Ҳаё – эгасини гўзал ишга ундовчи ва ҳар бир қабоҳатдан тўсиб турувчи хислатдир. У – гўзал хулқларнинг тожи, иймон зийнати, Ислом шиоридир.
Миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисмларидан бирига айланган муқаддас Ислом динида ибо ва ҳаё масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم "الحياء من الإيمان والإيمان في الجنة، والبذاء من الجفاء والجفاء في النار" (راه الترمذى)
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ҳаё иймондандир, иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодандир, жафо дўзахдадир” дедилар (Имом Термизий ривояти).
عن أبي أمامة عن النبي صلى الله عليه وسلم قال الْحَيَاءُ وَالْعِيُّ شُعْبَتَانِ مِنَ الإِيمَانِ ، وَالْبَذَاءُ وَالْبَيَانُ شُعْبَتَانِ مِنَ النِّفَاقِ . (راه الترمذى).
Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ҳаё ва камгаплик иймоннинг икки шохидир. Ҳаёсизлик ва маҳмадоналик нифоқнинг икки шохидир” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Шарм-ҳаё масаласида улуғ мутафаккир алломалар ўзларининг қимматли фикрларини билдиришган. Жумладан, ҳазрат Алишер Навоий ҳам бу масалага бир неча бора тўхталади:
“Ҳайратул аброр” достонида адаб, тавозуъ ва ҳаё каби хислатларни алоҳида бир бобга жамлаган. Унда А.Навоий ҳазратлари инсон учун мансаб эмас, айнан ҳаё билан адаб шарафлироқ эканини ёзади:
Элга шараф бўлмади жоҳу насаб,
Лек шараф келди ҳаёву адаб.
Алишер Навоий ҳазратлари ҳаё билан адабни ҳар доим ёнма-ён тилга олади. Уларни ёғин манбаига – баракот келтирувчи булутларга қиёслайди. Бу ёмғирнинг ҳар қатраси тупроқни кимё қилади, яъни ундан фойдали нарсаларни ундиради.
Улуғ бобомиз айтганларидек, ҳаё хорликни даф этади. Ҳаёсизлик ўз навбатида шармандаликка, тубанликка, хор-зорликка етаклайди.
Жунайд Бағдодий айтадилар: «Тўрт нарса гарчи банданинг амали ва илми оз бўлса ҳам олий даражаларга кўтаради: тавозелик, ҳалимлик, сахийлик ва чиройли хулқ. Булар эса иймоннинг мукаммаллигидир».
Ҳаё сўзи ҳаёт сўзидан олинган, кимда ҳаё бўлмаса у инсон дунёда бамисоли манфаатсиз, охиратда эса бахтсиз кишилардан бўлади. Тарихдан биламиз, машҳур уламоларнинг оналари ҳам ҳаё билан зийнатланишган. Улардан дунёга машҳур ва маълум бўлган “пайғамбарлар меросхўри” олимлар, мутафаккирлар, дунёга келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир диннинг ўз хулқи бор, Исломнинг хулқи эса ҳаёдир!”, дедилар (Ибн Можа ривояти).
Ҳаё – ўз соҳибидаги эзгуликка далолат қилувчи, қалб саломатлигидан дарак берувчи ва маломат тошларидан ҳимоя қилувчи бир қўрғондир. Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: “Иймон бамисоли яланғоч тан кабидир. Унинг либоси тақво, безаги ҳаёдир”.
Ҳаё билан иймоннинг бир-биридан айрилмаслиги, бир-бирига жипс боғлиқлигининг сири, уларнинг ҳар иккисининг ҳам эзгуликка чорлаб, ёмонликдан узоқлаштирувчи нарсалар эканлигидадир.
Чустий ҳазратлари инсонларни, айниқса ёш авлодни илм, ҳунар ўрганишга тарғиб қилиб, дунё ва охиратда камол топиши, улуғ мақом ва мартабага эришиши учун албатта, унда одоб, ҳаё ва маърифат бўлишини таъкидлаб жумладан шундай деган:
Ким риёкору мунофиқ, беҳаё,
Қолмиш элнинг лаънатига доимо.
Беадаб безорию хулқи ёмон,
Улфати бўлмиш у манзилда илон.
Бунда мансаб йўқ, хушомадгўй йўқ,
Зебу зийнат бирла рангу бўй йўқ.
Бунда йўқ ҳеч кимга таҳқири назар,
Хор кимдур билмадим, ким мўътабар.
Адиб мазкур сатрларида, ким риё, манманлик, беҳаёлик, одобсизлик, ёмон хулқлар билан хулқланган бўлса, ундайларнинг дунёси ҳам, охирати ҳам хатарлик бўлишидан огоҳлантирган.
Ҳа азизлар, барчамиз миллий ва умум инсоний қадриятлар, урф-одатларга ўрганмоқлигимиз, аждодларнинг манфаатлик кўрсатмалари ва тавсиятларига амал қилиб боришга ҳаракат қилмоғимиз лозимдир. Шундагина миллий қадриятларимизнинг ҳам талабини амалга оширган бўламиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Илк нубувват ўгитларидан инсонларга шу бугунга қадар (ўзгармасдан) етиб келган ҳикматли сўзлардан бири: «Агар уялмасанг, билганингни қил!», деган сўздир” (Имом Бухорий ривояти).
Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ҳаё бирон нарсада бўлса, албатта, уни зийнатлайди. Беҳаёлик бирон нарсада бўлса, албатта, уни шарманда қилади, дедилар.
Ҳаё сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда «Ҳаё айбдан ва ёмонотлиқдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир».
Жунайд Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ҳаё неъматларни ва нуқсонларни кўришдир. Иккисининг орасида ҳаё туғиладир», деган.
Абул Фидо Исмоил Ҳаравий: «Муҳаббат ила ўралган улуғлашдан ҳаё туғилади», деган.
Умар розияллоҳу анҳу: «Кимнинг ҳаёси оз бўлса, парҳезкорлиги озаяди. Кимнинг парҳезкорлиги оз бўлса, қалби ўлади», деганлар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Одамлардан ҳаё қилмаган, Аллоҳ таолодан ҳам ҳаё қилмайди», деганлар.
Нафсни қабиҳ ва ярамас ишлардан тўсувчи ҲАЁ – мақтовли хулқ саналади. У иймонни комил этиб, эгасига фақат яхшилик келтиради.
Агар оилаларимиз ҳаётига, маҳаллаларимизга, кишилик жамиятига, бутун дунёга ибрат холис назар билан эътибор берадиган бўлсак, инсонни дилини ранжитадиган, кўнглига озор берадиган, қайғуга соладиган, бир сўз билан айтганда кўплаб содир бўлаётган “салбий ҳодисалар” илм, маърифат, маънавият, одоб ва ҳаёнинг йўқолиб бораётганлиги сабаб эканига гувоҳ бўламиз. Агар бу ҳолат давом этаверса, натижада, ор-номуснинг ҳам йўқолишига йўл очилади, тақво, яъни қиёмат куни ҳисобидан қўрқув камаяди. Иш шундай давом этса, ҳар ким ўз билганидан қолмаса, оқибатимиз хатарлидир.
Яратган Раббимиз барчани ёмон хулқлардан ва одобсизликлардан сақласин!
«Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳаким ПИРНАЗАРОВ