Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Даҳрий дўстим билан баҳс (14-қисм)

1556

Дўстим яна савол беришни бошлаб юборди:

– Сен Қуръонда хилофлик, зиддият йўқ дейсану, лекин мана бу оятлардаги сўзларга нима дейсан:
Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин» (Каҳф сураси, 29-оят). Кейинги оят эса бунинг аксинча: «Сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина (У Зот томонга йўл тутишни) хоҳларсизлар» (Инсон сураси, 30-оят).

Кейин Қуръони карим гуноҳкорларнинг ҳисоб-китобга тутилиши ҳақида шундай дейди: «Уларнинг бу «гувоҳ»ликлари албатта (номаи аҳмолларига) ёзилур ва улар (қиёмат кунида) сўроққа тутилурлар!» (Зуҳруф сураси, 19-оят). «Албатта, у (Қуръон) сиз учун ҳам, қавмингиз-умматингиз учун ҳам бир шарифдир ва яқинда (бу ҳақда) сўралурсизлар» (Зуҳруф сураси, 44-оят). Бошқа жойда эса Қуръон бундай деган: «У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам» (Қасас сураси, 78-оят).Кейин эса улар юзларидан таниб олинади дейди: «Жиноятчи – осий кимсалар, юз-белгиларидан танилиб, пешона ва оёқларидан олинурлар» (Раҳмон сураси, 41-оят).

Бошқа бир жойда осий бандаларни ҳеч ким боғламаслиги ҳақида сўз боради: «Ва У Зотнинг боғлаши каби (ҳеч ким) боғлай олмас!» (Вал-фажр сураси, 26-оят). Кейин ҳар ким ўзини ўзи жазолайди, деган маънода: «Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Ал-Исро сураси, 14-оят), деган оят келади. Бошқа жойда эса бундай дейилган: «Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар» (Ал-Ҳааққа сураси, 32-оят).
Мен унга шундай дедим:

– Сен келтириб ўтган нарсалар хилоф, зиддият эмас. Кел, Қуръоннинг «хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин», деган оятиннинг маъносини ўйлаб кўрайлик. Бу банданинг эркинлиги ва унинг ихтиёрини кўрсатиб берган очиқ оятдир. Лекин бу эркинликни биз Аллоҳдан зўрлик билан ололмаймиз, буни У бизга Ўз иродасига кўра берган. Аллоҳнинг иродаси ҳақидаги бошқа оят ҳам бор: «Сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтидагина (У Зот томонга йўл тутишни) хоҳларсизлар». Яҳни банданинг эркинлиги Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига кўра бўлади ва у Аллоҳнинг иродасига қарши беролмайди. Бунинг маъноси шуки, банданинг эркинлиги Аллоҳнинг розилигига зид бўлиши мумкин,  яҳни у ё гуноҳкор бўлиши ёки иймонли бўлиши мумкин, аммо унинг эркинлиги ҳеч қачон Аллоҳнинг иродасига зид бўлолмайди. Барча гуноҳлар ва бошқа нарсалар Аллоҳнинг розилигига зид бўлса ҳам, Унинг хоҳиш-иродаси ҳукмидадир. Бу жуда мураккаб масала. Биз бу ҳақда аввалроқ ҳам айтиб ўтгандик. Сен айтаётган хилофлар эса амалда ана шу сирларни очишга хизмат қилади. Масалан, ҳисоб-китоб ҳақидаги хилофлар турли тоифадаги гуноҳкорлар ҳақида келган. Қиёмат куни у ерда ҳисоб қилинадиган гуноҳкорлар ҳам бор. Яна баъзиларининг гуноҳи шунақанги кўпки, ҳатто бу уларнинг юзида ҳам кўриниб туради ва уларни сиймосидан билиб олинади, уларни пешонаси ва оёқларидан тутиб дўзах қаҳрига отишади. У ерда гуноҳларини тан олмайдиганлар ҳам бўлади, уларнинг қўл ва оёқлари эгаларининг қилмишларига гуноҳлик беришади: «Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур» (Ёсин сураси, 65-оят).

У ерда шунингдеу тавба-тазаррулар билан ўзларини ҳисоб-китоб қилиб жазолайдиганлар бўлади, улар ғам-аламларга ғарқ бўлибизтироб чекишади, ана шулар боғланмайдиган осийлардир.

У ерда золим-мустабидлар ҳам бўладики, улар Қиёмат кунида Аллоҳ таоло ҳузурида туриб ҳам ёлғон-яшиқ гапирадилар, ёлғонларига қасам ичадилар: «У кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, улар худди сизларга қасам ичаётганларидек, У Зотга ҳам қасам ичурлар ва ўзларини бирон (фойди) устида деб ҳисобларлар. Огоҳ бўлингизким, албатта улар ғирт ёлғончи кимсалардир» (Мужодала сураси, 18-оят). Ана шулар юзтубан ётқизилиб, занжирбанд қилинурлар. Имом Абу Ҳомид ал-Ғаззолийнинг тушунтиришларича, бу занжирлар – улар ўзларини оқлаш учун келтирадиган сабаб-баҳоналар занжири экан.

– Хўп, шундай экан, энди Қуръондаги илоҳи билим тўғрисидаги мана бу оятга нима дейсан: «У (Ўзи хоҳлаган вақтда ва Ўзи хоҳлаган жойга) ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини билур. Бирон жон эртага нима иш қилишни била олмас. Бирон жон қаерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билгувчи ва огоҳдир» (Луқмон сураси, 34-оят). Қуръон айтяптики, бу билимларни фақат Аллоҳ билади ва Ундан ўзга ҳеч ким буларни билолмайди. Чунки, «Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анҳом сураси, 59-оят). Аммо замонавий тиббиёт она бачадонидаги ҳомиланинг ўғил-қизлигини айтиб беряпти-ку?! Олимлар сунҳий йўл билан ёмғир ёғдиришяпти-ку?! Бунга нима дея оласан? – сўради дўстим.

– Лекин Қуръонда оддий ёмғир ҳақида эмас, балки ўзининг кимёвий таркиби билан ҳосилдорликни оширадиган, ерни намга тўйдирадиган, инсонларга, ҳайвонот-набототга ризқ-рўз, раҳматбўлиб ёғиладиган ва қурғоқчиликнинг ҳосилдорликка таъсирини ўзгартирадиган мўл-кўл ёмғир ҳақида сўз бормоқда. Олимлар ўйлаб топган ёмғир эса бу чин ёмғир эмас, ерга ҳеч қандай фойда келтирмай, уни шунчаки намлаб қўядиган оддий сувдир. Қуръонда зикр этилган ёмғирни бирорта олим ҳам бизга осмондан тушириб беролмайди.

Она бачадонидаги ҳомила тўғрисида Аллоҳнинг билимлари ҳам – ана шу жинсий ҳар томонлама билиб беришдир. Бу бола туғилса ким бўлади, дунёга келгандан сўнг бу оламда нима ишлар қилади, қандай ушаб ўтади – ана шулар ҳақидаги Аллоҳнинг илмларидир. Буни бирорта ҳам олим айтиб беролмайди, тиббиётнинг билганлари ҳам ҳамиша тўғри чиқавермайди.

– Хўп, еру осмонни ўзига сиғдирган Аллоҳнинг Арши-чи? Саккизта фаришта кўтариб турган Курси (тахт) ҳақида нима дея оласан?

– Мана еру осмон сенинг каллангга сиғяпти, тўғрими? Уларга солиштирганда Сен бир заррасан, ҳеч нарса эмассан. Шундай бўлгач ҳамма нарсадан буюк Аллоҳ таоло нега уларни сиғдира олмасин? Ер, қуёш, катта ва кичик юлдузлар, сайёралар - бари. Аллоҳнинг коинотдаги қудрати туфайли турибди.

Шундай бўлгач, у ерда Аллоҳнинг Арши ҳам турса, бунинг нимаси таажжубланарли?

– Аллоҳнинг Арши ва Курсиси нима ўзи?

– Менга электрон нималигини тушунтириб бер, мен сенга Аршнинг нима эканини айтиб бераман. Электр нима деганини айтиб бер, мен сенга тахтни тушунтириб бераман. Сен менга ернинг тортилишини ва вақт нималигини айтиб бер-чи! Сен аслида ҳеч нарсани билмайсану яна мендан Арш ва Курси ҳақида сўрайсан. Бу олам сирларга тўла ва булар ҳам ўшаларнинг биридир.

– Бошқа чумолиларни Сулаймон алайҳиссалом ва унинг лашкарлари келаётганидан огоҳлантирган чумоли ҳақида нима дейсан: «Бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолда сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди.» (Намл сураси, 18-оят).

– Агар сен ҳашаротлар ҳақида ўқиб, уларнинг табиатидан воқиф бўлганингда бу саволларни бериб ўтирмасдинг. Ҳашоратлар ҳақидаги фан чумоли ва асалариларнинг ўзига хос тили ҳақида мукаммал билимлар билан тўлиб-тошган. Ҳақиқатан ҳам чумолилар ўзаро «гаплашишини» фан аллақачон исботлаган.

Агар бу чумолиларда бир-бирини тушунадиган тил бўлмаганда юз минглаб ҳашорат тўпланган жойида вазифаларни тақсимлаш, қаттиқ интизоқ ва тартиб ўрнатиш, бир-бирларига фармойиш бериш мумкин бўлмасди. Инсон Аллоҳни таниганидай чумолилар Сулаймон алайҳиссаломни таниганларининг нимаси таажжубланарли?

– Аллоҳ тақдир лавҳида ёзилган нарсани қандай кузатади? Қуръон оятида: «Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани (хукмини) учирур ва устизор қилур. Асл китоб Унинг даргоҳидадир» (Раҳд сураси, 39-оят), дейилган. Наҳотки Парвардигорингиз ҳисоб-китобда адашиб, тузатиш, ўчириш, аслида қолдиришига мажбур бўлса? У ҳам бизлар каби бирор нарсани яхшироқ қилиш ҳақида ўйлайдими?

– Аллоҳ таоло бандасига яхши нарсани кўрсатиб қўйиш билан ёмон нарсани тузатади. У Ўз китобида шундай деган: «Албатта яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур» (Ҳуд сураси, 114-оят). Аллоҳ Ўз бандаларининг гуноҳдан тозаланишлари ҳақида шундай дейди: «... уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўким адо этишни ва закотни адо этишни ваҳий қилдик» (Анабиё сураси, 73-оят). Мана шундай йўл билан Аллоҳ ҳеч нарсани ўчирмасдан тузатади ва сен эслатган оятнинг сири ҳам шунда!

– Сен Қуръони каримнинг мана бу ояти мазмуни қандай тушунасан: «Мен жин инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зориёт сураси, 56-оят). Нима, Аллоҳ бизнинг ибодат қилишимизга муҳтожми? 

– Йўқ, Аллоҳ таоло бизнинг ибодатимизга муҳтож эмас, лекин биз Унга ибодат қилишга муҳтожмиз!

Мана сен севиб қолган аёлингни мажбурлик билан кўнглини овлайсанми? Йўқ, сен уни кўрганда эс-ҳушингдан айриласан, унинг кўрку-латофатига қойил қоласан, сенинг фикр-ёдинг, қалбинг ҳамиша у билан бўлиб қолади. Аллоҳни севиш ва унга ибодат қилиш ҳам худди шу туйҳу кабидир. Чунки Аллоҳ ҳамма гўзаллардан ҳам гўзалдир! Агар сен Унинг шон-шавкатини, гўзаллигини, Унинг бемисл қудратини англаб етсанг, сен ҳам Унга сажда қилган ва бундан улкан бахт-саодат лаззатларнинг олий чўққисини топган бўлардинг! 

Аллоҳга сажда қилиш Уни чинакамига танигандан сўнггина бошланади. Аллоҳга тафаккур билан топинилади. Аллоҳни ўрганиш – барча билимларнинг чўққиси ва ўрганиш томон қилинган олис саёҳатнинг сўнгги манзилидир. Бу эса инсон туғилганидан бошланади. Боланинг энг аввал танигани онасининг кўкраги, у – боланинг биринчи лаззат – оромидир. Кейин у онасини, отасини, қариндошларини, жамиятни ва атроф-муҳитни ўрганади. Сўнгра у ана шу атрофидаги нарсалардан фойдалана бошлайди. Бу – энди унга фойда-бойлик ва лаззатлар берадиган бошқа катта «кўкрак»дир. У ердан олтин, денгиздан марварид топади, ҳосин йиғиб олади – булар ўрганиш соҳасидаги саёҳатнинг иккинчи лаззати. Инсон боласи ўзини ва атрофидагиларни ўрганиб бўлганидан кейин фазога чиқиш ва Ойга қадам босиш учун ер ташқарисини ўрганишга киришади. Номаълумликларни ўрганиш ва янада кўпроқ лаззат-қониқиш олиш – коинотни билиш лаззатини олиш учун олис сайёраларга фазо кемаларини юборади.

Кейин эса «Мен кимманки, буларнинг ҳаммасини билиб олдим?» дея ўзидан сўраш учун яна ўрганишни бошлаб юборади. Ва у ўзини, ўз моҳиятини ва имкониятларини ўрганиш учун янги саёҳатини бошлайди. Ўз танасини, унинг кучи ва эпчиллигини англаш, бу тана ва унинг имкониятларидан фойдаланишни билиш ва уларни ўзига ҳамда бошқаларга фойда келтиришда қўллашга йўналтириш – буларнинг бари бошқача лаззат бўлади. Инсон ўзини таниб-ўрганиб бўлганидан кейин ана шу ўзини яратган Ҳолиқини таниш – ўрганиўнинг олий чўққиси бўлади. Ана шу сўнгги билими билан инсон бахт-саодат чўққисини забт этади, чунки у комилликнинг олий нуқтасига, бахтнинг энг гўзал мақомига етиб борди. Бу банданинг сиғиниш-саждага саёҳатининг бошланишдир. Агар ҳаётда мушкулликларга дуч келса, бу гул узган одамга тикон киришидай гап. Жон чекмасанг, жонона қайда дейишади, абадийлик чўққисини эгалламоқчи бўлган одам унга осонликча етиб бормайди. Аммо банданинг ўз Холиқини таниши унинг кўзидаги пардаларни олиб ташлайди. Илмнинг, билишнинг, англашнинг маҳобати қандай гўзалдир!

Жулдур жанда кийган сўфийлар шундай дейишаркан: «Биз шунчалик ором-фароғатдамизки, агар буни хукмдорлар англаб етганларида ҳақиқатан бу жандаларга эга бўлиш учун бизга уруш очган бўлишарди.» Бу ҳақиқатан Буюк Тангрига сиғиниш, ибодат лаззатидир. Аммо Аллоҳ бизнинг ибодатларга муҳтож эмас, Унга ибодат қиладиганлар етарли. Биз Унга амр-фармон туфайли эмас, балки Унинг қудрати, улуғлиги ва шавкатини англаб етганимиз учун ибодат қилиб сиғинамиз. Унга хўрланиш ҳам йўқ, аксинча бунда биз ўз-ўзимизни озод этишин ва олийжанобликни кўрамиз. Бу – дунё ҳаётининг қуллигидан, ҳавойи нафс, ҳирс ва бойишга бўлган интилиш қуллигидан халос бўлишдир. Биз Аллоҳдан қўрқамиз ва Ундан кўра кўпроқ қўрқиладиган ҳеч нарса йўқ. Агар камдандир Аллоҳдан кўра кўпроқ қурқсак, биз Унга шерик қилган ва ширк келтирган бўламиз. Аллоҳ бизни кимнингники бўлмасин, ҳар қандай жазодан кутқара олади, аммо ҳанузгача ер юзида Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беришдан кутқариб қолишга бўлган бирорта зот туғилган йўқ. Бу чин ҳақиқатдир!

Аллоҳдан қурқиш – қаҳрамонлик. Унга сиғиниш ва итоат қилиш – халос бўлиш. Аллоҳ олдида ўзингни паст, хоксор тутиш – олийжаноблик. Уни тўла англаб етиш – бу сиғиниш ва ибодатдир. Биз ўзига манфаат, фойда, қувонч излайдиган маҳлуқларимиз, Аллоҳ эса ҳеч нарсага муҳтож эмас! Ҳақиқатдан Аллоҳ биздан бирор нарса олиш учун эмас, балки Ўз бойлигидан баҳраманд этиш учун бизларни яратган. У бизни Ўз комиллигидан кийинтириш учун яратган. У Эшитгувчи, Кўргувчидир – бизга эшитиш ва кўриниш ато этган. У ҳамма нарсани Билгувчи, Ҳикмат эгасидир – билимларимизни бойтишимиз учун бизга ақл-идроқ берган. Биз Унинг қудратини ҳис этишимиз учун бизга ҳис-туйғуларни берган.

Шундай экан, бизнинг Аллоҳга банда-қул эканимиз тасаввуримиздаги қулчиликнинг тамоман аксидир. Бизнинг тушунчамиздаги қулчиликда хожамиз биздан иложи борича фойдаланишга ҳаракат қилади. Аллоҳга қул, банда бўлишда эса – бунда Хожамиз ва Холиқимиз Ўз сахийлиги билан ризқни беҳисоб, мўл-кўл беради, барча  ноз-неъмат ва бойликларидан баҳраманд этади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зориёт сураси, 56-оят), деди.

Бу оятнинг ҳақиқий аҳамияти ва маъноси шуки, Аллоҳ одамларни ва жинларни фақат уларга муҳаббатни ҳам, яхшиликларни ҳам, роҳат-фароғатни ато этиш, уларга бандалик кийимларни кийгизиб, ерюзида Ўзининг халифаси қилиш учун яратган.

Аллоҳ бизнинг ибодатларимизга, сиғинишимизга муҳтож эмас. Аксинча бизлар Унга сиғинишга, Унинг сахийлигига, Унинг беҳисоб ризқ-неъматларига муҳтожмиз. Зеро Аллоҳ жуда сахийдир. У бизларга хоҳлаган пайтимизда ҳеч қандай олдиндан огоҳлантиришларсиз Унинг ҳузурига киришимизга, хоҳлаганимизча Унинг ҳузурида туришимизга ижозат қўйган. Биз Ундан илтижо қилиб сўраймиз. У билан хоҳлаган нарсамиз ҳақида гаплашамиз. Жойнамозни ерга солиб, «Аллоҳу акбар» дея намозга киришган заҳотимиз Унинг ҳузурида бўламиз ва нимани хоҳласак, Ундан шуни сўраймиз.

Биз ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ҳузурига кира оладиган ва Унинг хузурида хоҳлаганимизча кийиниб тура оладиган бундай Хожани яна қаердан топишимиз мумкин?

Муҳаммад Абу Солиҳ узининг ажойиб шеҳрида шундай деб ёзганди:

Менга бандаликнинг ўзи кифоя,
Тангрим ҳузурида ҳоксор тураман.
У шундайин буюк, қудратли, аммо – 
Хоҳлаган пайтимда Уни кўраман.

Юқоридаги гапларим «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» деган оятнинг сенда гумон туғдирган яширин маъноларини очиб беради. Агар бу маъно ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритсанг, сенда лол қолиш ва ҳайратдан ўзга ҳеч нарса пайдо бўлмасди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Даҳрий Исломни қабул қилиши мумкинми?

1652 19:35 19.08.2022

Даҳрийликнинг дардлари

2254 21:05 25.06.2022

Қозоғистон даҳрийларнинг ҳуқуқлари ҳақида қайғуряпти

2972 15:25 07.09.2021

“Сени чўкишдан қутқарган - Аллоҳдир!”

3270 22:00 09.02.2021

Форобий, маймунлар ва пашшалар

7247 00:08 15.01.2021

Шайх Али Тантовий даҳрийни қандай мот қилди?

7908 17:20 27.08.2020
« Орқага