Боку Қорабоғ арманларининг уч томонлама келишувга мувофиқ Озарбайжон ҳудудида қолган уйларига қайтишини истисно этмайди. Озарбайжоннинг кўчирилган фуқаролар бўйича комиссияси раҳбари Равшан Рзаев бу ҳақда "Известия"га берган интервюсида айтиб ўтган. Унинг таъкидлашича, ҳудудларни қайтариш тўғрисида гап ҳам бўлмайди.
«Мамлакатимиз энг юқори даражада Озарбайжон ҳудудида собиқ Тоғли Қорабоғ автоном вилоятининг арман аҳолисини қабул қилишга тайёрлигини бир неча бор тасдиқлади. Аммо ҳудудда яшаш ҳуқуқи ҳудудларни бериш ҳуқуқи билан тушунилмаслиги керак. Улар можародан олдин яшаганларидек, биз билан бирга Озарбайжонда мамлакатимиз фуқароси сифатида яшаши мумкин», деб таъкидлаган сиёсатчи.
Шунингдек, у арманлар Озарбайжонда "аввалгидек ва ҳатто ундан яхшироқ яшаши, мамлакатнинг бошқа миллат ва элатлари каби барча шароитлардан фойдаланиши мумкинлиги"ни билдирган.
Қайтишни истаган арманлар учун хавфсизлик кафолатлари бўладими деган саволга жавобан Равшан Рзаев давлат, унинг конституцияси ва қонунлари Озарбайжонда яшовчи барча одамлар учун кафолат эканлигини айтган.
"Ва бунинг ҳаммасининг кафили - мамлакатимиз Президенти Илҳом Алиев", дея хулоса қилган комиссия раҳбари.
Россия Федерацияси, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари ўртасида уч томонлама битим 10 ноябрда имзоланган эди. Унга кўра 1994 йилдан 2020 йилгача тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг "хавфсизлик зонаси" ни ташкил этган етти туман Боку назорати остига ўтди. Ушбу ҳудудлар орасида аҳолисининг аксарияти арманлар бўлган Гадрут шаҳри ҳам бор эди.