БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида «Украинанинг Қрим Мухтор Республикаси ва Севастополь шаҳри ҳамда Қора ва Азов денгизлари ҳудудларининг милитаризацияси муаммоси» деб аталувчи резолюция қабул қилинди. Ҳужжатни 63 давлат қўллаб-қувватлади, 19 таси унга қарши чиқди ва 66 давлат бетарафликни маъқул кўрди.
Резолюция лойиҳаси Бош Ассамблея кун тартибига 24 давлатдан иборат гуруҳ томонидан киритилди. Лойиҳа устида 42 давлат вакиллари ишлаган.
«БМТ Бош Ассамблеяси таъкидлайдики, Қримда Россия қўшинларининг бўлиши Украинанинг миллий суверенитети, сиёсий мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини бузади, шунингдек қўшни давлатлар ва Европа минтақасининг хавфсизлиги ва барқарорлигига раҳна солади», – дейилади резолюцияда. Шунингдек, ҳужжатда «Россиянинг босқичи давлат сифатида Қримни тобора милитаризация қилаётгани» борасида хавотир билдирилган.
Резолюция муаллифлари Россияни Қримга қурол-яроғ, хусусан, ядро қуроли ташийдиган самолётлар ва ракеталарни олиб боришни тўхтатишга, ўз юрисдикциясини Қримдаги ядровий объектлар ва материалларга қўлламасликка, қримликларни ўз қуролли кучлари сафига жалб этмасликка чақирди.