«Дунё» ахборот агентлигининг хабарига кўра, Куала-Лумпур шаҳри Ўзбекистон давлат байроғи ранглари билан «бўялади». Aкция ташаббуси республиканинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига бағишлаб илгари сурилган.
Хабарда айтилишича, Куала-Лумпурнинг учта рамзий диққатга сазовор жойлари кўк, оқ ва яшил ранглар билан ёритилади:
- янги «Saloma Link» пиёдалар кўприги;
- ойтахт мерияси кўп қаватли биноси;
- машҳур «Petronas Twin Towers» жойлашган марказий чорраҳа.
Бундан ташқари, айнан «Petronas Twin Towers» ҳудудида ҳар 5 дақиқада катта экранга Ўзбекистон мустақиллигининг юбилейига бағишланган видео намойиш этилади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовнинг маълум қилишича, АҚШ ва Канаданинг диққатга сазовор жойларидан бири, дунёга машҳур Ниагара шаршараси 1 сентябрь куни Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига байроғимиз рангларида ёритилишини маълум қилган.
Элчихонанинг маълум қилишича, байроғимиз рангларидаги Ғарбий ярим шардаги энг кучли шаршарани 1 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 22:30 да (Тошкент вақти билан 2 сентябрь соат 7:30да) жонли эфирда ҳавола орқали томоша қилиш мумкин.
АҚШ ва Канадада яшовчи ватандошларимиз ушбу тадбирни сайтдаги анкетани тўлдириб, тўғридан-тўғри томоша қилишлари мумкин бўлади. Ниагара шаршарасининг Ўзбекистон байроғи ранглари билан ёритилиши 15 дақиқа давом этади.
Эслатиб ўтамиз, бу йил байрам шарафига республика аҳолиси кетма-кет беш кун дам олишлари мумкин (1-5 сентябр).