Мутаассибона кайфиятдаги яҳудийлар исроиллик полициячилар ҳамроҳлигида исломий зиёратгоҳ – босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудида провокацияларни давом эттирмоқда.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, пайшанба куни эрталаб 900 дан ортиқ мутаассиблар, жумладан, «Ликуд» партияси депутати, раввин Еҳуда Глик ҳам Ислом зиёратгоҳи ҳудудига Мағриб дарвозаси орқали кириб келган.
Қуддус ислом жамғармалари бошқармаси провокация иштирокчилари орасида Исроил вазири Ицхак Вассерлауф ҳам борлигини маълум қилган.
Бошқарманинг таъкидлашича, Ал-Ақсо масжиди ҳудудига жами 923 нафар мутаассиб бостириб кирган.
Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.
1994 йил 26 октябрда Исроил ва Иордания ўртасида имзоланган тинчлик шартномасига кўра, Ал-Ақсо масжиди Иорданиянинг Авқоф, Ислом ва Муқаддас жойлар вазирлиги таркибига кирувчи Қуддус исломий жамғармалари ҳомийлигидадир.
Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар исломий жамғарма рухсатисиз, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратгоҳга киришни йўлга қўйиб олган.
Қуддус ислом фондлари бошқармаси бу каби ҳаракатларни «босқинчилик» деб атаган ва уларни мусулмонлар ҳуқуқларини поймол қилиш деб баҳолайди.