2021 йилнинг 12-13 октябрь кунлари AAOIFI – Ислом молияси муассасаларининг бухгалтерлик ҳисоби ва аудити ташкилотининг 19-йиллик анжумани бўлиб ўтади. Анжуманда дунёнинг энг машҳур уламолари иштирокида муомалот, молияга оид турли мавзулар муҳокама қилиниши кутилмоқда. Анжуманни Халқаро фиқҳ академияси аъзоси, AAOIFI шариат кенгаши раиси, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари очиб берадилар.
Анжуманнинг кун тартибидаги илк мавзу – шариат меъёрларини тайёрлаш, муҳокама ва қабул қилиш жараёнларини такомиллаштириш, самарадорлигини оширишга бағишланган.
Иккинчи мавзу – хизматлар ижараси бўйича Ислом қимматли қоғозлари сукукни чиқаришнинг фиқҳий жиҳатлари, уларнинг савдосини тартибга солиш.
Кун тартибидаги учинчи мавзу – Ислом дарчаси очишни мўлжаллаган анъанавий банкларга бағишланади. Унда музораба асосидаги сармояларни анъанавий банк маблағлари билан ажратиш масаласи, хусусан, ушбу ажратиш жисмоний жиҳатдан қилиниши зарурми ёки бухгалтерия ҳисоб варақларида ажратилиши етарлими мавзуси муҳокама қилинади.
Сўнгги мавзу – фатво бўйича фатво мавзуси. Ушбу тушунчанинг моҳияти, шариат кенгашлари бошқа бир шариат кенгаши ёки олимнинг фатвоси асосида фатво чиқариши масаласи муҳокама қилинади.
Анжуман онлайн тарзда араб тилида ташкил қилиниб, инглиз ва рус тилларига синхрон таржима қилинади. Анжуманда қатнашиш учун 2021 йил 11 октябргача рўйхатдан ўтиш мумкин: AAOIFI вебсайти.
Манба: IslomMoliyasi саҳифаси