Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатга ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш учун диний таълим сифатини ошириш ва Ислом университети базасини мастаҳкамлаш зарур деган фикрда. Бу ҳақда у бугун мамлакат муфтийси Замир Рақиев билан учрашувда таъкидлаб ўтди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Жапаров Қирғизистон аҳолисининг аксари мусулмонлардан иборат кўп конфессияли дунёвий давлат эканлигини айтган.
«Ислом бошқа динларга нисбатан тоқатлилик ва кенг феъликка чақиради. Бу йўналишда Қирғизистон мусулмонлари идорасининг роли муҳим», – деди давлат раҳбари.
Шунингдек, президент диний таълим сифатини ошириш ва академик даражада малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам тўхталди. «Айни пайтда бу масала долзарб ва унинг ечими комплекс чора-тадбирлар қабул қилишни тақозо этади. Шу мақсадда Қирғизистон ислом университети базасини мустаҳкамлаш зарур», – дея таъкидлади Жапаров.
Муфтий Замир Рақиев президентнинг ушбу фикрини қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, айни пайтда мамлакатда юздан зиёд диний таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Муфтий Қирғизистонда Ислом академиясини қуриш масаласи долзарб бўлиб турганига эътибор қаратди.