Шундай ҳолатни Қуръоннинг 16 жойида «эшитиш», «кўриш»дан аввал келганида ҳам кўрамиз:
«... сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди» (Наҳл сураси, 78-оят).
«Улар Бизга келадиган кунда қандай ҳам яхши эшитадилар, қандай ҳам яхши кўрадилар» (Марям сураси, 38-оят).
«Чунки қулоқ, кўз, дил – бўларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масҳул бўлур» (Ал-Исро сураси, 36-оят).
«... аммо қулоқларингиз, кўзларингиз ва териларингиз ўзларингизга қарши гувоҳлик беришидан яширингувчи эмас эдинглар» (Фуссилат сураси, 22-оят).
«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шўро сураси, 11-оят).
Ҳамиша эшитиш кўришдан олдин келган ва биринчи бўлиб ҳаракатга кирган. Қулоқ кўзга қараганда ўткир, тезкор, ғўла мукаммал эканига шубҳа йўқ. Биз жинларни эшитамиз, аммо уларни кўрмаймиз. Пайғамбарлар Аллоҳни эшитишган. У билан сўзлашишган, аммо Ўзини кўришмаган. Муҳаммад алайҳиссало Қуръони эшитиб ёдлаганлар. Она ўз фарзандларини кўплаб болалар ичидан овозига қараб топиб олади, лекин болалар ичидаги фарзандини юзидан дарров таний олмайди. Эшитиш қобилияти ҳатто уйқуда ҳам тиниқлигича қолиб, одамга хизмат қилади. Кимки қулоқ ва кўзнинг тузилишини ўрганган бўлса, бу жиҳатдан қулоқнинг кўзга қараганда нозикроқ, майинроқ, сезгирроқ эканини кўради.
Ёки Қуръон оятларида «мол-дунё» сўзи ҳамиша «болалар»дан олдин келиши ҳам шунга ўхшайди:
«У кунда на моду давлат ва на бола-чақа фойда бермас. МагарАллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуаро сураси, 88-89-оятлари).
«Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна-имтиҳондир, холос» (Тағобун сураси, 15-оят).
«Куфр йўлини тутган кимсаларни на моллари ва на болалари Аллоҳ томонидан бўладиган (азобдан) қутқара олмайди. Ана ўшаларжаҳаннам эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар» (Оли-Имрон сураси, 116-оят).
«Улар Биз уларга бераётган мол-давлат ва болаларни ўзлари учун яхшиликларни тезлатишимиз деб уйлайдиларми? Йўқ, улар сезмайдилар» (Мўминлар сураси, 55-56-оятлари).
«Бас, сизни уларнинг молу-дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар туфайли ҳаёти дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида жонлари чиқишини истайди, холос» (Тавба сураси, 55-оят).
«Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзанларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғиргаўхшарки, унинг (ёғиши униб чиққан) ўт-ўлани кофирларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр)». (Ҳадид сураси, 20-оят).
Бундай мисоллар жуда кўп. Бунинг сири шундаки, айрим одамлар фарзанларига қараганда мол-дунёларини кўпроқ қадрлайдилар.
Юқоридагидай сирлар гапларни грамматик қурилишига ҳам яширинган:
«Агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар, дарҳол (икковининг) ўртасини ўнглаб қўйинглар» (Ҳужурот сураси, 9-оят).
Оятда биринчи бўлиб «икки тоифа»га мурожаат қилинди, кейин «урушиб қолсалар» деб кўпликка ўтилади, сўнгра яна иккиликка ўтилади: «(икковининг) ўртасини ўнглаб қўйинглар». Гап шундаки, икки гуруҳ олишувга киришса, урушаётган қўллар сонига қараб қўпчиликка айланади, шунинг учун бу оятда кўплик маъносида келган. Сулҳ тузилганидан кейин ҳар икки томон ўз тарафига тарқалади ва улар яна икки гуруҳга айланади. Аввал иккиликка, кейин кўпчиликка, сўнгра яна иккиликка мурожаат этилишнинг сабаби ҳам шунда.
Қуръонда турли кўмакчи ва боғловчилардан фойдаланиш ҳам турлича аҳамиятга эга:
«Ва сиздан нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: (ўзингиздан) ортганини» (Бақара сураси, 219-оят).
«Сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». (Ал-Исро сураси, 85-оят).
«Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: «У (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир» (Бақара сураси, 189-оят).
Юқоридаги оятларда «айтинг» деган сўз иштироқ этади, лекин оятлардан бирида бошқача келган:
«Улар сиздан тоғлар (қиёмат кунида қандай бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, унда айтинг: «Роббим уларни мутлақо совуриб юборажак» (Тоҳа сураси, 105-оят).
Бу ерда «Бас, унда айтинг» дейилган, бунинг сабаби шуки, аввалги оятларда саволлар бериб бўлинганда, тоғлар ҳақидаги савол ҳали берилмаган ва бу Қиёмат кунининг сирларидан бири, шунинг учун ҳам «унда» боғловчиси келган.
«Бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан» (Бақара сураси, 186-оят).
Бу оятда «айтинг» сўзи йўқ, чунки савол Аллоҳ таолонинг Ўзидан чиқяпти ва Ўзига жавоб қайтаришга У муносиб.
«Мен» ва «Биз» олмошларидан фойдаланишда ҳам турли мазмун борлигини кўрамиз. Инсоннинг яратилиши, китоб нозил қилиниши ёки уни асраш каби бир неча илоҳий ҳусусиятлар иштироқи бўлган ҳаракатлар ҳақида сўз борганида Аллоҳ таоло «кўплик» маъносида гапиради:
«Албатта бу эслатмани (яҳни Қуръони) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз Ўзимиз уни сақлагувчимиз» (Ҳижр сураси, 9-оят).
«Сизларни Биз Ўзимиз яратдик-ку! Энди сизлар тасдиқ этмайсизларми?!» (Воқеа сураси, 57-оят).
«Сизлар тўкадиган маний – уруғ ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Уни сизлар яратурмисизлар ёки Биз яратувчимизми?» (Воқеа сураси, 58-59-оятлари).
«Биз уларни яратдик ва аҳзоларини мустаҳкам қилдик ва хоҳлаган вақтимизда ўзларига ўхшаганларни алмаштириб қўюрмиз» (Инсон сураси, 28-оят).
Бу ердаги «Биз» олмоши инсонни яратишдаги бир неча илоҳий хусусиятнинг бирлашувини акс эттиради.
Лекин Аллоҳ билан Унинг бандаларидан бири ўртасидаги суҳбат ҳақида сўз борганида Мусо алайҳиссалом билан бўлгани каби «мен» олмоши келади:
«Дарҳақиқат, Мен – Аллоҳдирман! (Ҳеч қандай) илоҳ йўқ, фақат Мен бордирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўқис адо қил!» (Тоҳа сураси, 14-оят).
Бу ерда Аллоҳ «Мен» деяпти, чунки бу пайтда Аллоҳнинг Ўзи ҳозир бўлган.
Қуръони карим тилининг бу қадар фасоҳатини сабр ҳақидаги икки оятда ҳам кўрамиз:
«Ўзингга етган (балоларга) сабр қил! Албатта мана шу – ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Луқмон сураси, 17-оят).
«Албатта ким (ўзига етган озор-балоларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу иш – ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Шўро сураси, 43-оят).
Биринчи оятда «мана шу – ишларнинг мақсадга мувофиғи» дейилса, иккинчи оятда: «Шак-шубҳасиз, бу иш – ишларнинг мақсадга мувофиғидир», дейилган. Иккинчи оятда фикрнинг кучайтирилишига сабаб, бунда одамлар етказган озор-балоларга сабр қилиш ҳақида сўз бормоқда, бунда озор берувчига жавоб қайтаришга қодир бўлсада, интиқом олмай Аллоҳ учун кечириб юбориб сабр қилиш ҳақиқатан кишидан катта чидам, сабр-қаноат талаб этади. Биринчи оятда эса тақдир, қазои қадарга сабр қилиш ҳақида сўз боради, бундаҳам сабр-қаноат керак, лекин юқоридаги даражада эмас.
Бу каби Қуръон тилининг фасоҳати ва балоғатини Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз Парвардигорини тавсифлаганда кўрамиз: «У мени ўлдирур, сўнгра (қиёмат кунида қайта) тирилтирур». (Шуаро сураси, 81-оят). «Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва қондирур». (Шуаро сураси, 79-оят).
Овқат ҳақида сўз кетганида Иброҳим алайҳиссалом «Ўзи» деган олмошни қўшиб келтиради ва бу билан фақат Аллоҳнинг Ўзи ризқ бергувчи эканини, Унинг бу мақомига ҳеч ким даҳвогар бўлмаслигини таъкидлайди. Биринчи ҳолатда эса маънони кучайтириш йўқ, чунки ҳеч ким бириданига ўлдириб ва тирилтиришга даҳвогарлик қилолмайди.
Қуръон тилининг бундай ўзгарувчанлиги ва латофатини Аллоҳ таолонинг турли одамларга қарата мурожатида ҳам кўрамиз. Масалан, Аллоҳ таоло мусулмонларга қарата шундай дейди: «Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман» (Бақара сураси, 152-оят).
Яҳудийларга мурожаат қилганида Аллоҳ шундай дейди: «Эй бани Исроил, сизларга инҳом қилган неъматимни эсланг» (Бақара сураси, 40-оят).
Яҳудий – манфаатпараст халқ; шунинг учун улар Аллоҳ таолони фақат ўз фойдаларини ўйлаб ёки бирор мақсадга эришиш учун эслайдилар. Мусулмонлар эса Уни чинакам ихлос, иймон, итоат билан эслайдилар, уларнинг илтижоси фақат охират талабида бўлади.
Олимлар ва жоҳилларга қарата қилинган мурожаатда ҳам шу ҳолат мавжуд:
«Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!» (Бақара сураси, 197-оят).
«... У ҳолда одамлар ва тошлар ўтин бўладиган, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг!» (Бақара сураси, 24-оят).
Бу икки оятдаги маъноларнинг фарқи шундаки, кўпгина оми, жоҳил одамлар фақат дўзах оловидан қўрқишади ва Аллоҳ ҳар қандай оловлардан ҳам қудратли эканини тушунмайдилар. Олимлар бўлса буни англаб, Аллоҳнинг Ўзидан кўпроқ қўрқишади. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг ҳар бирига ўзларининг англаш даражасига қараб турлича мурожаат қилган.
Шайтон қуйидаги сўзлар билан қасам ичганди: (Иблис) айтди: « Энди сенинг қудратингга қасамки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман» (Сод сураси, 82-оят). Чунки Аллоҳ таоло бенуқсон ва яратишда беками-кўст бўлгани учун ва шайтон Аллоҳга ҳеч нарса билан зарар етказа олмаслигини билгани учун ҳамда ўзининг бу ҳақда етарли билимга эга эканини билдирмоқ ниятида у Аллоҳнинг қудрати ила қасам ичмоқда. Ким хоҳласа – иймон келтирсин, ким хоҳламаса – йўқ, чунки Аллоҳ бизнинг ибодатларимизга муҳтож эмас. Унинг буюклиги шуни талаб этади. Шунинг учун шайтон Аллоҳ таолонинг қудрати билан қасам ичади.
«У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларни олдиларидан ва ортларидан, ўнгу-сўларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман)» (Аҳроф сураси, 16-17-оятлари). Шайтон гапида дунёнинг тўрт томонини тилга олди, лекин юқори ва пастни эсламади, чунки юқори – Аллоҳнинг қудрати, паст эса – бандаларнинг итоати белгиси. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг қудрати олдида ўзини паст тутган бандаларга шайтон йўл тополмайди.
Кейин шайтон айтадики, Аллоҳнинг тўғри йўли, яҳни солиҳ амаллар йўли, исбот қилинадиган – унинг энг севимли жойлардир. Чунки ибодат қилмайдиган ароқхўрлик, бузуқлик каби ёмон ишлар қилиб, адашиб бўлишган, шунинг учун уларга шайтоннинг ҳам, уларнинг йўлдан уришининг ҳам кераги йўқ.
Бундай одамлардан у ҳеч нарса ўғирлаб олмайди. Шайтон – ақлли ўғри, шунинг учун бўм-бўш уй атрофида ўғирлик қилиб, вақтини бехуда ўтказишни ёқтирмайди.
Қуръонда «кечириш» ҳақидаги сўз «жазолаш»дан аввал келади. Китобнинг биринчи оятидаёқ Аллоҳ «меҳрибон ва раҳмли» сўзларини келтиради, анча кейин эса «Жазо кунининг Эгаси» дейди. У кимни хоҳласа – кечиради, кимни хоҳласа – жазолайди, бу Аллоҳнинг доимий сифатларидир.
Кечириш ҳамиша жазолашдан олдин келди. Фақат икки жойда эса аксинча келган. Ўғриларнинг қўлини кесиш ҳақидаги оятда шундай дейди: «У Ўзи истаган кишисини азоблаб, истаган кишисини мағфират қилишини билмадингизми» (Моида сураси, 40-оят). Бу ерда жазолаш мағфират қилишдан олдин келди, чунки қўлни кесиш – бу дунёда жазолаш усули, шундан кейин у дунёдаги мағфират келади. Шу мазмундаги иккинчи оят Қиёмат Кунидаги ҳолатга тааллуқли. Исо алайҳиссалом Аллоҳга сиғинишни тарк этиб, у пайғамбарнинг ўзига сиғинган насронийлар ҳақида Алоҳ ҳузурида шундай дейди: «Агар уларни азоблансанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида сураси, 118-оят).
Исо алайҳиссалом одоб юзасидан аввал «Сен кечиргувчисан» демаяпти ва жазони кечириш олдидан эслатяпти. Сабаби – насронийлар Аллоҳга сиғинмай улкан гуноҳ қилишган. Қуръон тилининг нозиклиги ва фикрларнинг ажойиблиги яна шунда намоён бўладики, унда келажакдаги воқеалар ўтган замонда тилга олинади. Қиёмат кунидаги воқеалар ҳам ўтган замонда келади: «Сур чалингач, уларнинг барчаларини тўпладик» (Қаҳф сураси, 99-оят). «Ўша кунда осмон ёрилур, чунки у Кунда заиф бўлиб қолур» (Ал-ҳааққа сураси, 16-оят). «Дўзах йўлидан озган кимсаларга кўрсатиб қўйилди» (Шуаро сураси, 91-оят). «Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар» (Каҳф сураси, 48-оят).
Гап шундаки, ҳозиргача бўлган, ҳозирда мавжуд ва келажакда бўладиган ҳамма нарса – Аллоҳнинг шуурида содир бўлиб ўтган. Аллоҳ учун ҳеч қандай сир қолмаган, у барча нарсани билгувчи, ҳикмат эгасидир.
Булар – Қуръоннинг тили нақадар фасоҳатга бойлиги, далилларининг ниҳоятда аниқлиги, жумла ва гаплар қурилишида, сўз танлашда қатъий тартиб борлиги, истиораларнинг ажойиблиги, фикрнинг янгилиги ва тозалиги, услубнинг заргарона нозиклигини исботловчи мисолларнинг бир қисми, холос. Бунақа ҳолатни қадимий китобларда ҳам, янги китобларда ҳам тополмаймиз.
Қуръони каримнинг илмий қарашлари ва коинот ҳақидаги бемисл оятлари ҳақидаги мавзу тўғрисида жуда узоқ гапириш мумкин ва бу ҳақда келгусида тўхталиб ўтамиз. Ваҳорланки, коинот сирлари бизнинг давримизга келибгина очилди. Бу сирлардан Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, у зотнинг замондошлари ҳам мутлақо бехабар бўлишгани Қуръони каримнинг яна бир мўъжизасидир.
(давоми бор)