Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Видео

Мўмин куёв қандай синалади? (учинчи қисм)

1701

Таниқли олима Одинахон Муҳаммад Содиқ билан суҳбат

— Навбатдаги савол устоз, келин тарафга совчи бўлиб борилгани каби оилага маъқул бўлган бирор йигитга қиз тарафдан совчи бўлиб боришга қандай қаралади? Асри саодатдан машхур мисолимиз ҳам бор, бундан барчамиз хабардормиз. Лекин бугунги кунда ана шу ҳолат кузатиладиган бўлса, қайсидир маънода кўпчиликка эриш туюлиши мумкин...

— Шариат томондан бунга ҳеч қандай монелик йўқ. Ҳақиқатдан, Саодат асрида Умар розияллоҳу анҳу каби улуғ саҳобийлар ўзларининг қизларини турмушини улуғ зотларга таклиф қилишган. Уламолар орасида бу ҳолатни учратамиз. Чунки уламо зотлар даражотлари улуғ бўлади, фарзандларини бошқа бир улуғлар билан бирга бўлишларини истаган ҳолатларда, хусусан, шогирдларига таклиф қилиш ҳолатлари бўлган ва бу ҳозир ҳам мавжуд. Бунга энг катта мисол — Шайх ҳазратлари. Улар қайноталарининг назарларига тушиб қолганлар. Шайхимизнинг қайноталари дастлаб уларга устоз бўлганлар. Ҳазратимиздаги пешқадамлик, чиройли хислатларни кўрганларидан кейин, мана шу истак уларда ҳам туғилган ва шунга асосланиб тўй бўлган. Буни биз доимо фахр ҳамда хурсандчилик билан айтиб келамиз. Бу ҳазратимиз учун чиройли иззат-икром бўлган. Лекин айтганингиздек эриш туюладиган томонлари ҳам бор, ўзи аслида эриш бўлмаслиги керак. Бироқ, аёл киши томонидан рағбат билдирилсаю, эркак томон буни тўғри қабул қилмайдиган бўлса, бу таклифни бермаслик маъқул бўлади. Чунки тажрибада ҳам кўрганмиз; “Ўзинг келгансан, отанг мажбурлаб берган” каби гаплар ҳам иймони заифлардан чиқиб кетиши мумкин. Шундай ҳолатларни олдини олиб, бу нарса таклиф қилинмайди. Умуман олиб қаралганда бу шариатда улуғ зотлар қилган амалдир ва ҳеч қачон буни эриш олмаслик керак. 

— Турмуш масаласи анчайин қийин мавзулардан бири ва шу ўринда баъзи қизларимиз, аёлларимиз турли хил сабабларга кўра, масалан, хавотир, эркакларга нисбатан ишончсизлик, турли шубҳа-гумонлар сабабли турмуш қуришни кечиктираверишади. Масалан, ҳаётий мисолларни олиб қарайдиган бўлсак, ўша қизнинг ўз оиласидаги отанинг онага нисбатан нотўғри муносабати, бугунги кундаги ажримлар сонининг кўплиги ҳам кўп учрайдиган ҳолатлардан бири. Ва яна бир ҳолат шундан иборатки, маълум бир аёлларимиз ўзларини юқори поғонада деб ҳисоблаб улар учун муносиб жуфт йўқ деб даъво қилишади. Мана шу ҳолатдаги қизларимизга қандай маслаҳат берасиз? 

— Бу саволга жавоб беришдан олдин бир нарсани айтиб ўтиш керакки, турмуш зарурий нарса ҳамда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари саналади. Шариат ҳам бунга тарғиб қилади. Лекин ҳаётдаги асосий мақсад эмас. Инсон бу дунёга келганидан сўнг, ҳаётини сақлаб қолиш учун ейди, ичади. Наслини сақлаб қолиш учун эса турмуш қуради. Енгилроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу ишлар йўл-йўлакай бўлиб кетади. 

Емоққа, ичмоққа эҳтижой сезганингиздек, турмушга ҳам эҳтиёж тушади. Қачонки, уни яхши мақсадда қиладиган бўлсак, ибодат даражасига кўтарилади. Лекин бизда ҳаёт шундай бўлиб қолдики, урфларга, инсонларнинг фикрига қараб, гўёки дунёда оила асосий мақсад, битта уй қуриб олиш, бир мартабага эга бўлишдек кўринади. 

Ҳамма мақсади ҳосил бўлганидан сўнг, бўлди бу дунёда армони йўқ, дабдаба билан тўй қилса, муроди ҳосил бўлгандек туюлади. Бунга ҳаётдаги керак нарса деб қараш керак, шу билан бирга бу Аллоҳ таолонинг ризқи ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг ризқи кимга қандай бўлишини биз билмаймиз. Яъни бу тақдир. Биз минг урунганимиз билан, синчиклаб текшириб кўрганимиз билан Аллоҳнинг насиб қилгани бўлади. Аввало тақдирга кўниш лозим.

Пешонасига ўзи хоҳламаган инсон насиб қилиб қолган бўлса, демак Аллоҳнинг тақдири, бунда бир ҳикмат ҳам бор. Биз бандалигимиздан келиб чиқиб, ўзимизга юклатилган даражада ҳаракатимизни қиламиз. Қолганини эса Аллоҳ таолога ҳавола қилиш зарур. Ўзи аслида барча ишимизни Аллоҳга ҳавола қиламиз, банда сифатида ўзимизга юклатилган ишларни бажарамиз, холос. Турмуш ҳам иккиланадиган масала ҳисобланади. Чунки уёғига нима чиқишини била олмаймиз. Минг учрашган билан, гаплашган билан, шартлашган билан, эртасига барчасини унутиб қўйиши мумкин. Шунинг учун, бу ерда таваккулнинг каттаси керак бўлади. 

Юқорида таъкидланганидек, яхши ният қилинади, дуо қилинади. Бирор кишидан совчи келиб турган бўлса, истиҳора қилинади, Аллоҳ таоло билан маслаҳатлашилади. Агар яхши ишоралар бўладиган бўлса, демак ҳайрлиси, бўлмаса йўқ. Керагидан ортиқ хавфда бўлавериш Аллоҳга суянмасликнинг далолатидир. Биз Аллоҳга ишимизни топширамиз, қиладиган даражада ўзимиз қиламиз, қолгани Аллоҳдан кутилади. Шунинг учун бунда кўп ҳам ҳардамхаёл бўлиш керак эмас. 

Асосий шартлар мужассам бўлган бўлса, турмуш қуришга розилик билдириш керак. Иккиланаётган аёл-қизларимиз ҳам нимадан иккиланишаётганини яхшилаб аниқлаб олишсин. Ўзи аслида турмуш қуриш нияти борми? Балки ёмонига учраб қоламан, қайнонам зулм қилади дейдию, асли ўзи тайёр бўлмаслиги мумкин, бу шунчаки боҳона бўлиши мумкин. Ўзи тайёр бўлиб, қарорида қатъий бўладиган бўлса, демак бу ишга киришиш керак. Энди шунча тадоригини қилгани билан, кейинчалик ҳаётида муаммо бўлиб қолса, бундан қўрқмаслиги лозим. 

Аввал ҳам гаплашганмиз, турмуш тўла бахт дегани эмас. Турмуш ҳаётдаги бир поғона, унда ҳар хил кун келади. Ҳамма нарсани зўр қилганингиз билан сизга боғлиқ бўлмаган томонлари бор. Бошқа инсонларнинг таъсири ўтиши бор. Шуларни енгиб ўтганидан сўнг, бахт-саодатга эришиш мумкин. Турмушнинг ўзи бахт-саодатни кафолат қила олмайди. Шунинг учун кўп иккиланишни ҳожати йўқ. Лекин баъзи ҳолатларда сабаб бўлиши мумкин. 

Фақатгина ўзига муносиб инсон топа олмаётганидан эмас, баъзида ота-онасининг эҳтиёжи туфайли, масалан, бемор бўлиши ва турмушга чиқсам улар қаровсиз қолади деб ўйлаётган бўлиши ҳам мумкин. Ёки аёл-қизларимиз жамиятда ўрин эгаллашмоқчи ва жамиятнинг ҳам мана шу нарсага эҳтиёжи бор. Ҳақиқатдан бу аёл жамият учун, унинг равнақи учун керак дейиладиган ҳолатда, аёлларимизга шароит қилиб бериш лозим. Бундай ҳолатларни ҳисобга олиш зарур. 

Бизнинг жамиятимизда илмий, диний олималар етишмаяпти. Бошқаларга таълим берадиган, насиҳатлар қиладиган, болаларнинг тарбияси борасида маслаҳатлар берадиган диний йўналишдаги, соҳадаги аёлларимиз кам қоляпти. Лекин бу дегани турмушга чиқмасин дегани эмас, шуни ниятини қилиб туриб, шунга шароит, йўл қилиб берадиган инсонни қидириш мумкин. Яна бир соҳа — жарроҳлик соҳасида аёлларимиз кам учрайди. Ҳозир ҳамма қизини, аёлини аёл шифокорга кўрсатишни хоҳлайди. Дейлик, жамият учун аёл жарроҳ етишмаяпти, мана шу ҳолатда турмуш ўртоғидан келажакда шароит яратиб беришини талаб қилиш мумкин. 

— Ва шу ўринда кўрсатувимизни якунловчи қисми сифатида бахтли оила, бахтли ҳаёт формуласи деганда кўпчилик инсонларга, хусусан, аёлларимизга қандай тавсия берган бўлар эдингиз? 

— Тавсиям шуки, ҳар доим таъкидлайдиган нарсамиз — оила қанчалик исломий қолипларга тушадиган бўлса, шунчалик бахт-саодатга эга бўлади. Афсуски, бизнинг бахт тўғрисидаги тушунчамиз ҳам анча бузилган. Биз бандаларнинг хою ҳавасларга асосланиб қидираётган бахтимиз, аслида бахт ҳисобланмайди. Биз ҳақиқий саодатга, ҳақиқий бахтга интилишимиз керак. Мана шу бахтга интилишимиз учун Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиш лозим бўлади. Оилада ҳам саодатга эришиш учун худди шундай Аллоҳ таолонинг айтгани қилинади.

Кўрган бўлсангиз, ижтимоий тармоқларда бир сурат тарқалди. Унда учбурчак тасвирланган бўлиб, тепасида Аллоҳ лафзи ёзилган, бир тарафда аёл киши, яна бир тарафда эркак киши турибди. Аллоҳга яқин келганда бахтга ҳам яқин келишяпти. Яъни Аллоҳ таолонинг айтганини қилганда бахт ҳосил бўлади. Ҳозир нафақат ёшлар, балки катталаримиз, ёшларнинг ота-оналарида ҳам оилага тегишли тушунчалар, урф-одатлар бузилган. Биз бугунги кунда кўпроқ моддиятга қараяпмиз. 

Муносиб куёв ҳақида гаплашдик, лекин ташқаридаги муносиб куёвни устида бўлаётган шартларни эшитсангиз тамоман бошқа. Кўпроқ мансабига, обрўсига, мол-мулкига қаралади. Келинда ҳам шундай чиройига, ҳуснига эътибор берилади. Лекин асосий ўлчов- динимизда тавсия қилинган ўлчовдир. Шуни қилгандагина оиламиз саодатли бўлади. 

Яна бир нарсани айтмоқчиманки, қизларга “Сен бировни уйига борасан, эрнинг хизматида бўласан, қайнонанинг хизматида бўласан” каби гапларни кўп гапиришади. Ундан ташқари ёшлигидан сарпо йиғишади. Лекин буларнинг ҳеч бири бирламчи нарсалар эмас, зарурий нарсаларга кўпроқ эътибор бериш зарур. Қизларга ҳар хил гапларни гапириб, бозордан сарпо йиғгандан кўра, уларга турмуш ҳақида тушунчалар бериш керак. Жуда кам оилалар қизини олдига олиб, турмуш кўникмалари, эр олдидаги бурчлари, яхши келин хислатлари ҳақида тушунчалар беради. 

Кўп ота-оналар тўйга бир ҳафта қолганда қизини турмушга тайёрлаш, тушунчалар бериш ҳаракатини бошлайди. Бу бир ҳафтада ўргатилмайди, бу ёшлигидан ўргатиладиган нарса. Турмуш борасидаги ибодати, шахсияти, қандай бўлиши кераклиги ёшлигидан секин-секин шаклланиб бориши лозим. Бу тайёргарлик моддиятларга асосланишдан эмас, ёшлигидан тарбия билан пишадиган нарса саналади. 

Кўпроқ биз маънавиятга, маънавий нарсаларга эътибор қаратайлик!

Қизларимизга ҳақиқий турмуш қанақа эканлигини тушунтириб борайлик!

Кўп қизлар ҳавасга учиб ошиқишади, лекин тўйдан сўнг, ҳаёт ҳақиқатини кўриб тушкунликка тушиб қолишади. Боргандан сўнг ҳаёт зарбаларидан довдираб, эзилиб қолмасликлари учун, бирор бир муаммо бўлиб қолганда ечимини билиш учун шу нарсаларни биз тўйдан олдин тушунтирайлик! Ёши каттароқ бўлганда асл тавсияларни ҳамма тан олади, лекин вақтни ўтқазиб афсус-надоматга ҳаётни тўлдириш керак эмас.

Шу ишлар бошидан қилинадиган бўлса, иншааллаҳ ҳаммаси яхши бўлади!

 

“Бахт сири” кўрсатуви асосида Диёра Эргашева тайёрлади.

Кўрсатув муаллифи: Хосиятхон Одилжон қизи.

Кўрсатувни қуйидаги линк орқали тўлиқ кўришингиз мумкин

https://www.youtube.com/watch?v=DGzmwbd_wNo

УЛАШИНГ:

Teglar
« Орқага