Бугун АОКАда Судьялар олий кенгаши мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамияти органи бўлиб, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишни таъминлашга кўмаклашади.
Кенгаш вазифаларидан келиб чиққан ҳолда профессионал судьялар корпусини шакллантириш, тизимни малакали, ҳалол ва пок кадрлар билан тўлдириш, кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида:
- Кенгаш томонидан 2021 йилда судьяларни тайинлаш, вакант лавозимларни тўлдириш бўйича очиқ ва ошкора ўтказилган танловлар натижасида 460 нафар судьялик (умумий номзодларнинг 70,4 фоизи) лавозимига тайинланди. 2022 йилнинг 1-чорагида 76 нафар судья лавозимга тайинланди. (Жорий йил 25 март ҳолатига суд тизимида вакант ўринлар сони 38 та (2,9 фоиз) ташкил этди. Республика бўйича суд тизимида судьялик лавозимида ишлаётган судьялар сони 1292 нафарни ташкил этади.)
- 2021 йилда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар фаолияти ўрганилиб, камчиликка йўл қўйган 220 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилди. Бундан ташқари 19 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилди. 2022 йилнинг биринчи чорагида эса 22 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилган бўлса, интизомий жавобгарликка тортилганлар 80 нафарни ташкил этади.
- 2021 йилда ваколат муддати тугаган 12 нафар судья навбатдаги муддатга нолойиқ деб топилган бўлса, 2022 йилнинг биринчи чорагида бу миқдор 4 нафарни ташкил этади.
- Судьялар олий мактабида 2021 йилда 73 нафар судьяликка номзод касбга тайёрланиб, шундан 62 нафари илк бор судьялик лавозимига тайинланди.
- Судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашларнинг олдини олиш ва керакли чоралар қўллаш ҳам Судьялар олий кенгашининг устувор вазифаси ҳисобланади. 2021 йилда одил судловга аралашиш билан боғлиқ 4 та ҳолат бўйича хизмат текширувлари ўтказилиб, аниқланган ҳолатлар бўйича Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурорга ўз вақтида тақдимномалар киритилди. Натижада айбдор шахсларга нисбатан 2 та жиноят иши ва 2 та маъмурий иш қўзғатилди. 2022 йил биринчи чорагида судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашиш бўйича ҳолат қайд этилмади. Бироқ судьялар дахлсизлигига таъсир ўтказиши эҳтимоли юз берган ҳолатлар бўйича Кенгаш матбуот хизмати томонидан 3 марта баёнот берилиб, воқеликка муносабат билдирилди.
Тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш борасида:
Коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва муросасиз муносабатда бўлишни шакллантиришга қаратилган йиллик дастур тасдиқланиб, ижроси таъминланди.
Кенгаш ташаббуси билан пора олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган судья ва оила-аъзоларининг изтироби акс этган “Пушаймон” номли қисқа метражли фильм суртга олиниб, жойларга чиққан ҳолда барча судья ва уларнинг турмуш ўртоқларига намойиш қилинди;
коррупциявий жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида “Пора берма” номли постер фуқаролар қабулхоналарига, “Пора олма” номли буклет эса судьяларнинг хизмат хоналарига жойлаштирилди;
“Судьянинг маънавияти, одоби ва масъулияти” номли маърифий китоб чоп этилиб, барча судьяларга бепул тарқатилди.
Бундан ташқари:
ўтган йилдан бошлаб, судьяликка номзодлар ва судьяларнинг касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон психологик тест дастури ишга туширилди. Психологик тест ва суҳбатлар орқали судьяларнинг дунёқараши, турли ҳолатларга чидамлилиги, вазиятга баҳо бериш кўникмаси, ҳатто ичкиликка ва коррупцияга мойиллиги ҳақида тавсиявий характердаги хулосалар олинади;
судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури ишга туширилди; Бунда судья профессионаллик, малакалилик, интизомлилик, маъсулиятлилик нуқтаи назаридан баҳоланади. Электрон рейтинг баҳолаш дастурини ишга туширилиши натижасида энг юқори рейтинг-баллга эга 16 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди. Рейтинг кўрсатгичи паст 42 нафар судьянинг малакаси ошириш бўйича комплекс чоралари кўрилмоқда.
Маълумот ўрнида, World Justice Project ташкилоти 2021 йилги Ҳуқуқ устуворлиги индекси натижаларини эълон қилди. Тадқиқотлар COVID-19 пандемияси сабаб 74,2 фоиз мамлакатда ҳуқуқ устуворлиги кўрсаткичлари пасайганини кўрсатмоқда. Ўзбекистонга берилган баҳолар эса 4,1 фоизга ошди, натижада 139 та давлат орасида 85 ўринни эгаллади.
Бу эса суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширлаётган ислоҳотларнинг амалда ижобий томонга ўзгарганлигидан далолат беради.