Шайх Али Тантовий айтади: Бир кун "Арафа кутубхонаси" олдида эканимизда нотаниш бир кимса келиб орамиздан жой олди ва ҳар хил ғалати сўзларни айта бошлади. Биз бу кимса ботил ақида (атеизм) га чақираётгани билдик.
У ердагилар унга ўзининг услубида кучли ва муносиб тарзда, ботил ақидасини масхара қилиб жавоб бера бошлашди.
Мен уларга: "Буни менга қўйиб беринглар, ўзим гаплашаман", деган маънода ишора қилдим. Улар тўхташди. Ҳалиги инсон билан юмшоқ, яхши сўзлар билан гаплаша бошладим ва ҳатто у айтаётган ботил сўзларига мени ишона бошлади деб ўйлаб қолди.
Шунда мен: - Лекин бу гапларингга қуруқ гапдан кўра ишончлироқ далил керак-да, дедим.
У: - Бу далил нима экан? деди.
Мен бармоқларим билан пулга ишора қилдим.
У: - Ҳозир, деб чўнтагидан икки лира тилла танга чиқарди. Ўша вақтда бу пул жуда ҳам қийматли эди.
У пулни узатди ва мен жамоат кўз олдида пулни олдим. Уни исмини билиб олганимиздан сўнг у қайтиб кетди (яъни ботил ақидасига машҳур олимни ишонтира олдим дея хурсанд бўлиб кетди).
У узоқлаб кетгач, кулгу жаранглаб, ҳамма кула бошлади. Сўнгра, менга мазах ила юзланишиб, баъзилари "Бизга ҳам берарсиз", деса яна бошқалари "Бунга тўй қилинг энди", дер ва яна бошқа бири "Боғ сотиб олсангиз керак-а?", дея бошлашди.
Мен уларни тинчлантириб: - Шошманглар, тезда бу пулни нима қилишимни кўриб оласизлар, дедим.
Кейин бир рисола ёзиб, унда мулҳид (даҳрий, атеист) лик мазҳаби ҳақида баён қилдим. Рисолага "Ислом қиличи" дея ном қўйиб, муқовасига фалончи ҳомийлиги остида нашр қилинди, дея ҳалиги пул берган даҳрий кимсанинг исми-шарифини ёзиб қўйдим. Рисола чоп этилиб тарқалиб кетгач, ҳалиги одам нима қилишини билмай тентакка ўхшаб қолгани хабари етиб келди. Инкор қилай деса, шаҳарнинг энг машҳур етти адиби ўша воқеага гувоҳ бўлишган.
Айтишларича, уни ўзига ўхшаган даҳрийлари аввал роса таъзирини беришиб, сўнгра сафларидан ҳайдаб юборишибди.
Суннатуллоҳ Абдулбосит таржимаси