Швейцариянинг жиноят ишлари бўйича федерал суди Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноий иш доирасида “музлатиб” қўйилган маблағлардан қарийб 70 миллион долларни Takilant компаниясига қайтаришга қарор қилди. Тергов ушбу активлар жиноят натижасида қўлга киритилганлигини аниқлай олмади, дейилади суд баёнотида.
Swissinfo нашрининг ёзишича, Гулнора Каримова бенефициар бўлган Takilant ҳозирда текширилаётган Швейцариядаги бешта ҳисобрақамининг иккитаси билан боғланган. Компаниядан олиб қўйилган умумий сумма 350 миллион доллардан ортиқни ташкил қилган.
Суд хулосасига кўра, ушбу сумманинг 293 миллион доллардан ортиғи (тахминан 270 миллион Швейцария франки) мусодара қилиниши керак, чунки ишда иштирок этган бир неча шахс, жумладан, Гулнора Каримованинг ўзи ва унинг ёрдамчиси пул “ювиш” ҳолатлари бўйича айбдор деб топилган.
2020 йил декабрь ойи бошида Швейцариянинг апелляция суди Каримованинг Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant компаниясининг қонуний бенефициари эканлиги ҳақидаги даъвосини қаноатлантирган эди. Компаниянинг Швейцария банкидаги маблағлари 2018 йилда тергов томонидан “музлатиб” қўйилган.
Европа давлатларида Каримова номи билан боғлиқ компанияларнинг жиноий фаолияти юзасидан тергов 2012 йилда бошланган. Каримова билан алоқадор икки киши ҳужжатларни қалбакилаштириш ва пул ювишда айбланган. Кейинроқ Каримованинг ўзига нисбатан ҳам тергов бошланди.
Жиноий схема TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС каби хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига чиқиш эвазига катта миқдордаги пулларни ноқонуний равишда олишдан иборат эди. Кейинчалик бу маблағлар чет элда, асосан Швейцарияда “ювилган”. 2018 йилда Швейцария Каримовани айбдор деб топди ва Швейцариянинг иккита банкидаги бешта ҳисобрақамидаги 555 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилишни буюрди.