Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Даҳрий дўстим билан баҳс (охири)

2281

Дўстим худди суд ҳукмини ўқиётгандай овоз билан деди: 

– Баҳсимиз қанча давом этмасин ва у нима билан тугамасин – барибир ютуқ биз томонда! Биз дунё ҳаётининг бахтига эришдик, сизлар эса фақат саробни олдинглар! Сен нима десанг деявергину биз бу дунёда ҳамма нарсага эришдик. Бизлар учун базми-жамшидлар, ичимликлар, ўйнашлар, ғаройиб кўнгилочар ишлар, роҳат-фароғат, лаззатлар бор, уларга ҳеч қандай тақиқ-таъқиб қўрқуви соя сололмайди. Сизларга эса – рўза, намозлар, қиёматдаги ҳисоб-китобнинг ваҳимаси ва умид берилган, холос.

– Қани эди, сен айтган нарсаларинг бахт бўлганида эди! Агар чуқурроқ ўйлаб кўрсанг, сен таърифлаган ҳамма нарса ғирт бахтсизлик эканини кўрардинг!

– Бахтсизлик?! Қанақасига?! Нима учун?

– Шунинг учунки, буларнинг ҳаммаси – ҳавойи нафсга қулликдан бошқа нарса эмас! Қорнинг очмай туриб, асло тўя олмайсан, тўйиб овқат есанг сени бесаранжомлик, жиззакилик, шунингдек лоқайдлик ва бўшашувчилик босади. Наҳотки аёлнинг оғушлари барқарор бахт бўла олса?! Қалб ва ҳирс ҳеч қачон барқарор бўла олмайди. Ўйнаш-маъшуқлар мақтов ва хушомадга, совға ва ҳурмат-эътиборга ўч бўлишади. Севишганлар қўшилгач, бир-бирларидан ҳафсаласи пир бўлиб, кўнгли совиса – бу муҳаббатни бахтли деб ҳисоблай олмаймиз. Чунки уларнинг ҳар бири бошқасини охиригача таниб, у ҳақда ўйлаган хаёллари, орзу-умидлари чилпарчин бўлгач, ундаги комил жозиба бир зумда ғойиб бўлади. Истаган нарсасига эришиб, ҳирслар қондирилгач ҳар бири шеригининг камчиликларини худди заррабин (микроскоп) орқали кўраётгандай бўлади. 

Шу каби ҳаддан ташқари бадавлатлик ҳам мол-мулкка қул бўлиш эмасми? Инсон ўзини мол-мулк хизматига топшириб, фақат уни тўплаш ва йиққанини асраш билан овора бўлиб қолганда ўз бойлигининг қулига айланиб, бир қурол бўлиб қолмайдими? Ахир ҳокимият ва юқори амал-мартаба хомхаёлларга, кибр-ҳавога, зулм-зўравонликка олиб бормайдими? 

Ахир ҳукмдор – арслонга миниб олган чавандоз эмасми? Бугун у арслонни миниб кетяпти, эртага эса арслон уни ейди! Наҳотки бегона кўзлардан ва нақиқ қўрқувидан панадаги ичкиликлар, гиёвандлар, қиморлар, фаҳш-бузуқликлар, зино – бахт ҳисобланса?! Ахир булар муҳаббат гирдобига кўмилиб ахлоқдан чекиниш, масъулиятдан қочиш эмасми? Бу – тараққиётми ёки маймун даражасида ахлоқий тубанликка кетишми, қочишми ёки ҳайвонларча қўшилишми? Бундайлар ҳақида Қуръони карим шундай дейди: «Кофир бўлган кимсалар эса (мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари егандек еб-ичурлар ва дўзах уларнинг жойлари бўлур». (Муҳаммад сураси, 12-оят).

Аллоҳ уларнинг лаззатланишини инкор этмайди, аммо улар худди ҳайвонлардек лаззатланадилар. Наҳотки шу бахт бўлса?! Ахир бу – ҳақиқий бахтга олиб бормайдиган ҳирслар ҳаёти, ҳавойи нафс, шаҳват, танглик, тўймайдиган очлик, безовта қиладиган тўқлик занжирлари эмасми? Кўнгилжагидек ҳолатсиз, руҳий  хотиржамликсиз, ҳар томонлама қулликдан қалб ҳурлигига эришмай туриб чинакам бахт бўлиши мумкин?! Кўнгил хотиржамлиги, одамлар ўртасидаги, инсон ва Аллоҳ ўртасидаги келишиш – ҳақиқий бахт-саодат эмасми? Бу фароғат, руҳий таскин, келишиш инсон ўз кучини, мол-мулкини бошқалар хизматига сарфлагандагина ҳақиқатан амалга ошган бўлади. У эзгу ниятлар ва ҳаракатлар билан эзгу ҳаёт кечирсангина эришади. У Аллоҳ билан ибодат ва итоат воситасиа маҳкам боғлансагина Аллоҳ унинг хотиржамлиги – фароғатини кўпайтириб қўяди, ёрдамини ва гуллаб-яшнашишини кўпайтириб қўяди. Иймондан ташқарида бу бахт бўлиши мумкинми?

Жулдур кийинган сўфийлар «Биз шунчалар лаззат оляпмизки, агар ҳукмдорлар буни сезиб қолсалар унга эршмоқ учун биз билан урушган бўлишарди» дейишмаганмиди! Бу лаззат, бу роҳат-фароғат – Аллоҳга боғланиш, қалб билан қўшилиш лаззати эканини англаб етганлар учун сўфийларнинг гапи – чин ҳақиқат!

– Наҳотки сен ҳам илгари бизга ўхшаб ичмаган, кўнгилхушлик қилмаган, дунё лаззатларидан баҳраманд бўлмаган бўлсанг? Сени бўлардан узилишга нима мажбур қилди? – дея сўради дўстим. 

– Аллоҳ ўзгартиради, лекин ўзи ўзгармайди!

– Бу – Аллоҳнинг иродаси билан бўлди, дейишингни биламан. Лекин бунда сенинг қанақа ролинг ва интилишинг бор?

– Атрофимга ибрат назари боқиб кўрдимки, барибир бир куни сўзсиз ўларканмиз. Мен дунёни интизомли, мустаҳкам, кўнгилхушликларга ўрин қолмаган ҳолатда кўрдим. Агар сизлар ўйлаганчалик менинг ҳаётим ўйиндан иборат бўлса, агар унинг охирида ҳеч нарса бўлмаса, унда нега йиғлаб, тавбу-тазарру қилиб юрибман, нега ҳақиқат излаб, адолат бўлишини истаб, бу йўлда ҳаётимни ва руҳимни қурбон қилиб юрибман?

Мен ўз қонунларига бўйсунган ҳолда ўз орбитасида ҳаракатланаётган юлдузларни кўрдим. Мен гаплашаётган ҳашоротларни, кўрадиган, эшитадиган, сезадиган набототни кўрдим. Мен ҳайвонлардаги виждонни кўрдим. Инсон миясининг мукаммал қилиб яратилганини, ажойиблигини, ўн миллионлаб асаб хужайралари ва системаларидан йиғилганини, улар ҳамжиҳатликда ва бемисл такомилда ишлашини кўрдим. Агар мияда онда-сонда бўлса-да бирор нерв толаси ишламай қолса, танадаги бирор аҳзонинг фалаж бўлиши ёки кўриш ёки нутқ сўзлаш қобилияти йўқолиши ёки инсон ақлдан озиши мумкин.

Бу улкан иншоотнинг хавфсиз ва бехато ишлашини таҳминлаб турадиган зот ким? Бу мияни бунчалар мукаммал қилиб яратган зот ким? 

Мен гўзалликни дарахтлар япроғида, товуснинг патида, капалак канотида курдим. Мен мусиқани булбуллар хонишидан, қушларнинг чағир-чуғуридан тингладим. Қаёққа назар солмайин, қаерга нигоҳимни қаратмайин – ҳамма ерда Мусаввирнинг суратларини, Меъморнинг лойиҳаларини ва Кашфиётчининг ихтироларини кўравердим.

Мен табиатни мустаҳкам ва мукаммал бир иншоот ўлароқ кўрдим, унда тасодифийлик, ўз-ўзидан пайдо бўлиш эҳтимоли йўқ эди. Бунинг устига ҳар бир нарса: «Мен ҳақимда ўйлайдиган Эгам, мени яратган Қудратли Холиқим бор», деярди. 

Қуръони каримни ўғир эканман, у руҳимда оддий суҳбатларда ҳеч қачон мен эшитмаган оҳанг ва маром пайдо қилди, онгимда ҳайрат туғдиради, Қуръон ўн тўрт аср муқаддам нозил қилинганига қарамай, ҳозиргача давлат сиёсати, оила тарбияси, иймон, жамият, инсон, коинот асосларига тааллуқли барча масалаларда ҳал қилувчи сўзни айтиб келмоқда. У тамаддундан (цивилизация) йироқ, қолоқ халқдан чиққан уммий кишига нозил қилинганига қарамай, фан-техниканинг барча яхши кашфиётларига мувофиқ келаверди. Пайғамбаримизнинг таржимаи ҳолини ўқиб, униг нима қилганини, нима деганини билганимдан кейин: «Ҳа, у – пайғамбар, у фақат пайғамбар бўлиши мумкин. Бу коинот учун Қуръони каримни васф этган Қудратли Буюк Аллоҳдан бошқа Ихтирочи, Яратувчи бўлиши мумкин эмас», дедим.

– Агар сен адашган бўлиб чиқиб, охират бўлмаса-да, ҳамма чиқиб кетса-чи?! – сўради дўстим.

– Ҳеч нарсага афсусланмайман. Гар бу дунё ҳаёти асло беками-кўст бўлмаса-да мен ҳаётимни тўлақонли, бахтли яшаб ўтдим. Лекин менинг айтганларим ва кутганларим руёбга чиққанда эса сизлар қаттиқ пушаймон бўлиб, қайғуда қоласизлар. Чунки бўлар – чин ҳақиқат! Келажакда бўларнинг ҳаммаси сенига кутилмаган бир воқеа бўлади. Бунга шубҳа ҳам бўлиши мумкин эмас!

Суҳбатлашарканман, дўстимнинг кўзига нигоҳим тушди. Унда қўрқув-даҳшат тўла эканини, қовоқлари пир-пир учаётганини, кўзлари ўйнаётганини кўрдим. У шубҳаларини қувмоқчи бўлгандай деди: 

– Кейин сен суякларимизнинг чириб битганини кўрасан.

– Сен шунга ишонасанми?

Иккинчи марта унинг кўзлари яна қўрқув денгизида ғарқ бўлди, тили аранг калимага келиб деди:

– Ҳа.

– Алдаяпсан. Бу шунақа нарсаки, уни ҳеч қачон тасдиқлаб бўлмайди.

Бизнинг узоқ давом этган баҳс-тортишувларимиздан ўша тунда ёлғиз қайтарканман, дўстимнинг қалбига шубҳа уруғларини сепиб қўйганимга ишончим комил эди. Унинг ҳавойи фалсафаси остидан шунақанги чоҳ қазиб қўйдимки, орадан бироз вақт ўтгач бу чоҳ кенгаяди ва унинг куйди-пишди гаплари ва даҳволари бу чуқурни кўма олмайди. Унга тинчлик-фароғат тилаб, ўзимга шундай дедим: «Эҳтимол, бу қўрқув уни ўз фикридан чекиниб, Ҳақ йўлга ўтиши орқали қутқариб қолар!» Ҳақиқатнинг барча эшик ва деразаларини инкор билан беркитиб, қулфлаб олганларга фақат қўрқув дарчасигина очиқ қолади.

Мен уни тўғри йўлга солиб қўйиш имкониятига эга эмаслигимни биламан. Ахир Аллоҳ ҳатто ўз пайғамбарига ҳам шундай демаганмиди: «Уларни ҳидоят қилиш сизнинг зиммангизда эмас (эй Муҳаммад). Балки Аллоҳ ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади» (Бақара, 272).

Бизни тўғри, ҳидоят йўлига йўллаган, бизни қўрқувчи, эшитувчи, тафаккур қилувчи этиб яратган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамдлар бўлсин! У бизларни Ўзининг Ҳақ йўлидан асло адаштирмасин! Омин!         
 
Рус тилидан Аҳмад МУҲАММАД таржимаси.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Даҳрий Исломни қабул қилиши мумкинми?

1652 19:35 19.08.2022

Даҳрийликнинг дардлари

2254 21:05 25.06.2022

Қозоғистон даҳрийларнинг ҳуқуқлари ҳақида қайғуряпти

2972 15:25 07.09.2021

“Сени чўкишдан қутқарган - Аллоҳдир!”

3270 22:00 09.02.2021

Форобий, маймунлар ва пашшалар

7247 00:08 15.01.2021

Шайх Али Тантовий даҳрийни қандай мот қилди?

7908 17:20 27.08.2020
« Орқага