Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ўзбек халқини советлар саводли қилганми? Бекорларни айтибсиз!

6620

Бугун Фейсбукда Ислам Капарзо деган "тарихчи"нинг видеомурожаатига кўзим тушди. Унинг айтишича, 1 май куни биз "Халқлар дўстлиги" майдонида кўтарилган қизил байроқни оккупантларники дея ерга урганимиз зотлар ўзбек давлатининг "яралиши"га, оммавий саводсиз бўлган халқнинг ҳарф танишига сабабчи бўлган эмиш.

"Туркистонда 1914 йилда 5-6 фоизгина аҳоли саводли (94 фоиз аҳоли саводсиз!) бўлган бўлса, Луначарский дастури шарофати билан 1939 йилга келиб, 98 фоиз аҳоли саводли бўлди. Ўша сиз айтган оккупантлар оммавий саводсизликни тугатиш билан шуғулланганлар" дейди "тарихшунос".

Демак, унинг айтишича, оккупантлар келмагунча, ўзбек халқи жуда қолоқ, саводсиз, илмсиз бўлган экан. Капарзонинг даъвосича, ХХ асрнинг аввалида халқимизнинг 94 фоизи саводсиз бўлган. Бу жуда катта рақам ва халқнинг устидан чинакамига кулишдир. 94 фоиз аҳолиси ўқиб-ёзишни билмайдиган миллат ўз генофондини йўқотган, халқ сифатида йўқ бўлган миллат ҳисобланади. 1939 йилгача икки уч мартадан имло ва ёзувни ўзгартириб, сарсон қилиб ҳам пировардида 98 фоиз саводга "эришиш" мумкинми? Хўш, "тарихчи"нинг бу сўзларига тарих нима дейди?

Тарихчи Хуршид Даврон 1989 йили ёзган "Тарих мезони ҳақиқатдир" мақоласида ёзишича, 1897 йили ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига асосан тожикларнинг 99,5; қирғизларнинг 99,4; туркманларнинг 99,3; ўзбекларнинг 98,4; қозоқларнинг 97,9 фоизи саводсиз бўлган(!). Бу ҳисоб-китоб эса ўлкада ташкил этилган рус-тузем мактабларида таълим олган болалар сонига нисбатан олингани ҳозир энди сир эмас.

Туркистондаги эски мактабларда, мадрасаларда таълим олаётган ёшлар, ичкарида отинбибилар қўлида хат-савод чиқараётган хотин-қизлар эса умуман «саноққа» қўшилмаган. Ваҳоланки, 1897 йили Самарқанднинг ўзида битта рус-тузем мактаби бўлгани ҳолда, 21 мадраса, 83 мактаб ёки Бухорода ўша йилларда 103 мадраса бўлгани тарихдан маълум-ку!

Татар олимлари ўрганиб чиққан маълумотларга биноан, Туркистон мустамлакага айлантирилгандан сўнг маориф иши олдинга эмас, орқага кетган. Буни Туркистон генерал-губернаторларидан бири бўлган генерал Н. А. Куропаткиннинг ўз кундалигида битган: «Биз маҳаллий аҳолини 50 йил давомида тараққиётдан, мактаб-маорифдан ва рус ҳаётидан четда сақладик», деб битган сўзлари ҳам тасдиқлайди.

Профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг ёзишича, Совет давридаги деярли барча илмий манбаларда 1917 йил Октябрь тўнтаришига қадар Ўзбекистон аҳолисининг 1,5—2% гина саводли деган ёлғондан иборат маълумотлар кўрсатилган. Ҳолбуки, 1897 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Россия маркази аҳолисининг саводлилик даражаси ҳам атиги 21% га тенглиги қайд этилган. Сўнгги даврда олиб борилган тадқиқотлар натижасида аниқланган маълумотларга кўра, 1913 йил Туркистон ўлкасида 7665 мактаб ва мадраса фаолият кўрсатган. Бу рақам ўлкамиз аҳолисининг саводлилик даражаси расмий маълумотларда қайд этилганига қараганда анча баланд бўлганлигини кўрсатади.

Профессор Исматулла Абдуллаевнинг ёзишича, ўша даврларда миллий мактаб ва мадрасаларни битирганлар саводлилар қаторига қўшилмаган. 30-йилларда саводсизликни битириш учун кураш бошланганда араб хатида ўқийдиганларни саводсизга чиқарилган.

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол 1989 йили куюниб ёзган эди: "Биз бир минг уч юз йиллик алифбомиздан айрилдик (Уни сизники эмас, арабники дейишди. Мантиқни қаранг: бизга ўн уч аср хизмат қилди-ю, бизники бўлмай, фақат арабники бўладими?) Боболаримиз қўли билан битилган минглаб, ўнг минглаб китобларимиз оловга отилди, ерга кўмилди. Юзлаб тарихий обидаларимиз бузиб ташланди. Буюк тарих, қадимий маданият яратган халқни тўқсон саккиз фоиз бесавод эди, деб эълон қилишди. Агар шу гап рост бўлса, шаҳарларимиздаги юзлаб мадрасаларда кимлар ўқиган? Биргина Шарқшунослик институтида сақланаётган юз мингга яқин қўлёзма ва китобларни кимлар ёзиб, кимлар мутолаа этган? Лекин биз уялмасдан, ашула қилиб айтиб юравердик:
Ким эдик тарихда бизлар — номи йўқ, қашшоқ, гадо..."

Профессор Нурислом Тўхлиевнинг ёзишича, 1930 йилда Москвада чиқарилган «Национальная политика ВКП (б) в цифрах» китобида 1926 йилги аҳоли рўйхатига кўра ўзбекларнинг атиги 4 фоизи ўқиш ва ёзишни билиши айтилган.

Жаноб Исломжон Капарзо, мен Марғилон шаҳриданман. Сиз айтаётган ўша истилочи олимлардан бири Владимир Наливкиннинг ёзишича, 1875 йилда Марғилон шаҳрида 57 та мадраса, 433 та мактаб, 42 та отин ойи мактаби, 21 та қорихона, 243 та масжид, шунингдек, 2 та яҳудий мактаби бўлган. 1897 йили Марғилонда 36490 киши истиқомат қилган. Энди оддий ҳисоб-китоб қиламиз. Ҳозирда олий ва ўрта-махсус таълимга тўғри келадиган 57 та мадрасада ўртача 50 нафардан, 475 та мактаб ва отинойи мактабида 30 нафардан ўқувчи ўқиган деб ҳисобласак, шаҳарнинг ярим аҳолиси илм-савод билан банд бўлгани келиб чиқади. Шунча мадраса, мактаб бекорга ишламагандир, шунча толиби илм ўқишга "варрак учиргани" бормагандир. Улар орасида русчани билмаган "саводсиз"лари кўп бўлгандир. Лекин ўша мактаб-мадраса битирган толиби илмлар сиз айтган босқинчилардан кўра анча саводли бўлган. 

Мустамлакачилар ҳимоячиси бўлган "тарихчи" жаноб таъкидлаган йиллар давомида ўзбек алифбоси ва имлоси икки марта ўзгариб, савод масаласини янада қийинлаштирди. Аввалига минг йиллар давомида фойдаланиб келинган араб алифбоси ислоҳ қилинди, сўнг лотин ёзувига ўтилди. 1939 йили эса кирилл ёзувига ўтилди. Халқимиз атиги 15 йил ичида 3 марта ёзув алмаштирди.

Хўш, русчани билмайдиган аҳолини саводсиз деб атаб, ўлкага маданият олиб кирдик дея унинг минг йиллик ёзувини, таълим тизими йўқ қилган, қисқа муддат ичида 3 марта алифбосини ўзгартириб, халқни саргардон қилиб, яна биз бу халқни саводли қилдик деган истилочилар яна қайси ҳақни талаб қиляпти?

Давронбек Тожиалиев, 
журналист

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўқлар ёмғири остида ҳам палов пиширган ўзбек йигити ҳалок бўлди

10977 14:25 30.07.2022

Форёбда ўзбек қўмондони ҳибсга олингани ортидан норозилик келиб чиқди

6193 15:35 14.01.2022

Бу ҳақда яна кўп нарса ёзиш мумкин

2264 11:30 03.06.2021

Уларга ўзбек тили муҳити етишмаяпти

2488 18:30 29.04.2021

Ўзбекнинг эркаги

2740 12:30 27.04.2021
« Орқага