Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом:
- Бу кеча юзта хотин (ларим) ни айланиб чиқаман. Ҳар бир хотин Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиладиган биттадан ўғил туғади, деди.
Шунда фаришта унга:
- Иншааллоҳ, дегин, деди.
У эса (иншааллоҳни) эсидан чиқариб, айтмади.
Бас, у (аёл)ларни айланиб чиқди. Уларнинг бирортаси ҳам туғмади. Фақат, биргина аёл у ҳам бўлса (чала) ярим инсон туғди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- Агар у иншааллоҳ, деганида эди қасамида рост ва ҳожатига эришишига умидлироқ бўлган бўлар эди, дедилар».
Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Ҳадис ва унинг шарҳидан қуйидагилар маълум бўлади:
1. Аллоҳ таоло Ўз мулкида ғолиб зотдир. Инсонлар маслаҳатига муҳтож эмасдир.
Ўз мулкида хоҳлаганича тасарруф этгувчи ва барча феъли ҳикмат ва манфаатга эга Зотдир.
Ҳақ таоло бандаларни яратган ва уларга умр, ризқ, ҳидоят ва ўлим бергувчидир.
Бинобарин, баъзи жоҳиллар "нега ундай бўлган?", "нега бундай бўлмаган?", дея қилган гумонлари уларнинг ўзига қайтарилар.
Аллоҳ таолонинг феъли ва тақдиридан сўралмас, зотан У Холиқдир. Аммо, бандалар қилган ишларидан сўраларки, улар ожиз ва мукаллаф (ишларига жавобгар) дирлар.
2. Аллоҳ таоло пайғамбарларни одамлар орасидан Ўз хоҳишига кўра танлаб олган ва гуноҳлардан сақлаган.
Бу пайғамбарларга турли шариатлар ато этган.
Сулаймон алайҳиссаломгнинг юзта аёли бўлган. Уларнинг олтмиши озод ва қирқи жория бўлган. Бу ҳақида баъзи уламолар бошқача фикрлар ҳам айтишган.
Зеро, Сулаймон алайҳиссалом шариатида уйланиш чегарали бўлмаган.
3. Ҳар бир эзгу мақсадли иш бисмиллаҳ ила бошланиши ва иншааллоҳ ила тасдиқланиши энг афзал ва энг марғуб амалдир.
4. Ҳар бир иш Аллоҳ таоло ирода қилсагина амалга ошади. Мабодо, илоҳий ирода бўлмаса, агар уни инсониятнинг энг афзаллари қасд этса ҳам амалга ошмайди.
5. Муҳим масалалардан бири шуки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг аёллари сони тўққизта бўлганига баъзи тоифаларнинг айбли эътирозлар билдиришади.
Ваҳоланки, бошқа пайғамбарларда ҳам аёллар кўп бўлгани, шунингдек, Сулаймон алайҳиссаломнинг юзта аёллари бўлганини инсонлар яхши билишади ёки мана билиб олишди.
Шундай, экан ҳаёлимизга келган ва эшитган нарсаларни аниқ илмини билмай туриб айблаш ва ҳақорат қилишдан тийилайлик.
Илм ўқийлик ва мўътамад аҳли илмлардан билмаганимизни сўраб олишни йўлга қўяйлик.
"Саҳиҳул Бухорий", "Саҳиҳул Муслим", "Фатҳул Борий" ва "Шарҳу Фиқҳул акбар" китоблари асосида тайёрланди.
Абу ИЗЗАТУЛЛОҲ