Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Мўминларнинг зийнати...

1638

Гар яхшилик бўлса, ҳар дилга ҳамдам,
Тарк айлагай элни қайғу ила  ғам.

Халқимиз орасида азал-азалдан меҳр-оқибат, хайру-саховат, силаи раҳм, аҳил қўшничилик эзгу қадрият сифатида шаклланган бўлиб, муҳтожларга ёрдам бериш, кексалар, беморлар ҳолидан хабар олиш, етим-есирларга ғамхўрлик қилиш каби мўмин кишига зийнат бахш этувчи фазилатларни бир сўз билан яхшилик деб атаймиз. Яхшилик, у моддий ёрдам тарзида ёки илм, касб-ҳунар ўргатиш, солиҳ амалларга бошлаш бўлсин, яхшилик қилувчи ҳам ундан баҳраманд бўлувчи ҳам бирдек манфаат кўради. 

Яхшилик сабаб кўнгли забун кишининг бошида кўланка солиб турган андуҳ булути арийди. Шикаста қалби малҳам топиб, ҳаётга ишончи, яшашга муҳаббати ортади. Саховатли инсонларнинг яхшилиги сабаб беморлар шифо топади. Мискинлар дастурхони ноз-неъматга тўлади. Касбли, ҳунарли бўлиб ўзи, аҳли оиласи ва жамиятга манфаат еткизади. Яхшилик қилувчи ҳамда ундан баҳраманд бўлган киши ўртасида меҳр-оқибат кучаяди. Муҳтожлар сафи камайиб, жамиятда тинчлик, барқарорлик, ҳамжиҳатлик ҳукм суради. Энг асосийси яхшилик қилган инсон ажру, савобга ноил бўлади. 

Яхшиликнинг ажру, мукофоти ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Бас, ким (ҳаётлик чоғида) зарра мисқолича яхшилик қилса, (Қиёмат куни) ўшани кўрур” (Залзала, 7); “Ким бирор яхшилик қилса, бас, у ўзи учун (яъни ўз фойдаси учун) бўлур” (Жосия, 15). Муқаддас битикда келтирилганидек, мўмин банданинг қилган яхши амаллари охират учун сармоя бўлади ва шунинг баробарида бу дунёда ҳам манфаат топади. 

“Садақага шошилинглар. Зеро, албатта, бало уни босиб ўтолмас” дейилади ҳадиси шарифда. Қурби етган одам саховатли бўлса, ғариблар кўнглини овласа, Аллоҳ ҳам бу бандани ва унинг молини турли бало-ю офатлардан сақлайди. Умрига, молига барака ёғилади. Бунга юқорида келтириб ўтилган ҳадис далилдир. Улуғларимиз бежизга саҳоватпешаликни серёғин булутга ўхшатишмаган. Ёмғирдан ҳамма тенг баҳраманд бўлгани сингари яхшилик ҳам ҳар икки томон учун бирдек наф келтиради. 

Мўмин киши хайру-саховатни аввал аҳли оиласи, қариндош-уруғ ва қўни-қўшниларидан бошламоғи лозимдир. Бувимнинг хотирлашларича авваллари “етим ҳақи” деган ибора бўлар экан. Оила бошлиғи бевақт қазо қилиб норасидалар етим қолса, қўни-қўшнилар ҳар куни қозон қайнатганда овқатни кўпроқ пишириб, бева қўшниникига узатаркан. Тандирда нон ёпган маҳал икки дона иссиқ нон чиқаришаркан. Бу халқ орасида “етим ҳаққи” дейилар яъни етим болаларнинг ҳам қўшнисининг молида ҳаққи, улуши борлигидан далолат экан. Етимликда ўсган болалар вояга етса маҳалла-куй кенгашиб уйлантириб қўйишар, тўйнинг сарф-харажатларини зиммаларига олишар экан.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бу каби фазилатлар азалдан қон-қонимизга сингиб кетган хайрли амаллардандир. Бу боради Расулимиз муборак ҳадисларида “Мўмин киши ўзи тўқ бўлатуриб, қўшнисини оч қўймайди” дея таъкидланган. Ушбу ҳадисни шеърият мулкининг султони  Навоий бобомиз қуйидагича назм шодасига тизган:

Кимки мўминдурур, қачон чидағай –
Ким, ўзи тўқу қўшни бўлғай оч.
Анга доғи керак етурса насиб,
Хонида агар кулочу, хоҳ умоч.

Яъники, ҳақиқий мўмин қўшниси оч бўла туриб, ўзининг тўқ бўлишига чидаб туролмайди. Хонадонида неки бўлса, у хоҳ кулча-нон, хоҳ умоч бўлсин қўшниси билан баҳам  кўради.
Инсон учун энг катта бахт бу қалб хотиржамлигидир. У бунга қачон эришади? Тинч осойишта юртда яшаса. Ўзи ва яқинларининг тўрт мучаси соғ бўлса, ўз оиласи, бошпанаси, касби-кори бўлса. Афсуски, бундай бахтдан айрим биродарларимиз бенасибдир. Бунинг сабаблари турлича.

Бир неча йил илгари қуйидаги воқеанинг гувоҳи бўлганман: Бир оғамизнинг фарзанди туғма юрак нуқсони билан хасталанган эди. У фарзандини тиббий кўрикдан ўтказиб келиш мақсадида пойтахтга бориш учун ўзи ишлайдиган корхона раҳбаридан рухсат сўрабди. Раҳбари  биродаримизнинг фарзанди оғир хасталикка чалинганидан воқиф бўлиб, болани жарроҳлик йўли билан даволаш кераклиги ҳақида гапирибди. У киши фарзандини даволатиш учун пул жамғараётгани, ҳозирча қўли калталик қилаётганини айтибди. Сўнг раҳбар рухсати билан бир неча кунга пойтахтга кетибди. Бу орада корхона раҳбари барча ходимларни йиғиб ҳамкасбининг фарзанди жиддий хасталик билан оғригани, уни даволатиш учун эса маблағ зарурлигини таъкидлаб, ходимларни имкони етганча кўмак беришликга чақирибди.

Корхонада юздан ортиқ ишчи, ходимлар меҳнат қилар экан. Улар имкониятлари даражасида эҳсон берибди. Натижада каттагина миқдорда пул жамғарилиб, жарроҳлик амалиётидан сўнг бола буткул тузалди. Раҳбарнинг ташкилотчилиги сабаб ҳамма бир ёқадан бош чиқариб бир оиланинг ташвиши ариб, қувонч қайтди.

Ризқни Аллоҳ беради. Унинг баракали ва бардавом бўлиши ёки камайиши кишининг ўзига, аниқроғи қилажак амалларига боғлиқ. Неъматларга шукр қилиш, бировнинг ҳаққига кўз олайтирмаслик, молидан закот бериш, хайр-эҳсон ишларига бош қўшиш ризқнинг баракатли бўлишига асосдир. Зеро, беш қўлимиз баробар бўлмагани каби, жамиятда ижтимоий, маънавий кўмакка муҳтож оилалар, беморлар, инмконияти чекланган инсонлар бор. Уларни меҳр-эътиборимиз, хайр-саховатимиз билан сийлаб қўллаб-қувватлашга буюрамиз. Бежизга улуғ мутафаккир шоиримиз ҳазрат Навоий мискин қалбни шод этмоқликни вайрон бўлган Каъбани обод этмоққа менгзамаган. 

Жобир Исматуллоев,
Қашқадарё вилояти Косон тумани

Ушбу мақола “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган “Яхшилик қил-2021” танловига юборилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мўминлик мақоми

1977 11:00 29.04.2022

«Қиш мўминнинг баҳоридир...»

1897 21:10 01.11.2021

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

1847 10:00 07.05.2021

Ким қасддан бир мўминни ўлдирса...

1480 08:00 24.04.2021

Мўмин куёв қандай синалади? (учинчи қисм)

1701 19:30 22.03.2021
« Орқага