“Толибон” ҳаракати 21 мартдан бошлаб бутун Афғонистон бўйлаб қизлар учун мактаблар очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ҳаракатнинг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди, деб хабар беради TOLOnews.
Мужоҳиднинг таъкидлашича, «Толибон» ҳаракати қизларнинг мактабда ўқишига қарши эмас, лекин улар ўғил болалардан алоҳида синфларда ўқиши керак.
У ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида синф хоналарининг йўқлиги сабабли қизлар мактабга бора олмаётганини айтди. “Биз бу муаммоларни кейинги ўқув йилига қадар ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз”, – деди Мужоҳид.
Афғонистондаги мактаблар ўтган йилнинг август ойи ўрталарида, «Толибон» ҳокимиятни қўлга киритгач, ўз фаолиятини тўхтатган эди. 19 сентябрь куни мактаблар иш бошлади, бироқ фақат ўғил болаларнинг ўқишига рухсат берилди.
Ҳозирча Афғонистоннинг 34 вилоятидан фақат 7 тасида қизларнинг мактабга бориш имконияти мавжуд.