Аввал хабар қилганимиздек, Швейцариянинг жиноят ишлари бўйича федерал суди Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноий иш доирасида “музлатиб” қўйилган маблағлардан қарийб 70 миллион долларни Takilant компаниясига қайтаришга қарор қилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги матбуот хизматининг қайд этишича, ушбу ҳолат юзасидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган маълумотларда суд қарорининг барча тафсилотлари ошкор этилмаган. Бу эса мазкур иш бўйича ишончли маълумотларни кенг жамоатчиликка обектив етказишга тўсқинлик қилмоқда.
Вазирлик баёнотида таъкидланишича, Швейцария федерал жиноят судининг 2021 йил 17 декабрдаги қарори ҳали якуний қарор эмас. Ҳусусан, Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари суднинг ушбу қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, ушбу маблағларга нисбатан Америка Қўшма Штатларнинг ваколатли органлари томонидан уларни ҳибсга олиш тўғрисида даъво ва ордер ҳам мавжуд, бу эса Швейцария судининг кўрсатилган қарори кучга кирган тақдирда ҳам ушбу маблағларни компанияга қайтариш имконини бермайди.
«Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари Швейцария ва АҚШ расмийлари билан Гулнора Каримова ва унинг шерикларининг жиноий фаолият натижасида орттирилган активларини қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Чунки ушбу жиноятлардан Ўзбекистон давлати ва халқи ҳам жабр кўрган», – дейилади баёнотда.