Қозоғистон Дин ишлари қўмитаси раиси Ержан Нукежанов дин соҳасидаги қонунчиликка қандай ўзгартиришлар киритиш режалаштирилаётганини маълум қилди, дея хабар бермоқда Zakon.kz.
«Биз диндорларнинг ҳам, даҳрийларнинг ҳам ҳуқуқларини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Шу муносабат билан, жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда тузатишлар доирасида даҳрийларнинг ҳуқуқлари деган тушунчани киритмоқчимиз. Яъни ҳозир диндорларнинг ҳуқуқлари бор экан, даҳрийларнинг ҳуқуқларини ҳам жорий этмоқчимиз. Биз – дунёвий давлатмиз. Дин, конфессия ва этник мансубликдан қатъи назар, қонун ҳамма нарсадан устун», –деди Нукежанов брифингда.
Шунингдек, у дин соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш режалаштирилаётганини билдирди. Жумладан, диний бирлашмаларни рўйхатга олиш ва диний маросимларни ўтказишни осонлаштириш кўзда тутилмоқда.