Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Даҳрий дўстим билан баҳс (19-қисм)

1755

Энди дўстим шундай дейишга тушди:

– Менга қара, агар айтаётганингиздай сизларда жаннат бўлса, унга биринчи бўлиб мен кирсам керак. Чунки соқол қўйиб, тасбиҳ ўгириб, динор бўлиб юрган кўпгина одамларга қараганда мен диндорроқман!

– Диндорроқ? Бу билан нима демоқчисан?

– Мен шундай демоқчиман, ҳеч кимга ёмонлик қилмайман – ўғрилик қилмайман, одам ўлдирмайман, пора олмайман, ҳеч кимга душманлигим йўқ, хасадчи эмасман, кўпчиликнинг фароғати учун қайғураман, соф виждон билан уйқуна кетиб уйғотаман. «Ялпи роҳат-фароғат яратиш» - ҳаётимнинг шиори!

Ахир сизлар дин – одамлар ўртасидаги яхши муносабатлардир, дейсизлар-ку! 

– Сен айтган нарсаларнинг бошқа номи ҳам бор – ахлоқ, одоб деган. Булар – иймоннинг талаблари холос, лекин иймон ҳам, дин ҳам эмас. Сен иймон талабларини иймоннинг ўзи деб тушунибсан. Иймоннинг шарти фақат битта нарсада – Аллоҳни танишда! Бунинг учун сен Роббингни чин эътиқод билан танишинг, сен билан Холиқинг ўртасида чамбарчас муносабатлар бўлиши керак. Сен Аллоҳни Буюк, кечиргувчи, Зул-жалолу вал икром, Кўрувчи, Эшитгувчи сифатлари билан танишинг, унга таслим бўлишинг, ўз хожаси ҳузурида турган қул янглиғ бандаликни бажо келтиришинг, ҳар бир ишда Унга содиқ қолишинг керак. Сен билан Парвардигоринг ўртасидаги ана шу муносабатлар иймон бўлади. 

Сенинг биродарларинг билан яхши муносабатларинг ҳам иймон талаби ва аслида сен билан Парардигоринг ўртасидаги муносабатлар ҳамдир. Фақат олдиндан Аллоҳни таниганингдан сўнггина шундай бўлади. Аллоҳни севган У яратган барча нарсаларни ҳам севади ва уларга яхши муносабатда бўлади. Агар сен одамлар билан муносабат ила чекланиб қолсанг, бу дунёдан бошқа ҳеч нарсани кўрмасанг ва тан олмасанг, унда ҳар қанча тушунсанг ҳам сен аниқ иймонсизсан. 

Сенинг одамлар билан яхши муносабатинг ақл-идрокинг, сиёсатинг ва оқил тафаккуринг борлигини билдириб туради, аммо ҳеч қачон иймонинг борлиги далолати эмас. Сен одамлардан ўз манфаатинг йўлида фойдаланмоқчи бўляпсан ва сенинг бу қилиғинг – дунё ҳаётидан фойдаланиш учун восита холос, шунинг ўзиёқ иймонсизликнинг олий даражаси.

 – Ишон, гоҳо ҳис этаманки... ўша ерда... атрофимизда... қандайдир куч бор... – талмовсираб деди дўстим.

– Куч?

– Ҳа, коинотни қуршаб турган қандайдир... номаълум куч. Ишончим комилки, шундай куч бор...

– Бу кучни қандай тасаввур қиласан? У эшитади, кўради, ўйлайди, яратган нарсаларини кузатади, асрайди, тасарруф этади, бизга китоблар, пайғамбарлар юборади, уларнинг илтижо-илтимосларига қулоқ соладиган куч эканини тасаввур қила оласанми? 

– Буни оқлай олмаслигим ҳам, унга ишонмаслигим ҳам ва уни бундай тасаввур этолмаслигим ҳам аниқ-ку! Бунинг устимга мен уни содда, улуғворликка мувофиқ бўлмаган ҳолда кўраман.

– Демак, бу ҳолда у бутун коинотни гўёки эрмак учун бошқараётган, хўжайини ҳам йўқ, ожиз электромагнитли куч экан-да! Бу – сенинг Буюк кучга берган таърифингми?

– Эҳтимол...

– Унда Парвардигорингни яхши тасаввур этолмас экансан. У сенга кўз бериб қўйибди, сен эса Уни ожиз деб ўйлайсан. У сенга ақл-идрок бериб қўйибди, сен эса Уни уқувсиз деб тасаввур этасан. Сен юксак ахлоқли одам бўлсанг ҳам ғирт худосизсан. Қиёмат куни, ҳисоб-китоб куни сенинг барча эзгу ишларинг изсиз ғойиб бўлади, қул бўлиб сочилиб кетади. 

– Бу – шафқатсизлик эмасми?

– Бу – адолатли иш! Ҳамма нарсани гўё ўзича, сени туғри йўлга чиқариб қўйган ташкилотчининг иштироксиз содир бўлган деб тасаввур қилибсан. Ҳаммаси ўз ҳолатича, сени ҳаётнинг ёрқин йўлига йўллаб қўйган мураббий, йўлдошчи – раҳбарнинг қатнашувисиз руёбга чиққан деб ўйлабсан. Сен ўз Яратгувчингга нисбатан адолатсизлик қиляпсан, Унинг Ўзини, Унинг неъматларини инкор этяпсан. Мана шуларнинг ўзи ташқаридан бирдай хушахлоқ бўлиб кўринса ҳам иймонли одам ва иймонсиз-динсиз кимса ахлоқи ўртасидаги фарқдир. Агар уларнинг иккови ҳам биттадан шифохона қурса, иймонсиз – динсиз одам: «Бу катта шифохонани одамлар учун қуриб қўйдим», дейди. Иймонли киши эса: «Мана шу шифохонанинг қурилишига сабабчи бўлиш бахтига мани муяссар қилгани учун Аллоҳга ҳамд ва шукроналар бўлсин!» дейди.

Уларнинг сўзларида қанчалик катта фарқ бор! Иккинчи одам барча шон-шарафларни шараф Эгасига тўлалигича йўллади, бундан ўзига оддий воситачиликдан бошқа ҳеч нарса қолдирмади. Ҳатто бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар айтди: «Парвардигорим, ана шу ишга мени сабабчи, воситачи қилиб қўйганинг учун ҳамд-мақтовларим сенга бўлсин!» Ғурур билан итоат, кибрланиш билан тавозеҳ, зўравонлик билан мўминлик ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Шунинг учун сизларнинг барча яхши ишларингиз намоз ва ибодатларсиз юқоридаги ожиз электромагнит кучларига сиғинишингиз олдида йўқ бўлиб кетади. 

– Сизлар нима учун ва кимга ибодат қиласиз? Сизларнинг ибодатингизга ҳеч қандай эҳтиёж сезмаяпман. Бу ётиб-туришларнинг нима кераги бор, нима учун оғзаки итоат қилиб қўя қолмайсизлар? 

– Ибодатларнинг ҳикмати ёки унинг мақсади – таъзим ва сажда воситасида «Улуғ Роббимни тилим ва дилим билан поклайман» деган сўзлар билан ўзимиздаги сохта ғурур, ҳавои нафсни чилпарчин қилишдир. Ниҳоят сен Аллоҳ ҳузуридаги ўрнингни белгилаб олдинг – сен жуда ҳоксорсан. У – юксакликда, сен ердаги бир заррасан, У – еру осмонларнинг, коинот ва галактикаларнинг Эгасидир! Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: «Одамлар «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!» (Анкабут сураси, 2-оят).

Унда ибодатдаги ётиб-туришларнинг нима кераги бор, нега қалбимизнинг итоат қилиши билан чекланиб қўяқолмаймиз? Энди ўз навбатида сендан сўрамоқчиман: тананг умуман нега яратилган? Нега оғзаки муҳаббат билан кифояланиб қўяқолмай, қучоқлашиш ва ўпишишни хоҳлаяпсан? Нега оғзаки сахийлик билан кифояланмаяпсан, қалбингни ва мол-мулкингни қурбон-эҳсон қилишга тўғри келяпти? Қалбингда нелар кечаётганини кўрсатишинг учун Аллоҳ сенга танангни яратиб берган! Қалбингда нима бўлса, ташқарига чиқади. Агар итоатнинг ҳақиқий бўлса, бу намозда рукуҳ ва сажда қилишинг билан намоён бўлади, ясама бўлса – оғизда вайсашдан нарига ўтмайсан.

– Жаннатга тушишингга ишончинг комили? – сўради дўстим. 

– Олдин ҳаммамиз дўзахга борамиз. Тақводорларни кейин Аллоҳ жазодан кутқаради. Қутула оладими – йўқми, ҳеч ким билмайди. Буни фақат қалбларни Билгувчигина била олади. Афсуски, менинг амалларим ҳам бари солиҳ амаллар дея олмайман. Амалларим баъзида тўғри, ният эса бузилган, гоҳида эса ниятларим холис, самимийлик соф эмас. Бирортамиз бирон ишни қиламизу бу – солиҳ амал, Аллоҳ йўлидаги иш, деб ўйлаймиз, аслида эса – шон-шуҳрат учун, дунё ҳаёти лаззатлари учун ёки одамлр орасида фахрланиш учун чиқиб қолади. Буни тушунмаганимиз туфайли кўп ишлар бизни адаштириб қўяди, ёлғон-алдовлар, хомхаёллар, сохта хотиржамлик алдаб қўяди. Аллоҳ тафаккур-ақл соғломлигини талаб қилади. 

– Инсон бегуноҳ бўла оладими?

– Инсон буни ўзича қила олмайди. Ҳақиқатан қалбларни тозаловчи Аллоҳнинг ўзидир! Шунинг учун Қуръонда «мухласина» деган сўз кўп учрайди, бунинг маъноси «тозаланган», «покланган»дир. У «мухлисина» деган сўзнинг (маъноси «софдиллар») ўрнида ишлатилади. Лекин Аллоҳ таоло: «Ўзига ибодат қилиб, Ўзидан мадад сўраганларни тўғри йўлга йўллашини» ваъда қилган. Ақлини топиб, фақат Унинг ўзидан сўраганларга ва Ўзигагина ибодат қилганларга У албатта Ҳақ йўлни кўрсатажак!   

(давоми бор)

Рус тилидан Аҳмад МУҲАММАД таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Даҳрий Исломни қабул қилиши мумкинми?

1652 19:35 19.08.2022

Даҳрийликнинг дардлари

2254 21:05 25.06.2022

Қозоғистон даҳрийларнинг ҳуқуқлари ҳақида қайғуряпти

2972 15:25 07.09.2021

“Сени чўкишдан қутқарган - Аллоҳдир!”

3270 22:00 09.02.2021

Форобий, маймунлар ва пашшалар

7247 00:08 15.01.2021

Шайх Али Тантовий даҳрийни қандай мот қилди?

7908 17:20 27.08.2020
« Орқага