Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Ахлоқус солиҳийн: Одамийлик ва жавонмардлик ҳақида гўзал сўзлар

1253

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм)

Салафи солиҳийн одамийлик (мурувват) ва мардлик (футувват, жўмардлик)ни жуда гўзал таъбирлар билан ифодалаган эканлар. 

1. Солиҳлардан бири шундай деган:

“Бизнинг олдимизда одамийлик (мурувват) – бу бизларни маҳрум этганларга марҳамат эт­моғимиз, зулм қилганларни кечирмоғимиз, айрилганлар билан алоқани тикламоғимиз, ёмонлик қилганларга яхшилик қилмоғимиздир”.

2. Имом Жунайд Бағдодий қуддиса сирруҳу дедиларки:

“Жавонмардлик Шомда, сўзамоллик Ироқда, тўғрилик Хуросондадир”.

3. Фузайл қуддиса сирруҳу қайд этадилар:

“Жавонмардлик – биродарларнинг хатола­рини афв этишдир”.

4. Абу Бакр Варроқ қуддуса сирруҳу шундай дейдилар:

“Жавонмард шундай кишики, унда хусумат қилгувчи душмани бўлмас”.

5. Муҳаммад ибн Али Термизий қуддуса сирруҳу айтган эканлар:

“Жавонмардлик – Аллоҳ учун ўз нафсига душман бўлишдир”.

6. Дейдиларки:

“Жавонмардлик – ҳеч ким билан адоватлашмасликдир”.

7. Яна айтилганки: 

“Жавонмард – энг катта бутни синдирган кишидир”. Муқаддас Қуръонда дейилганки: 

“Улар: “Уларни тилга олаётган бир йигитни эшитган эдик, у Иброҳим деб аталарди”, – дедилар” (Анбиё сураси, 60-оят).

Ҳар бир инсоннинг бути ўз нафсидир. Ким ўзининг ҳавойи нафсига қарши бўлса, ўша жавонмарддир”.

8. Дейдилар: 

“Жавонмардлик ўзгалардан инсоф талаб қи­лиш эмас, балки ўзингнинг инсофли бўлишингдир”. 

9. Умар ибн Усмон Маккий қуддиса сирруҳу дедилар:

“Жавонмардлик – гўзал хулқдир”.

10. Насрободий қуддиса сирруҳу қайд этганлар:

“Одамийлик (мурувват) жавонмардликнинг бир қисмидир, бу – икки дунёдан юз ўгириб, икковидан ҳам кароҳиятланишингдир (яъни тўлалигича Аллоҳга юзланишдир)”.

11. Муҳаммад ибн Али Термизий марҳамат этдилар:

“Футувват (жавонмардлик) – бу аҳли хонадонинг ва келган меҳмонни бирдай икром этишингдир”.

12. Бир солиҳ зотдан футувват (жавонмардлик) нима деб сўрашганида жавоб берган экан:

“Ўзингни қўрқувга соладиган нарсани (яъни охират азобининг ваҳмини) ўйлаб ҳавои нафсингдан воз кечишингдир”.

13. Бошқа бир солиҳдан жавонмардлик ҳақида сўрашганида шундай дебди:

“Бу – таом беришликда, хоҳ солиҳ бўлсин, хоҳ динсиз, сен учун аҳамиятсизлигидир”.

14. Жунайд қуддиса сирруҳу дедилар:

“Жавонмардлик (футувват) – бу озору азиятдан кечиш, яхшиликни ёйиш, шикоятдан тилни тийишдир”. 

15. Саҳл ибн Абдуллоҳ қуддиса сирруҳу де­дилар:

“Жавонмардлик (футувват) – бу суннатга тўлиқ итоатдир”.

16. Шунингдек, айтилган эканки:

“Жавонмардлик – ваъданинг вафоси ва омонатнинг адосидир”.

17. Шунингдек, яна қуйидагилар айтилган экан: 

“Жавонмардлик (футувват) – қилган яхши амалингда ўз нафсингни кўрмаслигингдир”. 

18. “Жавонмардлик (футувват) – бирор-бир ҳожатманд сенга юзланса қочмаслигингдир”.

19. “Футувват – Аллоҳнинг сенга ато этган неъматини билдириб туришнинг ҳамда ундан етган мусибатни яширишингдир”.

20. “Жавонмардлик – бу, дейлик, ўнта меҳ-мон таклиф этсанг-у, мабодо тўққиз ёхуд ўн бир киши келиб қолгудай бўлса, кайфиятинг ўзгармаслигидир”.

21. “Дўстдан фойда кўзлаш мардлик эмас”.

22. “Жавонмардлик – ўз нафсингни халқдан устун санамаслигинг ҳамда дунё ва охират ҳаё­тининг яхшиликларида уларни ўзингдан-да муносиб билишингдир”.

23. “Жавонмардлик – барчага, яъни муносиб ва муносиб бўлмаганларга ҳам яхшилик қилишдир”.

24. “Жавонмардлик – доимо бошқалар эҳ­тиёжини адо этиш ва қондириш йўлида интилишдир. Чунки ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: “Модомики бир банда ўз биродарининг ҳожатини раво айлар экан, Аллоҳ ҳам ундан ёрдамини узмайди” (Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Табароний ривояти).

25. “Футувват – бу одамлар хатосини афв этиш ва камчиликларини яширишдир”.

26.“Жавонмардлик – ўзини бошқалардан ҳурматлироқ санамасликдир”.

27. Тақводорлардан бири шундай деган экан:

“Меҳмонларни ишлатиш мардликдан эмас”.

(давоми бор)

"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.

Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7425 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага