Кеча Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги Термиз дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Туркия Қуролли Кучларининг махсус бўлинмалари билан ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқувининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи полковник Лазиз Усмонов, Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлат Сативалдиев ва Туркия Республикаси махсус операция кучлари бригадаси командирининг ўринбосари полковник Рушту Тўреди ҳамда икки давлат ҳарбий хизматчилари иштирок этди.
Дала-ўқув майдонида давом этган ўқувларда ҳарбий хизматчилар тажриба алмашиш учун 15 километр мажмуавий махсус тактик йўлагидан ўтиш, жанговар иккилик, учлик ва тўртлик таркибида яқин жанг элементлари бўйича кўргазмали амалий махсус ўқ отиш ва қийин шароитларда яшовчанлик ҳолатлари бўйича амалий машғулотларга жалб этилди.
Шунингдек, полигонда иштирокчилар махсус-тактик ўқуви саволлари бўйича машғулотлар олиб боришди ҳамда ўзбек ва турк ҳарбийлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.
Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотлари 27 март кунига қадар давом этади.