(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)
IX БОБ
Рашк – бу нимага ё нимада бўлмасин, ўзгаларнинг шериклигини истамасликдир. Машҳур солиҳлардан Шиблий қуддиса сирруҳу дейдилар:
“Рашк икки турлидир: нафсга нисбатан инсоний рашк ва қалбларга нисбатан илоҳий рашк”.
Яна Шиблий айтган эканларки: “Инсоннинг нафсига нисбатан илоҳий рашк – бу бандаси Ўзининг зикридан ўзга нарсага бир нафас бўлса-да машғул бўлмоғини Аллоҳнинг тиламаслигидир”.
Яна айтилган эканки: “Рашк икки турли бўлади. Бири – Аллоҳнинг бандага рашки. Бу – Ўзининг севимли бандаларини Ўзидан бошқаларга мурожаат этишларини Аллоҳнинг истамаслигидир. Иккинчи хили – банданинг Аллоҳга рашки. Бу – банда ўзининг барча диққату эътибори ва ҳар нафасини фақат Аллоҳгагина бағишлашидир. Банданинг Аллоҳга рашки унинг илоҳий шариатни улуғ тутишини ва барча амалларини холис Аллоҳ учунгина адо этишини тақозо этади.
Аллоҳнинг севимли бандаларига нисбатан қоидаси шундай: агар авлиёуллоҳнинг кўнгилларини Ўзидан ўзга бирор нарса чалғитаётган бўлса ёхуд улар бошқа нарсага эътибор қаратаётган бўлсалар, Аллоҳ уларнинг қалбларини, азбаройи рашк қилганидан, ўзга нарсалардан тозалайди ва тамомила Ўзига жалб этади. Шундай воқеа Одам алайҳиссалом билан бўлган. Яъни Одам алайҳиссалом эътиборларини жаннатга қаратиб, у ерда доимий қолишга ҳозирланган эдилар, Аллоҳ у зотни у ердан чиқарди. Иброҳим алайҳиссалом эса ўғиллари Исмоилга меҳр бериб, ундан завқланардилар. Аллоҳ у кишининг қалбини бу туйғудан тозалаш мақсадида ўғиллари
Исмоилни қурбонлик қилишга буюрди. Ниҳоят, Иброҳим алайҳиссаломнинг қалбларида бу ҳавас барҳам топгач, ўрнига қўчқор қурбонлик қилишга амр этди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Аллоҳдан рашкчироқ зот йўқ. Шу рашки туфайли Яратган барча – яширин ҳамда ошкоро гуноҳларни ман этди” (Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Бухорий ва Муслим ривояти).
Шунингдек, ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Ҳақиқатда Аллоҳ ҳам, мўмин ҳам рашкчи бўлади. Аллоҳнинг рашки мўминнинг ҳаром қилинган нарсани содир этганида намоён бўлади” (Муслим ривояти).
Олимлар қайд этадилар:
“Ҳадисларда келтирилган илоҳий рашк бандаларга хос бўлган рашкдан мутлақо фарқлидир. Аллоҳни бандаларга хос нуқсонли сифатлар билан сифатлаб бўлмайди. Унинг сифати бандаларининг сифатига ўхшаган эмас. Яратгувчи сифатларида рашк ахлоқсизликдан, беадаб иш-ҳаракатлардан сақлашни билдиради, бундай иш-ҳаракатларни тақиқлайди ва улардан ҳимоя этади. Чунки беадабни нолойиқ ишдан қайтариш ва сақлаш одатда рашк қилувчига хос феълдир”.
Буни ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида тушунтирадилар:
“Шу рашки туфайли Яратган барча одобсизликларни ман этди” (Муслим ривояти).
Яъни, уларни тақиқлади ва улардан сақлади.
Аллоҳ деди:
Сен: “Раббим ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳларни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга У Зот ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан ўзингиз билмайдиган нарсани гапиришингизни ҳаром қилган, холос” деб айт” (Аъроф сураси, 33-оят).
Бу маънода Сарий Сақатий қуддиса сирруҳудан бир ҳикоят келтирилган экан.
Бир гал у зот қуддиса сирруҳу ҳузурида Аллоҳнинг каломидан ўқидилар:
“Қачон Қуръон қироат қилсанг, сен билан охиратга имон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда қилурмиз” (Исро сураси, 45-оят).
Шунда Сарий Сақатий қуддиса сирруҳу иштирокчи дўстларига дедилар:
“Биласизми, бу парда-тўсиқ нима? Бу – рашк пардасидир. Аллоҳдан кўра рашкчироқ зот йўқ”.
Сарий Сақатий қуддиса сирруҳунинг “Бу рашк пардаси” деганларининг маъноси “Аллоҳ Ўзига ишонмайдиганларни – имонсизларни дин ҳақиқатини англашга нолойиқ қилиб қўйди” деганидир.
"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.
Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.