Ёш йигит Аллоҳ валийларидан бирининг олдига келиб:
– Саййидим, қандай қилиб ўзимнинг бахтли ёки бадбахтлардан эканимни билишим мумкин? – дея сўради.
Валий зот:
– Эй болам, инсоннинг бахтли ёки бадбахтлигини ажратиб турадиган аломат, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган саловотлардир.
Ўзингга боқ, агар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни ўзингга доимий вазифа қилиб олган бўлсанг, унда икки дунё саодатига эришадиганлар йўлида экансан.
Агар ҳаётингда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш мавжуд бўлмаса, унда ўзинг билмаган ҳолда бадбахтлардан бўлиб қолишдан ўта эҳтиёт бўл.
Шунда валий зот шогирдларидан бири сўради:
– Ҳазратим, бу сўзингизга Қуръондан бирор далил борми?
Валий зот бундай жавоб берди:
– Аллоҳ таоло каломида бунга очиқ - ойдин далил бор:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! (Сиз ҳам) унга саловот айтинг ва салом йўлланг». (Аҳзоб, 56-оят).
Бахтли кишилар Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталарига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишда шерик бўла олиш бахтига муяссар бўлишади.
Бадбахт кимсалар эса Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталарига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишда шерик бўла олишмайди.
У зот алайҳиссаломга саловот айтиш эса улуғ саодатдир!
Йигит сўради:
– Сизнингча доимий вазифа қилиб олиш нима?
Валий зот жавоб берди:
– Ўзингга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар тун маълум миқдорда саловот айтишни доимий вазифа қилиб олишингдир.
Лекин шуни билиб олгинки, бу ўринда саловат айтиш ила саъид (бахтли) ва асъад (энг бахтли) бўлувчилар бор.
Бахтли киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир кунда фақатгина беш вақт намоздагина саловот айтади.
Энг бахтли киши эса еб-ичаётганида, юрганида, ўтирганида, ётганида, сўрашганида, ғам-қайғусида, хурсандчилигида, олаётган ҳавосида, барча барча ҳолатида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни ўзига вазифа қилиб олган кишидир!
Шогирд устозининг бу сўзларидан таъсирланиб йиғлай бошлади...
Валий зот:
– Кўзларингдан оқаётган ёш сенинг саодатингнинг бошланишидир.
Агар бадбахтлардан бўлганингда эди нафсинг сени ўз ҳолингга қўймаган ва менинг олдимга бу саволни сўрашга келишдан тўсган бўлар эди...
Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммад.
"Кароматул авлия".
Аллоҳ таоло каломида бундай марҳамат қилган:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! (Сиз ҳам) унга саловот айтинг ва салом йўлланг». (Аҳзоб, 56-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадрлари мана шундай баланддир!
Биз уммат бўлган зотга оламлар робби бўлмиш Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот айтади!
Энг мукаррам махлуқот бўлмиш фаришталар саловот айтишади!
Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши, у зот алайҳиссаломга Ўз раҳматини ёғдириши, улуғлаши, мақомларини баланд этиши ва фаришталар ҳузурида у зот шаънларига мақтовлар айтишини билдиради.
Фаришталарнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса у зот алайҳиссалом ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.
Мусулмонларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари бўлса, у зотга улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносини англатади.
Аллоҳ ва Унинг фаришталари саловот айтадиган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга биз қай даражада саловот айтаяпмиз?
Кунлик саловот айтиш вазифаларимиз борми?
Ҳиммат камарини маҳкам боғлаб, ҳозирданоқ ишга киришайлик, бизга берилган умр беҳуда кетмасин.
Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа оли Муҳаммад!
Суннатуллоҳ Абдулбосит