Аввалроқ Қўқон шаҳридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ётоқхонасида икки нафар вояга етмаган тарбияланувчилар ўзи билан бирга тарбияланаётган вояга етмаган Р.А.га тан жароҳати етказиши оқибатида вафот этгани хабар қилинганди. Шундан сўнг 2 нафар ходим ИИО хизматидан бўшатилганди.
Вилоят ИИБнинг қайд этишича, тегишли хизматлар томонидан ўтказилган хизмат текшируви якунланган. Унга кўра, ушбу марказ бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходимга “Ҳайфсан” интизомий жазоси тайинланган. 4 нафар ходимнинг эса лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни Учкўприк тумани «Султон» МФЙда яшовчи 15 ёшли ўсмир бола Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган «Ансор» савдо мажмуасида назоратсиз юргани аниқланган.
Ўсмир савдо мажмуасида ўғирлик қилмоқчи бўлганида ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, туман бошлиғининг шу кунги қарори билан Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ ВЕИҲЁКМга жойлаштирилган.
17 октябрь куни вояга етмаган фуқаронинг соғлиги ёмонлашиб, ҳушидан кетгани сабабли Тез-тиббий ёрдам ходимлари чақирилган. Унга тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига «бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши» сабаб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18 октябрь куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан ИИБ ЖХХ ҲПБ ВЕИҲЁКМ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.