Айтдиларки, озодлик жуда катта неъматдир. Шунинг учун бирор одамнинг озодлигига ҳаргиз халақит бермаслик керак. Одамларнинг ухлаб ором оладиган ёки дуруд ва бошқа вазифалар ўқийдиган ёхуд ёзди-чизди қиладиган вақтларида (қаттиқ зарурат бўлмаса) улар билан учрашгани бориш ёки уларга бир иш буюриш уларнинг озодлигини тортиб олишдир.
Бу тўғрида жуда эҳтиёт бўлиш керак. Унга бирор иш айтиш ёки у билан учрашиш мақсад бўлса, аввало, унинг вақти ва фурсатини билиб бориш керак. Мен ҳатто бир мажлисда ёки бир дастурхон тепасида турли жинсдаги одамларни жамлашни ёқтирмайман. Чунки бундай қилиб тўплашда уларнинг озодлигига халал етади ва улар ўзаро бетакаллуфлик билан бемалол, яйраб ўтирмайдилар. Ҳаммалари ўзларини гўё бир қамоқхонада ўтиргандек ҳис қиладилар. Шунинг учун мен сафарда ҳам, овқатни ҳамма билан ўтириб ейишга риоя қилмаслигимни, яъни ўзим хоҳлаган одам билан ўтириб овқатланишни шарт қилиб оламан.
Шу ўринда яна айтдиларки, Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонни озод қўйган ишларда ўзи томонидан янги-янги қайдлар (шартлар) қўшиш ўз озодлигини тортиб олишдир. Масалан, Аллоҳ таоло зикр учун таҳоратли бўл ёки таҳоратсиз бўл, деган бирор қайд айтмаган.
Худди шундай, ўтирган, тик турган, ётган, хуллас, ҳар ҳолатда ҳам зикр қилишга ижозат бор. Агар бирор одам фақат таҳоратли ҳолда ёки фақат тик турган ҳолда зикр қиламан, деган шартни ўз устига лозим қилиб олса, бу Худо берган озодликни тортиб олиб, ўзини ўзи мусибатга мубтало қилиш ҳисобланади.
Чунки инсонга шаръий мақсадларнинг остида ўзи қанчадан-қанча шартлар қўйилган. Худои таоло ҳеч қандай шарт қўймаган ўринларда ҳам инсон ўз устига турли қайдларни белгилаб олса, одатда унга бардавом амал қила олмайди. Чунки шариат оид қилган қайдларга риоя қилишнинг ўзи ҳам осон иш эмас. Ҳадисда келадики: «Лан туҳсуу ва лакин саддидуу ва қорибуу». Яъни сизлар устиларингизга юкланган амрларнинг ҳаммасига мукаммал тарзда амал қила олмайсизлар. Лекин ўзларингизни дуруст қилишга (тўғрилашга) ва яқин келишга ҳаракат қилинглар. (Мана шу ҳам кифоя қилади).
Кейин айтдиларки, бидъатнинг манъ қилиниши ва ножоиз бўлишига завқий бир сабаб ҳам шудир. Чунки, бидъат ҳам Худо берган озодликни инсондан тортиб олиб қўяди. Мисол учун, Аллоҳ таоло садақа савобини бировга бағишлаш учун ҳеч қандай қайд белгиламаган. Дилда ният қилиш ёки тил билан бунинг савоби фалончига етсин дейишнинг ўзи кифоя. Лекин инсонлар бунинг учун Қуръоннинг баъзи сураларини ўқиш ёки ўқитишни ҳам шарт қилиб белгилаб олиб ўзларини анчагина паришон қиладилар.
(Садақа қилишда кун белгилаш, катта жамоатни чақириш, қўй сўйиш, хатми кабир қилиш ваҳоказо шариат белгиламаган шартларга риоя қилиш инсон учун ўзини ўзи қийнашдан бошқа нарса эмас).
Муҳаммад Шафиъ Усмоний
Ёрқинжон қори Фозилов таржимаси