Дунёнинг ҳам охири кўриниб қолди, қиёматнинг энг ёрқин аломатларидан бир фаҳш-бузуқликнинг кенг ёйилишини барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Катта ёшдагилар орасидаги бузуқликларга кўзимиз ҳам, қулоғимиз ҳам кўникиб бўлди, илгарилари жамиятдаги энг паст ўринда кўрилган бундай каслар энди кўчаларда бемалол жанжал қилиб, ҳақини талаб этадиган бўлиб қолди. Олдинлари аҳёнда қулоққа чалинган, ўшанда ҳам кўпи ақли ноқис инсонлар томонидан содир этилган ёш болаларга тажовуз ҳолатлари бугунга келиб тез-тез юз берадиган воқеликка айланмоқда!
Энди мўминлар учун имонни сақлаб қолиш, яъни қалби ва жисмини ҳақиқий мўминга хос покиза сақлаб қолиш борган сари оғир ва машаққатли синовга айланиб бормоқда. Чунки қаршингиздаги душман кучли, унда улкан ахборот майдони, йирик маблағ ва куч бор. У мазкур имкониятларини ўрни билан ишга солиб, бисотингиздаги энг қимматбаҳо бойлигингиз ― имонингизга чанг солишга уринади. Ота-онангиз тарбиянгизни чиройли берган, оқу қорани ажратишни ўргатиб, қалбингизга Аллоҳдан қўрқишни жойлаб бўлса ва сиз Аллоҳнинг тавфиқига суяниб, ўзингиздан сал хотиржам бўлсангиз, жондан азиз болангизни нишонга олади, қўлидаги телефон орқали у билан сиздан ҳам кўра қадрдонроқ бўлиб олади ва ниҳоят, боланинг онгги-ю қалбини забт этади, Аллоҳ асрасин!
Буларнинг барчасига чора излаб, қутулиш учун йўл деб билиб, болани мактабга йўллайсиз. У ердаги таълим сиз бераётган тарбияга кўмакчи бўлар, деб умид қиласиз. Аммо у ерда ҳам сизни янги хавф кутиши эҳтимоли пайдо бўлди. Хабарларга кўра, энди мактабларда жинсий тарбий фани йўлга қўйилар экан. Бу фанда ўтиладиган дарслар БМТга қарашли Жаҳон соқликни сақлаш ташкилотининг Европа мактабгача ва мактаб таълим муассасалари учун тавсия этган жинсий таълим дастурига таянармиш. Унинг қандай дастур экани ҳам тармоқлардан тарқаб улгурди:
“Унинг 42-бетида тавсиялар жадвал шаклида берилган. Хусусан:
0-4 ёшдаги болалар учун мастурбация ҳақида тушунча бериш.
4-6 ёшдаги болалар учун жинсий алоқа ҳақида тушунча бериш.
6-9 ёшдаги болалар учун ўз жинсига нисбатан муҳаббат ҳақида тушунча бериш ва ундан катта ёшларга ундан ҳам баттар мавзулар ҳақида тушунчалар берилади (fecebookдаги Anvar Izzat маълумотларидан).
Энди ҳис қиляпсизми, хавфнинг кўлами қай даражада эканини? Яъни мактабларда ушбу дастур қабул қилиниб, у асосда дарслар киритиладиган бўлса, фарзандингизга бузуқчилик расман ўргатила бошлайди! Гарчи мутасаддилар бу ҳақида расмий маълумот беришмасада, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди.
Бир қавмни, бир миллатни турли ёмонликдан, унинг ортидан келадиган офату балолардан огоҳлантириб туриш пайғамбарларнинг вазифаси бўлган. Улардан кейин эса меросхўрлари бўлмиш уламолар бу вазифани зиммаларига олганлар. Шу маънода юқоридаги хавфдан ҳам юртимиз уламолари халқни, давлатни огоҳлантиришмоқда. Улар муаммога тайёр, кафолатланган ечим ― исломий тарбия турганида ғарбнинг ярани баттар газак олдирувчи “ечим”ига бош уриш оқибатлари ҳақида бонг уришмоқда. Жумладан, устоз Мубашшир Аҳмад бундай ёзадилар:
“Педофилия муаммолари сабабли мактабларга жинсий таълим киритилишини таклиф этишмоқда. Бу билан болаларимизнинг юзини батамом очишни кўзлашяпти.
Бу касални бошқа касаллик эвазига даволаш ёки сассиқнинг сассиқлигини ёпиш учун сассиқ ҳид тарқатиш каби ишдир.
Ўзини зиёли ҳисоблайдиганлар томонидан бирор марта асл қадриятимиз ― исломий тарбияни қўллашни таклиф этилмаётгани ўта ачинарли ҳолат.
Бундай сурбетлик ва суллоҳликка қатъий қаршиман. Жинсий таълим ўрнига кўзни тийиш, зино каби ҳаромлар борасидаги динимиз таълимотларини кенг ёйишимиз керак”.
Албатта, ғарбдаги жинсий тарбия дарсларидан, шахсий фикримизча, биз кўзлаган, биз орзу қилган ахлоқий тарбия, болаларни бузуқликлардан сақлаш кўзланмаган. Буни шундай дарслар давлат мактабларида 10 йилдан ошиқ вақтдан бери ўқитилаётган АҚШ мисолида яққол кўриш мумкин. Улар шунча вақтдан бери мактабларда болаларга беришаётган Жинсий тарбия натижасида АҚШда ёш болаларга тажовуз воқеалари камайдими? Ўзи умуман, бу дарслар диний-ахлоқий асосга таянмаслиги кундек равшан, ҳеч бўлмаса илмий асосга эгами? Афсуски, ундай эмас ва буни АҚШда яшаб, фарзандларини давлат мактабида ўқитаётган ватандошимиз ҳаммага тушунарли тарзда исботлаб берган.
Жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишида ҳам, унинг таназзулга юз тутишида ҳам зиёлиларининг бевосита ўрни ва роли бўлади. Шунинг учун ҳам устоз Мубашшир Аҳмад ЖССТнинг таълим дастурини юртимизда ҳам жорий этишга чақираётганларнинг чинакам зиёли эканини шубҳа остига олади ва улар ҳақида бундай ёзади:
"Зиёлилар"имиз бошвоғини йўқотган, қаердан келиб, қаерга кетаётганини англай олмаётган сигирга ўхшайди.
Педофилиянинг олдини олиш учун ёш гўдакларга жинсий аъзолар ва уларнинг вазифаларини, катталар ҳужумидан ҳимояланиш йўлларини ўргатиш, нафси бузуқ ҳаромилар тажовузига учраганларга ёрдам беришнигина таклиф этиш билан улар ушбу жиноят янада кенг тарқашини рағбатлантиришмоқда. Яна бундай жиноят ҳамма давлатда бор, деб таскин ҳам бериб қўйишади”.
Муаллиф муаммони кичик санамасликка ва бепарво бўлмасликка чақирар экан, бу йўлда барчани, айниқса, диний соҳага масъул бўлганларни пешқадам бўлишга чорлайди:
“Жамият уларга қарши бирлашиши, чиркин ғояларини четга улоқтириши керак. Бу борада диний уламолар, мусулмонлар идораси фаол бўлиши лозим. Халқимиз нафс қурбонлари етовига тушиб қолганда кеч бўлади!!”
Албатта, Худо кўрсатмасин, ўша дастур бизда қабул қилиниб, фарзандларимизга Жинсий тарбия фани сифатида ўқитила бошласа, бузуқчилик ортиб, кўплар нафс қурбонига айланиши тайин. Шунинг учун ҳам “Ҳали ҳеч гап йўқку, намунча ваҳима қиласизлар?!” деб айтаётганлар қаттиқ адашадилар, бузуқлик ҳам бир касаллик, бўлиб ҳам ўта юқумли, тузалиши мушкул ва давоси узоқ касаллик. Шундай экан, уни даволагандан олдини олиш афзал, шундай эмасми?
Бу иллатга бир чора сифатида эса устоз таклифни берадилар: “Жамиятни исломий ахлоқ меъёрлари қутқаради ва ҳайвонсифат ҳаромиларни ўлимга ҳукм қилиш улар сонини кескин камайтиради. Қонунларни қатъийлаштириш лозим ва бундай ҳаромиларга шафқат қилмаслик керак!”
Бундан ташқари, бу ишни қилган ҳар бир жиноятчи, ким бўлишидан қатъи назар, истисносиз жазоланиши даркор! Шундагина балки шу манфур жиноятни кўнглига тугиб қўйган нобакорлар бериладиган жазо муқаррар ва қаттиқлигини англаб, шум ниятидан қайтар.
Сезган бўлсангиз, мақолага сарлавҳа ўлароқ Аллоҳнинг оятини танладик. Зотан, сўзларнинг энг тўғриси ва энг таъсирчани Аллоҳнинг каломидир. Шундай экан, бу ёзувимизни ҳам унинг ояти ва унга раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф битган тафсир билан якунлаймиз, шояд ундан панду насиҳат олсак: “Бас, қаёққа кетмоқдасиз?!” (Таквир сураси, 26-оят).
Эй одамлар!!! Қуръон йўлини ташлаб қаёққа кетмоқдасиз?! Эй одамлар!!! Қуръон йўлидан юрмай, қаёққа кетмоқдасиз?! Ахир, Қуръон йўлида юрмасангиз, ҳалок бўласиз-ку! Қаёққа кетмоқдасиз?!