Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўзбекнинг эркаги

2739

Бундан кўп йиллар муқаддам навбатдаги таътилни ўзи поляк миллатига мансуб бўлиб, Литва пойтахти Вильнюс шаҳри яқинида яшайдиган, кўпдан буён мени меҳмонга таклиф қилган дўстимнинг уйида ўтказишга аҳд қилдим. Жуда хушчақчақ, меҳмондўст оила экан. Мени кўп жойларга олиб бориб, хўп қизиқ нарсаларни кўрсатишди.

Кунлардан бир кун оила таркибида балиқ овига чиқадиган бўлдик. Дўстим, унинг қаллиғи, отаси, онаси, синглиси ва мен сафарга отландик. Қарасам, омборларида ўзимизнинг қозонга ўхшаш, туби ясси идиш бўлиб, унда улар йирик куркани бутунича димлашар экан.

- Балиқ қачон қармоққа илинади-ю, қачон у қошиқлаб олинадиган егуликка айланади! Келинглар, балиқ шўрва пишгунча мен сизларга ош дамлаб берай, бир чўқимдан бўлса ҳам, еб, таъмадди қилиб оламиз, - таклиф киритдим мен.
- Овқат тайёрлашни биласанми? - сўради онаси, ҳайрон бўлиб.
- Қизиқ экансизу, ўзбекман мен, ахир! - ярми ҳазил, ярми чин оҳангда жавоб бердим мен. - Ўзбекнинг ҳар бир эркаги овқат тайёрашни, айниқса, ош дамлашни билиши шарт! Билмаса, уят бўлади.

Поляк эркакларини бу масалада бироз танқид қилган аёллар таклифимни бажонидил қабул қилиб, ош дамлаш жараёнини ёзиб олиш учун юк халталарига дафтар-қалам ҳам солиб олишди. Йўл-йўлакай гастрономга кириб, ошга керакли маҳсулотлар харид қилдик. Кўрфазга етгач, ота-ўғил қайиқ ва балиқ ови анжомларини ҳозирлашга киришди. Мен эса сабзи-пиёз арчиш ишларини аёлларга топшириб, ўчоқ тайёрлашга киришдим. Бироз ер қазиб, атрофига тош териб чиққач, лой қориб, шувадим. Ўт ёқиб, янги ўчоқни қуритдим. Сабзини ўзим тўғраб, зирвакни обдон қизартириб қовурар эканман, дўстимнинг отаси келиб, қозонга қаради-да, хулоса қилди:

- Ўзбекнинг мақтанчоқ эркаги полякнинг эркагидан ҳеч қолишмас экан. Маҳсулотни боплаб куйдириб, қорайтирибди! Энди, ҳурматли аёллар поляк эркаклар балиқ тутиб келгунича сабзи ғажиб ўтиринглар!

Кулимсираб қўйдиму, индамадим. Жараённи «ҳужжатлаштириб» бораётган она-бола ҳам лабларини қимтиб, иккиланганча қозонга қарашди.
Орадан бир соат ўтиб ўтмай, ош тайёр бўлди. Дастурхон атрофида йиғилган оила тилла тусли ошдан бир-икки қошиқ олиб, бундай мазали таомни умрида емагани, шу ёшга етгунча ўзбеклар ва уларнинг миллий таомлари ҳақида деярли ҳеч нарса билмай келгани яхши бўлмаганини тан олишди.

Уйга қайтгач, дўстимнинг онаси, синглиси, қаллиғи ва уларнинг дугоналарига бир неча кун давомида навбат билан қатлама, манти, қайнатма шўрва, лағмон каби бир қатор таомлар биз ўзбекларда қандай тайёрланишини амалда ўргатдим, амалий кўникмалар синови тариқасида ушбу таомларни ҳар бирига бир неча бор алоҳида тайёрлатдим.

Орадан жуда кўп йиллар ўтди. Билишимча, дўстимнинг отаси умрининг охиригача мени, ўша йили балиқ овида дамлаб берган ошимни тез-тез эслаб, набираларига ва дўстлар даврасида биз ўзбекларни мақтаб ўтган экан.

Қиссадан ҳисса шуки, ҳар бир ўзбек, яъни мусулмон эркак албатта кўп ҳунарли, айниқса, таом пишириш масаласида уқувга, малакага эга бўлиши айни муддаодир. Чунки ота-боболаримиз давридан қолаётган хайрли анъана бор — ўзбек хонадонларида оилабоши овқат тайёрлайдиган кунни орзиқиб кутилади. Гап фақатгина таом тайёрлашда эмас. Уй-рўзғор ишларидан бохабар бўлиш йигитнинг қийматини оширади. Зеро, куйган лампочкани алиштириш учун ҳам уста чақирадиган ношуд эрлар ҳеч қачон обрў-эътиборга эга бўлмайдилар.

Шокир Долимов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўқлар ёмғири остида ҳам палов пиширган ўзбек йигити ҳалок бўлди

10977 14:25 30.07.2022

Форёбда ўзбек қўмондони ҳибсга олингани ортидан норозилик келиб чиқди

6193 15:35 14.01.2022

Бу ҳақда яна кўп нарса ёзиш мумкин

2264 11:30 03.06.2021

Ўзбек халқини советлар саводли қилганми? Бекорларни айтибсиз!

6620 11:33 05.05.2021

Уларга ўзбек тили муҳити етишмаяпти

2488 18:30 29.04.2021
« Орқага