Бу қўшни Сурияда вабога қарши кураш кетаётган бир пайтда эълон қилинди
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги пайшанба куни инқирозга учраган мамлакатда илк вабо касаллигини эълон қилди. Сўнгги 30 йил ичида бу юқумли касаллик мамлакатга яқинлашмаганди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги инфекцияни юқтирган шахс Ливаннинг Сурия билан чегарадош шимолий Аккар провинциясидан эканини айтди.
Соғлиқни сақлаш вазири Фирас Абяд тасдиқланган ҳолатдан кейин ҳокимият ва халқаро ташкилотлар билан учрашиб, юзага келиши мумкин бўлган эпидемиянинг олдини олиш йўлларини муҳокама қилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, вабо инфекцияси Vibrio choleraye бактерияси билан касалланган озиқ-овқат ёки сувни истеъмол қилиш натижасида юзага келади. Аксарият ҳолатлар енгил ва ўртача даражада бўлса-да, касалликни даволамаслик ўлимга олиб келиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Шарқий Ўртаер денгизи минтақаси фавқулодда вазиятлар бўйича минтақавий директори Ричард Бреннаннинг «Associated Press» агентлиги маълум қилишича, ташкилот Ливан ва Сурия билан чегарадош бошқа давлатлар расмийлари билан мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлар юзасидан музокаралар олиб бормоқда.
«Трансчегаравий тарқалиш ташвиш уйғотади. Биз муҳим эҳтиёт чораларини кўрмоқдамиз. Энг заиф одамларни ҳимоя қилиш жуда муҳим», — деди Бреннан.
Шунингдек, у вакциналар глобал талабга нисбатан етишмаслигини қўшимча қилди.
Ливандаги камбағал оилалар одатни сувни рацион асосида олишади. Улар ичимлик ва маиший эҳтиёжлар учун шахсий сув идишларини сотиб олишга қодир эмас.
БМТ ва Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, эпидемия манбаи одамларнинг Фурот дарёсидаги ифлосланган сувдан фойдаланиши билан боғлиқ.
Сурия соғлиқни сақлаш хизматлари кўп йиллик урушдан катта зарар кўрди. Шу билан бирга мамлакатнинг аксарият қисмида сувни тозалаш учун таъминот етишмайди.
Расмийлар чоршанба куни камида 594 вабо ва 39 ўлим ҳолатини ҳужжатлаштирди. Шу билан бирга, мамлакатнинг исёнчилар назорати остида бўлган шимоли-ғарбий қисмида соғлиқни сақлаш идоралари 605 та эҳтимолий, ўнлаб тасдиқланган ҳолатлар ва камида битта ўлим ҳолатини ҳужжатлаштирган.