22 июль куни фарғоналик блогерлар Олимжон Ҳайдаров ва Комилжон Аҳмедовлар диний адоватни тарғиб қилувчи материаллар тарқатишда айбланиб, 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортилди, дея хабар бермоқда Kun.uz.
Маълум қилинишича, Комилжон Аҳмедов ўзининг Facebook'даги «Қўқонжоним» каналида «Қўқон шаҳрида ноқонуний черков фаолият олиб бормоқда» сарлавҳали пост қолдирган. Ушбу постни блогер Олимжон Ҳайдаров ҳам ўзининг саҳифасида қайта улашган. Кейинроқ иккала блогерлар ҳам мазкур постларни ўчириб ташлаган.
Шундан сўнг, постда назарда тутилган Қўқон шаҳридаги «Возрождение» номли «Евангел» христианлари черкови пастори А.Айрапетов томонидан Қўқон шаҳар ИИБга шикоят қилинади.
Терговга қадар текширув давомида, Қўқон шаҳрида жойлашган мазкур черков 2019 йилдан бошлаб Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиб, расмий фаолият юритиб келаётгани маълум бўлган. Шунингдек, блогерлар томонидан тарқатилган постдаги матн Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, давлат идоралари вакиллари фаолиятига нотўғри баҳо бериш ҳолати ҳамда ислом динига эътиқод қилувчи фуқароларда христиан динига эътиқод қилувчи фуқароларга нисбатан диний адоватни тарғиб қилувчи хусусиятлар мавжуд, деб топилган.
22 июль куни жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан кўрилган ишда К.Аҳмедов ҳақиқатдан ҳам ўзининг «Қўқонжоним» каналида юқоридаги постни жойлаганини, бироз вақт ўтганидан сўнг ушбу постни ўчириб ташлаганини ва ҳолат тегишли органлар томонидан назоратга олиниши сўраганини айтган.
О.Ҳайдаров эса судда бундай пост жойламаганини таъкидлаган.
«Судда ҳуқуқбузар О.Ҳайдаров ҳақиқатдан ҳам рақамига расмийлаштирилган «Олимжон Ҳайдаров» номли аккаунти орқали «Олимжон Ҳайдаров» номли канал очганини, ушбу каналга турли мавзуда постлар қўйиб келишини, 2022 йил 26 июнь куни «Facebook» ижтимоий тармоғида Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри, Чуст кўчасида жойлашган ноқонуний Рус черкови тўғрисидаги хабарга кўзи тушганини, лекин у «Facebook» ижтимоий тармоғига жойламаганини, уни номидан бошқа бир шахс қўйган бўлиши мумкинлигини, у диний адоватни тарғиб қилувчи материалларга муносабат билдириб пост қолдирганини, ушбу диний ҳолатни назоратга олишларини сўраганини, ушбу номаълум шахс томонидан қўйилган постдаги матнлар нотўғри эканини, хулоса бошқа каналдан олинганини, «Қўқонжоним» каналига алоқаси йўқлигини айтиб кўрсатув берди.
Гарчанд, К.Аҳмедов содир этган ҳуқуқбузарлигига иқрор бўлиб, О.Ҳайдаров иқрор бўлмасдан кўрсатув берган бўлсада уларнинг содир этган ҳуқуқбузарлиги иш ҳужжатларидаги тушунтириш хатлари, экспертиза хулосаси, телефон аппаратидан олинган ва скриншот қилинган фотосуратлар ва иш бўйича тўпланган бошқа объектив далиллар билан тўлиқ ўз исботини топган», - дейилади Олий суд матбуот хизмати томонидан Kun.uz'га тақдим қилинган суд қарорининг нусхасида.
Юқоридагиларга асосланиб, фуқаролар Комилжон Аҳмедов ва Олимжон Ҳайдаровлар Ўзбекистон Республикаси МжтКнинг 184-3-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва уларнинг иккаласига ҳам ўн беш суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, қарорда қамоқда сақланган кунлари учун 675 минг сўмдан қамоқ харажатлар ҳуқуқбузарлардан ундирилиши кўрсатилган.
Олий суд матбуот хизмати бошлиғи Азиз Обидовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, фуқаролар ёки уларнинг адвокатлари 23 июль 11:00 ҳолатига кўра, суд ҳукми юзасидан апелляция шикояти бермаган.