севги туфайли мурид ўз шайхи-пиридан баҳра олади ва бир мўмин бошқа бир биродаридан манфаат олади. Худди шунинг учун Аллоҳ ҳар куни беш маротаба одамларни маҳал-
ла масжидларида йиғилишга ва ҳафтада бир жомеъ масжидларида тўпланиб ибодат этишга буюрди. Шунингдек, икки (Қурбон ва Рамазон) ҳайитларида шаҳарларда йиғилишиб намоз ўқишликка амр этди. Жумладан, ҳар мамлакатдан одамларнинг лоақал йилда бир бор йиғилишиб ҳаж қилишларига буюрди. Буларнинг барида буюк ҳикматлар ниҳондир. Мўминлараро дўстлик, аҳил-иттифоқлик, келишувчанлик ва дўстликни мустаҳкамлаш шулар жумласидандир. Шунинг учун Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайд этдилар:
“Мўминнинг мўмин учун кераклиги худди бинога ўхшайди, бир қисми бошқа қисмини тутиб туради” (Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинган, Бухорий ривояти).
Яна бошқа бир ҳадисда айтилган:
“Шуни билингки, мўминлар бир-бирларига муҳаббат, мурувват ва илтифот кўрсатишда яхлит бир танага ўхшайдилар, агар аъзолардан бири хасталанса, бутун вужуд иситма ва уйқусизликдан орому ҳаловатини йўқотади” (Нўъмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Бухорий ва Муслим ривояти).
Мўминларнинг бир-бирларига муҳаббат, мурувват, илтифот кўрсатишлари уларнинг ораларидаги дўстлик, биродарликни мустаҳкамлайди. Солиҳ инсонларнинг дўстлиги хайру манфаатлидир.
"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.
Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.