Бир даҳрий ислом тамаддунини (цивилизациясини) инкор қилишга беҳуда чираниб, фермер ерига молдан қоладиган "ўғит"ни тўкканидек, мақола деб лақабланмиш алжирашлари уюмини фейсбукка тўкиб солган экан.
Тўғриси жавоб бериш у ёқда турсин, ўқишга ҳам арзимайдиган у нарсага вақт сарфламоқчи ҳам эмасдим. Дастлабки 3-4 қаторидан уни ёзганнинг қанчалар паст савияли нодон экани ҳуснбузардек кўриниб турганди.
Бироқ ўша мақола деб лақабланмиш алжирашдаги бир нуқта диққатимни тортди. Бечора даҳрий унда "Форобий Аллоҳ, дин ва пайғамбарни эртак дея инкор қилган" деб, Форобийни ўзининг "шайка"сига қўшмоқчи бўлган. Ҳатто Форобий асли мусулмон бўлмаса ҳам ёлғондан номига мусулмонман деб қўяверган дейишгача борган.
Хўш, Форобий даҳрий бўлганми?
Бунга жавоб топмоқчи бўлсангиз, Советлардан қолган пропаганда китобларни қўйинг, Форобий ўзи ёзиб қолдирган асарларни очиб кўринг. Масалан, Форобийнинг “Сиёсат” асарини очсангиз, ундаги биринчи жумла, араб тилида “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Тавфиқим фақат Аллоҳ сабаблидир” деган жумладир. Китобнинг биринчи боби: “Холиқ – Яратувчини билиш” бобирдир. Уни Форобий мана бу жумлалар билан бошлайди:
“Ҳар қандай кишининг билиши керак бўлган биринчи нарса шуки, бу дунё ва унинг ҳар бир қисмини яратган Аллоҳ бордир. Буни у барча мавжудотлар ҳақида тафаккур қилиш билан билади: бу мавжудотлар бирор сабаб билан пайдо бўлганми ёки ўз - ўзиданми? Агар индуктив метод билан ўрганиб чиқса, шубҳасиз барча мавжудотлар бир сабаб билан пайдо бўлганига амин бўлади. Сўнгра ўша сабаблар ортидаги сабабларни қидиради…. Сўнгра барчаси бир Зот томондан яратилганини ва У барча нарсалар бошланиши сабаби эканини англайди”.
Шундай қилиб Форобий ушбу бобдан ўнлаб далиллар орқали Аллоҳнинг борлигини исбот қилади ва даҳрийларга қаттиқ раддия беради. Кейинги бобда Аллоҳнинг ягоналиги – тавҳид, ундан кейинги бобда Аллоҳнинг сифатлари ҳақида ёзиб, 4 – бобда Пайғамбарлик ва пайғамбарлар юборилиши ортидаги ҳикматни муҳокама қилади ва росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар эканликларини мантиқий далиллар билан исботлайди.
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ушбу китобнинг муаллифи, ислом фақиҳи, ўнлаб асарларида ислом ақидаси, фиқҳи, сиёсатини ёритиб минглаб варақни тўлдирган ислом олимини даҳрий деган одамдан каззоб, аҳмоқ бир нарса кўрганмисиз ҳаётингизда?!
Унинг алжираши ва машъум алжираш остидаги бемулоҳаза мулоҳазалар мени баъзи ҳақиқатларни қайта тааммул қилиб кўришга чорлади:
У бадбахт умрида Форобийнинг бир дона китобини ушлаб кўрганми? Ўқиганми демайман, ўқимагани аниқ ва буни юқорида тушуниб етдингиз. Лоақал ушлаб кўрганми? Муқавасига кўзи тушганми ҳеч бўлмаса? Модомики Форобий асарларидан мутлақо бехабар экан, ўйлаб кўринг, бу даҳрийлар асли ҳеч китоб ўқимай, энг паст савияда ботиб қолгани ҳолда нега бунча ўзларини доно кўрсатиб ақллилик қилаверади?
Ундан ҳам кулгилиси, ўша мақола деб лақабланмиш бир уюм алжирашни кўплаб ўзбеклар олқишлаган, қандай ҳам чуқур мулоҳазали ўйлар деган бириси. Ҳақ гаплар деган бошқаси. Ўнлаб туппа – тузук кўринишли одамлар алжираш соҳибаси “ақли”га қойил қолганини таъкидлаган.
Нега?! Нега бизнинг содда, кўп нарсани тушунмаслигини ўзи яхши биладиган оломон диндорларни шунчалик аҳмоқ, даҳрийларни бунчалик ақлли деб ўйлайди? Ҳар қандай “ўғит”нинг унга қўнадиган пашшалари бўлади, бундан таажжубланмайман. Бироқ, пашшанинг кўплигига ачинаман.
Яна бир ўйлаганим, бу Форобийни даҳрий деб ўйларкан ва унга эргашар экан, энди Форобийни ўқиб, даҳрий эмас, мусулмон олими бўлганини англаб етса, ҳалиям унга эргашармикан?
Ўзбек даҳрийлардан-ку мен қўлимни ювганман. Улар одам бўлмайди. Ғарбда насронийликнинг абгор ҳолати оқилларни даҳрий қилган бўлса, бизда аҳмоқлар ўша Ғарб даҳрийларига кўр-кўрона эргашаётган “monkey see monkey do” табиатидаги аҳмоқлар холос.
Бироқ мен бечора пашшаларга ачинаман. Ўша мақолани олқишлаб, ўзлари англамаган ҳолда диндан чиқиб, хотинлари талоқ бўлиб (никоҳлари бузилиб), Охиратлари куйиб кетаётган эси паст оломонга ачинаман.
Эй бечоралар, исломга қарши нарсага ачиган калланг мойил бўлибди, ҳеч бўлмаса олқишлаётганингни текшириб кўрмайсанми? Охиратингни, иймонингни 5-10 дақиқалик изланиш билан хатолигини аниқлайдиганинг сафсатага алмаштирасанми?!
Хуллас, яхшилар, шундай пашшалардан танишлар бўлса, айтайлик, нимага қўнаётганларига боқсинлар, сал савияни оширсинлар.
Маҳмуд Усмон