Кеча, 21 октябрь куни Марказий банки биносида банк раиси Мамаризо Нурмурoтов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Марказий банк раисининг маълум қилишича, бугунги кунда 14та банкда ислом дарчасини йўлга қўйиш устида ишлар бошланган ва бунда ислом тамойиллари асосида кредит бериш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Нурмуротов олдин жуда оддий ўйлагани, аслида Ислом давлатлари банкларида ўзининг маълум жиҳатлари болигини айтган. Унинг таъкидлашича, ислом молиясига оид қонун лойиҳаси қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтган.
«Ушбу қонун лойиҳасида ислом молияси бўйича операцияларни амалга ошириш учун микромолия ташкилотларига рухсат берганмиз. Бу борада тегишли норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиш жараёнида. Асосийси, шу вақтгача эътибор бермагандим, ислом молияси ривожланиши учун фатво берадиган мусулмонлар идораси ҳам керак экан. Яъни Малайзия ва Индонезиядаги мусулмон идоралари шунақа фатвога эга экан. Яъни бу жуда мураккаб ва нозик жараён. Бу нозик томонларига эътибор бермай, мана, ислом банки бўлди деган билан кўзлаган натижага эриша олмаймиз. Босқичма-босқич бу ишларни амалга ошириб, микрокредит ташкилотлардан кейин тижорат банкларида ислом молияси дарчасини очиш лозим», — деган Мамаризо Нурмуротов.