Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу улуғ зотлардан бўлиб, у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича таъриф берган: "Қуёш Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кўра кўра муносиброқ инсон (Пайғамбарлардан ташқари) устидан кўтарилмаган ва ботмаган”.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Абу Куҳофнинг ўғли бўлиб, еттинчи отада Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига туташган. Унинг онаси “Яхшиликлар онаси” (Умму ал-Хайр) лақабли Салма исломнинг дастлабки йилларида мусулмон бўлган аёллардан эди. Отаси Абу Қуҳофа мусулмонлар томонидан Макка фатҳ қилинганидан кейин ислом динини қабул қилиш шарафига муяссар бўлди.
Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг айтишича, “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида Қурайшнинг бошлиғи, улар маслаҳатлашадиган, ҳамма севадиган ва ҳурмат қиладиган, урф-одатларни яхши биладиган киши эди. Қурайшнинг энг яхшиларидан эди. Ислом келгач, Абу Бакр динни ҳамма нарсадан афзал кўриб, энг яхши тарзда Исломга кирди”.
Ибн Асокир бир китобида Маъруф ибн Ҳарбузнинг сўзларини ҳам келтиради: “Албатта, Абу Бакр розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида ҳам олижаноб киши бўлганлар ва Ислом келганидан кейин ҳам худди шундай даражага эришган ўнта қурайшийлардан бири эди. Абу Бакр Сиддиқ қотиллик учун дия, турли тўловлар ва жарималар бўйича якуний қарорлар қабул қиларди. Бунга Қурайшда барча масалаларни ҳал қилувчи тўлақонли олий ҳукмдор бўлмагани учун ҳар бир қабила ўзига юкланган алоҳида масалаларни ҳал қилиш билан шуғуллангани сабаб бўлган. Масалан, Ҳошимийлар (Бану Ҳошим) зиёратчиларни сув ва озиқ-овқат билан таъминлаш билан шуғулланган. Макканинг бошқа қабилалари ҳам худди шу каби тегишли вазифаларни бажарган". ("Сийра ва манокиб Абу Бакр Сиддиқ")
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳеч қачон маст қилувчи нарса истеъмол қилмаганлар
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳатто жоҳилият даврида ҳам энг маъсум инсон бўлган. У исломдан аввал, хамрнинг барча турлари тақиқланишидан анча олдин ҳам уларни истеъмол қилишдан сақланган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу шаробни ўзларига ҳаром қилди, на исломда, на жоҳилият даврида маст қилувчи ичимликлар ичмас эди. Бунга қуйидаги воқеа сабаб бўлди: бир куни у киши маст одамнинг ёнидан ўтиб кетибди, маст киши қўлини ифлос (нажас)га теккизиб, оғзига солиб қўймоқчи бўлди. Аммо ёқимсиз ҳидни ҳис қилиб, қўлини қайтариб олди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Бу одам ёқимсиз ҳидни сезса ҳам, нима қилаётганини билмайди”, деди. Ўшандан бери маст бўлишни ўзига ҳаром қилди. ("Сийра ва ҳаёт Ас-Сиддиқ")
Бир киши Абу Бакр розияллоҳу анҳудан: “Жоҳилият замонда маст қилувчи ичимликдан тотиб кўрганмисиз?” деб сўради. Шунда у зот: «Аллоҳ мени бундан сақласин», деб жавоб бердилар. У одам яна сўради: "Нега?" Бунга Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен ўз шаъним ва қадримни сақладим, одоб ва сабримни ҳимоя қилдим. Маст қилувчи киши эса, албатта, шаъни, қадр-қиммати, одоб ва жасоратини йўқотади", деди. (“Тарих ал-хулафо”, Суютий)
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳеч қачон бутга таъзим қилмаган
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари йиғилган бир жойда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтди: “Мен ҳеч қачон бутга сажда қилмаганман. Бунинг сабаби шундаки, балоғат ёшига етганимда Абу Қуҳофа (отасининг лақаби) қўлимдан ушлаб, бутлар жойлашган хонага олиб борди ва менга: "Мана улуғ илоҳларингиз", деди ва мени улар билан ёлғиз қолдириб, ўзи чиқиб кетди.
Мен бир бутга яқинлашиб: “Очман, овқатлантир”, дедим, лекин у жавоб бермади. Кейин: "Кийимсиз яланғоч қолдим, кийинтир" дедим, яна жавоб бермади. Кейин унга катта тош отдим, у юзи билан йиқилди...”. ("Ал-Хулафои Рошидин")
Маккаликларга Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Исломни қабул қилганини “ҳазм” қилиши жуда қийин эди. Бу улар учун шунчалик қийин бўлдики, улар маслаҳатлашиб, уни ўз илоҳларига сажда қилдириш учун олдига одам юборишга қарор қилишди. Бу вазифа учун Талҳа ибн Убайдуллоҳни танлашди.
Талҳа Абу Бакрнинг уйида оиласи билан ўтирганида келиб: «Мен билан бирга бориб, Лот ва Уззога сиғинишингизни сўрайман», деди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Улар кимлар?», деб сўради. "Улар Аллоҳнинг қизлари", деб жавоб берди Талҳа. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Уларнинг онаси ким?», деб сўради. Талҳа унга қандай жавоб беришни билмай жим қолди ва бошқа ҳеч нарса демади.
Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Талҳа билан бирга мушрикларнинг олдига бориб: “Дўстингизга жавоб топишда ёрдам беринглар”, деди. Улар ҳам жавоб беришга гап тополмай, жим туришди. Талҳа маккалик дўстларига қараб, улардан аниқ жавоб кутди, лекин улардан садо чиқмади. Шунда Талҳа хитоб қилди: “Тур, эй Абу Бакр, мен гувоҳлик бераманки, Аллоҳ азза ва жалладан ўзга ибодатга лойиқ илоҳ йўқ. Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир”.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига олиб борди. ("Уюн ал-ахбор")
Абу Бакр Сиддиқ ҳазратларининг тушлари
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Шом ерида бўлганида туш кўрди. Абу Бакр роҳиб Баҳирга у ҳақда гапириб берди. Роҳиб Абу Бакрдан сўради:
— Қаердан келдинг?
— Маккадан.
— Қайси қабиладансан?
— Қурайш қабиласидан.
— Нима иш билан шуғулланасан?
— Тижорат билан.
— Агар Аллоҳ таоло тушингни тасдиқласа, қабилангизга бир пайғамбар юборади ва бу пайғамбар тирик экан, сен унинг вазири, ундан кейин эса халифаси бўласан.
Бу хабар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қалбларини жуда хурсанд қилди. ("Ал-Хулафа Рошидин")
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳижрий 13-йил Жумадул-охир ойининг еттинчи куни, душанба куни касал бўлиб қолди. Ўн беш кун тўшакда ётиб, шу ойнинг 22-куни, шом ва хуфтон намозлари оралиғида вафот этган.
Абдулқодир Маҳмуд тайёрлади.