Одам боласи табиатан худбин ва кеккайганроқ келади. Ўз қилғилиғини, гуноҳу жиноятларини хаспўшлайди, гоҳида буни табиийлаштиришга уринади ва шунга эришадиям. Мабодо ташқи таъсир бўлса, дунёни бошига кўтаради...
Халқ "Дард Аллоҳдан" дейди. Шу маънода, дунёни кезиб юрган вирус — коронавирус ҳам худонинг гуноҳларимизга юборган балоси бўлиши мумкинлигини дунё тан олгиси келмаётир. Хулоса чиқармаётир.
ОАВ тинимсиз бугун шунча одам касалликка чалинди, бунча киши ўлди, дея ваҳима кўтаради. Ҳаммаёқда мотамсаро ваҳима... Аслида эса ўзимиз қилаётган қирғинлар олдида бу нима деган гап?
Яқин Шарқ, Афғонистонда жон бераётган минглаб тинч аҳоли, диктатурага асосланган тузумларда ноҳақ ўлдириб юборилаётган одамлар... ОАВ буларни гапирмайди. Бу — индивидуал қирғин. Бу талофатларни табиийлаштирганмиз.
Шу маънода айтаманки, бугун жаҳонни қутблаштириб ташлаган глобал ғоялар, нафс ва радикал дунёқараш, афсуски, одамзодга коронавирусдан хавфлироқдир. Бироқ инсоният худди азалдагидек хавфни ўзидан эмас, оддий белгилардан излашга киришиб кетади...